Жаҳон | 20:45 / 19.03.2024
14316
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг атиги етти мамлакатида ҳаво сифати ЖССТ тавсияларига жавоб беради 

Швейцариянинг IQAir компанияси таҳлилчилари ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ҳаво сифати ЖССТ тавсияларидан қарийб 6 баробар ёмон экани маълум бўлди. 

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан белгиланган ҳаво сифати стандартларига дунёнинг фақат еттита давлати жавоб беради. Швейцариянинг IQAir компанияси таҳлилчилари 2023 йил учун ҳаво сифати бўйича йиллик ҳисоботида шундай хулосага келди. 

Ҳисоботни тайёрлаш учун олимлар 134 мамлакатдаги 7812 та жойда жойлашган 30 мингдан ортиқ кузатув станциялари маълумотларини таҳлил қилиб, ҳаводаги PM 2.5 заррачаларининг таркибини ўрганишди. Бу саноат жараёнлари, электр энергияси ишлаб чиқариш ва автомобил чиқиндилари оқибатида ҳавога чиқадиган майда аэрозол зарралари. Уларнинг табиий манбаларига ўрмон ёнғинлари ёки қум бўронлари киради. 

Бу заррачалар ўзининг жуда кичик ўлчами туфайли табиий биологик тўсиқлар билан ушланмайди, балки қон тизимига кириб, организмда тўпланиб, кўплаб патологик шароитларни, жумладан, астма, саратон, инсулт ва ўпка касалликларини келтириб чиқаради ва оғирлаштиради. 

ЖССТ тавсияларига мувофиқ, хавфсиз ҳаёт учун заррачаларнинг ўртача йиллик даражаси кубометр учун 5 микрограмдан ошмаслиги керак. 

IQAir тадқиқотлари шуни кўрсатдики, 2023 йилда бу тавсияларга фақат етти мамлакат - Австралия, Гренада, Исландия, Маврикий, Янги Зеландия, Финландия ва Эстония жавоб берган. Агар алоҳида шаҳарлар олинса, уларнинг атиги 9 фоизида ҳаво сифати меъёрида бўлган. 

Ҳавоси энг кўп ифлосланган давлатлар - Бангладеш (1 кубометр учун 79,9 микрограм, ЖССТ тавсияларидан 30 баравар юқори), Покистон (73,7 микрограм) ва Ҳиндистон (54,4 микрограм) бўлди. 

Ўзбекистонда бу кўрсаткич кубометр учун 28,6 микрограм (ЖССТ тавсияларидан қарийб 6 баравар юқори), Россияда 10 микрограм, Украинада - 8,6, АҚШда - 9,1, Германияда - 9, Хитойда - 32,5 микрограмни ташкил этди. 

Энг ифлосланган 50 та шаҳарнинг 42 таси Ҳиндистонда бўлиб, уларнинг баъзиларида PM 2,5 даражаси ЖССТ кўрсатмаларидан 20 баравар кўп бўлган. Бошқа энг ифлосланган шаҳарларнинг аксарияти Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган. Шу билан бирга, IQAir кўплаб Африка мамлакатларида ҳаво ифлосланиши бўйича ишончли маълумотларга эга эмаслигини таъкидлайди. 

Финляндиянинг Куусамо шаҳри ҳаво сифати бўйича дунёдаги энг тоза шаҳар бўлиб чиқди. 

The Guardian нашрининг таъкидлашича, ҳар йили дунё бўйлаб етти миллион одам ҳаво ифлосланиши таъсиридан нобуд бўлади - бу ОИТС ва безгакдан кўпроқ. Ушбу ўлимларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатларда, асосан иситиш, ёритиш ва овқат пишириш учун экологик тоза бўлмаган ёқилғидан фойдаланиш туфайли содир бўлади.

Мавзуга оид