20:58 / 24.04.2024
5474

Байден Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонунни имзолади

Вашингтон ҳарбий таъминот «яқин соатларда» бошланишини маълум қилди. 

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден Украинага 61 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратишни назарда тутувчи миллий хавфсизлик қонунини имзолади. 

«Бу Америка учун яхши кун, европаликлар учун яхши кун, бутун дунё учун яхши кун – ва бу муҳим», деди Байден брифингда. 

Унинг сўзларига кўра, қонунни имзолаш нафақат Америка, балки бутун дунё хавфсизлигини яхшилайди ва АҚШ иттифоқчиларига ҳаётий ёрдам ва ўзини ҳимоя қилиш имкониятини беради. 

АҚШ президентининг қўшимча қилишича, Вашингтон «яқин соатларда» Киевга ҳарбий ёрдам етказишни бошлайди.  

«Биз Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар, артиллерия ускуналари, ракета тизимлари ва армия жиҳозларини жўнатишни бошлаймиз», деди Байден. 

АҚШ Конгресси ички келишмовчиликлар туфайли 2023 йил кузидан бери миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қила олмаётган эди. Америка чегарасини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмагани учун республикачилар қонун лойиҳасини тасдиқлашдан бош тортиб келаётганди. 

Қонун Украинага қарийб 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам, шунингдек, Исроилга ва Тайванга 26 миллиард долларлик ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. 

2024 йил 20 апрелда қонун лойиҳаси АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан маъқулланди. Тўрт кундан кейин Сенат уни маъқуллади. Байденнинг имзоси қонунни қабул қилиш учун охирги қадам эди.

Top