Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июл куни Остона шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Александр Лукашенко, Эрон президенти вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мухбир, ХХР раиси Си Жинпинг, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, РФ президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, шунингдек, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий акслитеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди, ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари саммит иштирокчиларини қутлар экан, Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги натижаларини юқори баҳолади, шунингдек, Беларусни ташкилотга аъзо бўлгани билан самимий табриклади.
Мамлакат етакчиси ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтаётганини қайд этди.
Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва рақобат ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда.

- Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу нуқтайи назардан, президент "Шанхай руҳи"нинг асосий тамойилларига - ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат, блоклардан холи мақомни сақлаб қолиш, қарорлар қабул қилишда консенсус принципига қатъий амал қилишни давом эттиришга чақирди.
Ўзбекистон президенти бугунги воқеликда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлади. "Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур", деди Шавкат Мирзиёев.











