Жаҳон | 10:25 / 22.06.2024
3693
3 дақиқада ўқилади

Жосуслик: Германияда Россия, Арманистон ва Украина фуқаролари ҳибсга олинди

Украина, Арманистон ва Россия фуқаролари хорижий разведка хизмати агенти сифатида ишлаганликда айбланмоқда. Германияга келиб, улар бу ерда бўлган «украиналик шахс» ҳақида маълумот тўплашди, деди расмийлар.

Фото: AP

Украина, Арманистон ва Россиянинг уч фуқароси Германияда хориж разведкаси фойдасига яширин фаолият олиб боришда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда 21 июн, жума куни Федерал суд ҳузуридаги Бош прокуратура (GBA) идораси маълум қилди. Ҳибсга олинганлар қайси давлат фойдасига ишлагани аниқлаштирилмаган

Хабарда айтилишича, украиналик Роберт А., арман Вардгес И. ва россиялик Арман С. 19 июн куни Франкфурт-Майн шаҳрида Гессен федерал ери жиноят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган, бир кундан кейин улар тергов судясига олиб кетилган. Федерал суд учаласини ҳам ҳибсга олишга ордер берган. 

Айбланувчилар Германияга хорижий разведка хизмати номидан «бу ерда бўлган украиналик шахс ҳақида маълумот» тўплаш учун келганлар, улар қўлга олинган куни Франкфурт-Майнда бу шахс келиши керак бўлган кафени кузатишган, дейилади Германия Бош прокуратураси баёнотида.

Der Spiegel: Эҳтимолий агентлар кузатувдаги шахс билан кафеда учрашишга келишган

Ўз навбатида, Der Spiegel ҳафталиги «хавфсизлик хизматлари»га таяниб, гумон қилинаётган агентлар «украиналик шахс» билан Франкфурт кафесида учрашишга келишиб олганини, аммо у ўз ҳаётига суиқасд бўлиши мумкинлигидан шубҳаланиб, полицияга хабар берганини ёзади. Der Spiegel маълумотларига кўра, бу одам «ўз ватанида русларга қарши курашган». Тергов ҳибсга олинган уч шахс сохта исм ва фамилиялар остида ҳаракат қилганини истисно этмаяпти. 

Немис ОАВ: Россия Германияда жосуслик усулларини мослаштирмоқда 

Россиянинг Украинадаги кенг кўламли уруши пайтида Европа Иттифоқи давлатлари 500 га яқин рус жосусларини чиқариб юборган, Германияда эса тўртта Россия консуллиги ёпилган. 7 апрелда чоп этилган NDR, WDR ва Süddeutsche Zeitung немис оммавий ахборот воситаларининг қўшма суриштирувига кўра, Россия замонавий технологиялар ва «саёҳат агентлари»га таяниб, жосуслик усулларини янгилади. 

Немис оммавий ахборот воситалари суриштируви сўнгги икки йил ичида Россия операциялари сезиларли даражада қўполлашганини таъкидлайди: агентлар қўлга тушишларини аввалдан ҳисобга олишади. Кремлпараст ОАВ 1 март куни Германияда жанжалга сабаб бўлган TAURUS ҳақидаги немис зобитлари ўртасида тутиб олинган суҳбатни эълон қилганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Мавзуга оид