Жаҳон | 22:09 / 31.05.2024
5054
2 дақиқада ўқилади

Трамп айбдор деб топилгач, сайлов кампанияси 34,8 миллион доллар йиғди

АҚШ собиқ президенти «Сторми Дэниелс иши» бўйича айбдор деб топилганидан кейин ҳомийлик маблағларини йиғиш бўйича кунлик рекорд ўрнатилди.

Фото: Getty Images

АҚШ президентлигига номзод ва собиқ давлат раҳбари Доналд Трамп ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилганидан кейин сайловолди ташвиқот кампанияси қарийб 35 миллион доллар йиғди. Бу ҳақда The Hill хабар берди. 

«Суднинг аҳмоқона қарори эълон қилинганидан кейин Трамп кичик хайриялар орқали 34,8 миллион доллар тўплади», деди унинг сайловолди кампанияси бўйича катта маслаҳатчилари Крис ЛаЧивита ва Сюзи Уайлс. 

Уларнинг таъкидлашича, бир кун ичида кичик хайриялар сони бўйича рекорд ўрнатилган. 

Маслаҳатчилар сайлов кампанияси ҳомийларига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, 5 ноябр куни «америкаликлар ҳақиқий ҳукмни эълон қилишини» айтган. 

АҚШ собиқ президенти порноактриса Сторми Дэниелсга (ҳақиқий исми Стефани Грегори) ўз муносабатларини яшириш учун 130 минг доллар пул тўлагани ва бу тўловни декларацияда юридик хизмат сифатида расмийлаштиргани учун маҳкамага тортилган эди. 30 май куни Трамп барча 34 та айблов бўйича айбдор деб топилди. Энди суд собиқ президентга қандай жазо тайинланишини аниқлаши керак. 

Трамп айбини тан олмаган. У айбловларни «бемаънилик» деб атаб, ўзини сиёсий таъқибга учраганини таъкидлаб келмоқда. 

Америка қонунчилигига кўра, Трампнинг судланиши ва эҳтимолий қамоқ жазосини олиши унга президентлик сайловида иштирок этишга, ҳатто президент сифатида ишлашига тўсқинлик қила олмайди. 

АҚШ президенти сайлови 2024 йил ноябр ойида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид