Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин Киевга Россиядаги нишонларни немис қуроллари билан уришга рухсат берди
Украина халқаро қонунларга кўра, Россия ҳужумларидан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, деди Германия ҳукумати вакили.
ГФР ҳукумати Украинага Германия томонидан етказилган қуроллардан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба йўллаш учун фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда 31 май, жума куни ҳукумат матбуот котиби Штеффен Хебештрайт маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда Украина «хусусан, Харкив вилоятида Россия чегарасига тўғридан тўғри туташ позициялардан» ҳужумларга учраган. «Биз аминмизки, Украина халқаро ҳуқуқ бўйича ўзини бу ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», — деди у.
Оқ уй Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди
АҚШ президенти маъмурияти Жо Байденнинг кўрсатмаларига биноан, Украинага Россия Федерацияси ҳудудига, аммо Россия томонидан ҳужумга учраган шаҳарни ҳимоя қилиш учун «фақат Харкив билан чегарада» Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар йўллашга норасмий тарзда рухсат берди. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Американинг Politico нашри ва CNN телеканали хабар қилди.
Politico суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, яқинда АҚШ президенти Жо Байден ўз жамоасига «Харкивда жавоб қайтариш учун» Украинанинг Америка қуролларидан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилишни ва Украина Қуролли кучларига «зарба берган ёки бунга тайёрланаётган Россия қўшинларига жавобан ҳужум қилишига» рухсат беришни буюрган. Шу билан бирга, нашр манбасининг таъкидлашича, Украина Россия Федерациясидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиш учун Америка қуролидан фойдалана олмайди ёки Россия ҳудуди ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба бера олмайди.
Чехия ва Финландия Киевга РФдаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди
Украина қуролли кучлари Финландиядан олинган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкин, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Элина Валтонен 29 май куни Uusi Suomi нашрига берган интервюсида. Украина Россия Федерациясига қарши мудофаа уруши олиб бормоқда ва шунинг учун Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга, дея тушунтирди вазир. 30 май куни Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.