Жаҳон | 13:05 / 09.09.2024
1309
2 дақиқада ўқилади

Германия контрразведкаси Россиядан киберҳужумлар хавфи ҳақида огоҳлантирди

Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси Россия ҳарбий разведкасининг 29155-бўлинмаси фаолиятидан хавотирда. Идора Европа Иттифоқи ва НАТО мамлакатларига ҳакерлик ҳужумларидан хавфсирамоқда.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости / ТАСС

Германияда демократик қонун устуворлигига таҳдидларни кузатиш ва контрразведка фаолиятини ўз ичига олган Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси Россиянинг Европа Иттифоқи давлатлари ва НАТО объектларига ҳакерлик ҳужумлари таҳдиди ҳақида огоҳлантирди. Тегишли огоҳлантириш 9 сентябр, душанба куни идора сайтида чоп этилган хабарда келтирилган.

Унда айтилишича, идора халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Россия қуролли кучлари бош штаби бош бошқармасининг (илгари "ГРУ" номи билан машҳур бўлган ) 29155-бўлинмаси томонидан киберҳужумларнинг ҳозирги таҳдиди ҳақида огоҳлантиради. Шунингдек, постда Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси Америка разведка идоралари билан биргаликда Россиянинг бутун дунё бўйлаб киберфаолияти ҳақида маълумот берувчи 5 сентябрдаги хабарга ҳавола ҳам мавжуд.

Ҳисоботда, шунингдек, 29155-бўлинманинг қўпорувчилик ҳаракатлари ва қотилликка уринишда иштирок этгани маълум қилинган. Бу бўлинма, бошқа нарсалар қаторида, 2018 йилда икки томонга ишлаган агент Сергей Скрипални заҳарлашда айбланмоқда. "ГРУ" полковниги Скрипал Британия разведкасига ўтиб кетган, фош этилган ва 2010 йилда жосуслар алмашинувининг бир қисми сифатида қўйиб юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид