22:21 / 31.05.2024
6195

Трамп қамалган тақдирда ҳам президент бўлиши мумкин — ОАВ

Америка қонунчилиги жиноят содир этган маҳкумларни сайловда номзод сифатида қатнашишини тақиқламайди. 

11 июл куни Доналд Трампга молиявий фирибгарликда айбдор деб топилган иш бўйича суд ҳукми эълон қилинади. Агар унга қамоқ жазоси берилса, назарий жиҳатдан у ҳатто қамоқдан ҳам президентликка сайланиши мумкин. Бу ҳақда CNN ёзди. 

АҚШ сайлов ҳуқуқи бўйича етакчи экспертларидан бири, ҳуқуқ профессори Ричард Ҳасен сўзларига кўра, Америка Конституцияси жиноят содир этган маҳкумларнинг сайловда қатнашишини тақиқламайди. 

«Ҳуқуқий нуқтаи назардан Трампнинг президентликка номзод мақоми билан ҳеч нарса ўзгармайди», деди Ҳасен суд қарорини шарҳлар экан. 

Бундан ташқари, айрим штатлар Трампнинг 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уринишларини сабаб қилган ҳолда ҳам унинг номзодини рад эта олмайди. 

Қизиғи шундаки, Трамп Флорида штатида яшовчи сифатида унинг қатъий қонунларига бўйсунади. Бу штатда жиноят содир этган маҳкумларга жазо муддати тугамагунча сайловларда овоз бериш тақиқланади. Бу қоида мунозарали ва баҳсли ҳисобланади, бироқ назарий жиҳатдан Трамп сайловда овоз бериш ҳуқуқини йўқотиши мумкин, аммо номзодлик мақомидан айрилмайди. 

Аввалроқ, Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати АҚШ собиқ президенти Доналд Трампни порноактриса Сторми Дэниелсга тўловлар иши бўйича айбдор деб топди. Энди жазо эълон қилинадиган суд мажлиси 11 июл куни бўлиб ўтади. Трамп шартли қамоқ жазосига ёки тўрт йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Top