Бийдек далада: ўзбекистонлик минглаб мигрантлар Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетаётгани ҳақида
Россия-Қозоғистон чегарасида ўзбекистонлик минглаб мигрантлар чегарадан ўтолмасдан тўпланиб туришибди. Россияда ишсиз қолишгач, улар Қозоғистон орқали уйларига етиб олишни исташган, бироқ у ерда коронавирус туфайли чекловлар қатъийлаштирилди. Мигрантлар эса 37 даражали жазирамада бийдек далада тунашмоқда — овқатсиз, сувсиз ва пулсиз.
«Медуза» мухбирлари Россиядан Ўзбекистонга қайтиш учун йўлга чиқиб, Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари аҳволи ҳақида репортаж тайёрлади.
«Биз шунчаки уйга боришни истаймиз»
Ўзбекистон фуқаролари Самара ва Оренбург областлари чегарасида – Қозоғистон билан чегара назорати пунктига яқин Маштаков посёлкасида лагерь тикишган. Уёғига уларни ўтказишмади: Оренбург областида ҳам COVID-19 билан боғлиқ ҳолат оғир. Мухбирлар лагерга яқинлашиши ҳамоно машинани мигрантлар овқат ва сув келтиришди деб ўйлаб, ўраб олишди. Улар трасса бўйлаб туриб олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб кетадиган машиналарни «ушлашмоқда». Бизда ҳеч вақо йўқлигини билишгач, дарҳол қизиқишлари сўниб, бошқа йўловчи машиналарни пойлашга тушишди.
Бу ерда мингдан зиёд одам бор – уларнинг орасида болалар, ҳомиладор аёллар учрайди. Кимдир чегарани автобусда кесиб ўтишни режалаштирган бўлса, уларга осонроқ: ҳайтовур ухлаш учун жой бор. Қолганлар эса жазирамадан қутулиш учун шох-шаббалардан капа тикиб олишган, уларни чойшаб-у кўрпачалар билан ёпиб, ўт устига гиламча тўшаб олишган.
— Мен бу ерда бир ҳафтадан бери кутяпман. Айримлар 20 кун, бир ойдан буён шу ерда. Сиз бу ерда 20 дақиқа туришга уриниб кўринг-чи. Бу ерга қандай келиб қолдимми? Ҳамма каби. Коронавирус, карантин. Москвада ишлаётгандим, мени вирус туфайли ишдан бўшатишди. Мен уйга – Ўзбекистонга боришни истадим. Шу ергача келдим. Москвада менга маош ҳам йўқ, иш ҳам йўқ, – деб қўлларини ёяди Улуғбек.
Лагердагилар фамилиясини айтишни исташмайди, суратга тушишга ҳам ҳадеганда рози бўлишмайди. «Биз оқибатлардан қўрқамиз, шунинг учун керакмас».
Лагер яқинида Оренбург области томонидан чегара хизмати, ИИВ ва Росгвардиядан иборат жонли тўсиқ турибди.
— Бизни қўйишмаяпти, – дея давом этади Улуғбек. – Биз бандига айландик. Қайтадиган жойимиз йўқ, уйга бориш ҳам мумкин эмас. Ана, атрофимизни автомат ва резина таёқ билан ўраб олишган. Улар нега керак? Биз шунчаки уйга қайтишни истаймиз. Иш йўқ, пул йўқ, яшашга жой йўқ. Уйда эса оиламиз бор. Улар қандай яшашяпти? Нима еб-ичишяпти? Биз мутлақо бехабармиз. Телефон ишламайди, бу далада алоқа ҳам йўқ.
Ҳожатхона далада, сув идиш ёрдамида кир ювилади
Шу вақт лагерга бойлерда сув келтиришди. Машинага кўзи тушган заҳоти бу ердагилар 5 литрлик идишларини олиб кимўзарга сувга чопишди. Сувни кунига икки марта келтиришаркан. Бу сув текин, «давлат томонидан»: уни мигрантлар турган ҳудуд қарайдиган Большая Черниговка райони маъмурияти ташкил этибди. Баъзан хусусий шахслар сувни келтириб литрини 3 рублдан пуллашади.
«Бу ерда қандай ювиняпсизлар», деган саволга лагерда яшовчилар елка қисиб қўяқолишди.
— Сув йўқ, ҳамма кир бўлиб кетган, кийимларимизга қараб бўлмайди, – дейди Зуля Якубова (фамилияси репортаж қаҳрамони илтимосига кўра ўзгартирилган — «Медуза»). «Лагерь» аёлларидан бири ўртаси ўйилган 5 литрли сув идишда кир ювишга киришди.
Зуля ҳам Москвадан келган: қиз ресторанда ишларди, бироқ у ёпилган. Ишсиз ва пулсиз қолгач, уйга қайтишга қарор қилган. Чегарада 10 кундан буён кутмоқда.
— Ҳамюртларимиз орасида Қозоғистон орқали уйга етиб олиш мумкин, деган миш-миш тарқади. Шунга ишониб келдик. Кечқурунлари жуда оғир бўлмоқда, чорасизликдан йиғлаяпмиз. Эркаклар кўп, аёллар кам. Нима ейишни билмайсан. Эркаклар кечалари ичиб олишади, ҳеч қачон нима билан тугашини ҳам билмайсан. Қўрқинчли. Эркакларнинг ҳаммаси оч. Аёлларга нима бўлади? Мен бу ерда ёлғизман, оиламсиз. Биз шунчаки ўтириб, Қозоғистон қачон чегарани очишини кутмоқдамиз. Ҳозирча бирор аниқлик йўқ, – деб йиғлайди Зуля.
Озиқ-овқат билан боғлиқ вазият оғир. Маъмурият томонидан вақти-вақти билан кечликка «сухой паёк» берилади. Асосан йўлдан ўтувчи фуралар маҳсулот ташлаб кетишади. Ҳайдовчилар (кўпинча ўзбекистонликлар) тўхтаб, нон, сув, сабзавотлар, баъзан қовун-тарвуз беришади. Кимдадир пул бўлса район марказига — Большая Черниговкага бориб келади. Маҳаллий аҳоли ҳам пул ва маҳсулотлар билан ёрдам қилиб турибди.
Жамила пандемиягача йўловчи ташиш билан шуғулланган, автобусда Москвадан Ўзбекистонга қатнаган. У чегарада 15 кундан бери қолмоқда. Жамила автобуснинг юк бўлмасида яшайди – бу энг обрўли жой саналади. Полига кўрпачалар тўшалган, ёстиқ бор, бўлма шамоллатиб турилади.
— Укам пул жўнатиб турибди, биз 15 километр наридаги посёлкадаги дўконга бориб-келиб турибмиз. Бошқа илож йўқ, нима қилайлик? Бунақа вазиятга 20 йилдан буён энди тушишим… Одамлар бир тийинсиз ўтирибди. Уларга қўлимиздан келган ёрдамни қиляпмиз: қозон сотиб олдик, нон, сув келтирамиз. Овқат пиширамиз. Ҳаммамиз ҳам одаммиз-ку, – жилмаяди Жамила.
Овқатни капалар ўртасига ўрнатилган қозонларда пиширишади. Лагер ортида яхшигина чиқиндихона пайдо бўлган. Ҳожатхона йўқ. Уни лагернинг нариги томонида қазишган, оқ сурп билан ўраб қўйишган: узоқдан кўриниб турибди.
«Бомжлардек яшаяпмиз»
Мигрантлар бир-бирига тиқилиб яшашмоқда: ижтимоий масофани-ку қўя туринг, ҳеч қандай ниқоб ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бир неча кишидагина ниқоб кўриш мумкин.
Рашид 59 ёшда. У Москвада кўча супурувчи бўлиб ишлаган, бироқ апрель ойи охирларида касал бўлиб қолган.
— Иштаҳам йўқ эди, бошим оғрирди. Хўжайинга мадорим қочаётгани, ишлолмаслигимни айтдим. «Тез ёрдам» чақиришди. Врачлар: «Нега бизни чақирдингиз, оддий бош оғриққами?» дейишди. Ётоқхонага борганимда, мени алоҳида вагончага ажратиб қўйишди. Икки ҳафта ўша ерда ётдим. Менга озиқ-овқат ва дори бериб туришди, лекин бирор марта врач келгани йўқ. Мен қандай касалга йўлиққанимни ҳам билмайман, – дейди Рашид.
У 20 июндан буён лагерда. Унинг тарихи ҳам бошқаларникига ўхшаш: ҳамюртларидан Қозоғистон чегараси очилишини эшитган ва чегара пунктигача келиб, қолиб кетган.
— Мана шу тарзда, бомжларга ўхшаб, ҳаттоки улардан бадтар яшаяпмиз. Уйга кетгимиз келяпти. У ерда иш йўқлиги учун Россияга келгандик. Энди қайтиб кетолмаяпмиз. Хотиним Ўзбекистонда комада ётибди, икки марта юрак хуружига учраган. Унинг ёнида бўлишим керак, шу сабаб уйга қараб йўлга чиққандим. Пенсияга ҳам чиқишим керак. Неварали бўлганман, ҳали уни кўрганим ҳам йўқ, – дейди Рашид.
Лагерда тиббиёт ходимлари йўқ.
Эрлар аёлларини лагерга боришга қўйишмаяпти
Бу мигрантларнинг учинчи марта Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолиши. Бунгача чегарада йиғилганларнинг барчасини Ўзбекистон ҳукумати махсус транспортда олиб чиқиб кетган, эндигиси чўзилиб кетди. 1200 киши Самара областидаги Большая Черниговка районида, яна 747 нафар мигрант Қозоғистон билан чегарадош бўлган Оренбург областининг Бузулук районида қолиб кетган.
8 июль куни Самара области губернатори Дмитрий Азаров Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов билан кўришган. Бу учрашув ҳақида Самара области маъмурияти муассислигидаги маҳаллий ОАВ хабар берган.
«Самара области ҳукумати вазиятни алоҳида назоратга олган ва одамларга максимал кўмак кўрсатмоқда. Район марказидан уч километр масофада вақтинчалик жойлашиш пункти яратилган. Палатали лагер барча санитария талаблари доирасида ўрнатилган, сув етказиш ташкиллаштирилган, жойда тиббиёт ходимлари ишламоқда», – дейилади расмий хабарда.
Аниқланишича, ФВВнинг палатали лагери чиндан ҳам очилган экан. Лекин у ерда деярли ҳеч ким йўқ.
— Ҳозир палатали лагерда 29 нафар мигрант аёллар яшамоқда. 9 июль куни тиббиёт ходимлари келиб, ҳаммани текширишди, тавсиялар беришди. Қолганлар кўчишни исташмаяпти. ФВВ лагерига боришни истовчи аёллар бор, лекин уларни эрлари қўйиб юбормаяпти. Эрнинг айтгани – қонун. Улар бу ҳақда эшитишни ҳам исташмайди, улар шунчаки уйга кетишни хоҳлайди. Агар улар палатали лагерга кўчишса, чегаралар очилмай қолишидан қўрқишади, – дейди Бутунроссия ўзбеклар ва Ўзбекистон фуқаролари конгресси минтақавий бўлими раҳбари Дилфуза Собирова.
Собированинг сўзларига кўра, губернатор администрацияси мигрантларга вақтинчалик иш ҳам таклиф қилган, амалдорлар ишлаш учун патент расмийлаштиришда ҳам ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлишган, лекин хорижликлар унашмаган.
— Бу вазият қачон тугайди, номаълум. Бу ердаги ҳолат Россияга ҳам, Самара областига ҳам боғлиқ эмас. Ҳозир Қозоғистонда коронавирус бўйича вазият жуда оғир. Ҳозирча карантин 20 июлгача давом этади, кейин нима бўлишини кўрамиз. Ҳозирча ҳаммани аввал ишлаган жойлари – Москва, Москва области, Санкт-Петербургга қайтишга кўндирмоқдамиз, – деган «Медуза»га Самара области губернатори администрацияси ички сиёсат департаментининг миллий ва конфессионал сиёсат бошқармаси раҳбари Надежда Осипова.
Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси ўз расмий сайтида қуйидаги ахборотни эълон қилган:
«Биздаги маълумотларга қараганда, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва оммабоп мессенжерларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чегара очилгани ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия-Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда «ёрдам бериш»ни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатмоқдалар.
Элчихона ватандошларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраб қолади. Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жорий қилинган карантин чоралари, шу жумладан мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.
Афсуски, шу кунларда Самара областидаги Болшая Черниговка посёлкаси, Оренбург областидаги Бузулук тумани ва Сол-Илецк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги, ёлғон хабарларга ишониб, Россиянинг турли ҳудудларидан келган ва Қозоғистон орқали ватанимизга қайтиш истагини билдиришмоқда.
Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, касаллар, доимий касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.
Яна бир бор, Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга зид маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси қонунчилигига биноан, била туриб оғир оқибатларга олиб келадиган ёлғон маълумотни тарқатиш 300 мингдан 2 миллион рублгача жарима ҳамда уч йилдан беш йилгача қамоқ билан жазоланади».
«Медуза» мухбирлари воқеа жойида ишлашаётганида Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси вакиллари лагерга келишди. Ҳомиладор аёл ва ёш болали аёлларни Большая Черниговка посёлкасидаги меҳмонхонага район администрацияси ҳисобидан жойлаштиришга кўндиришди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 8 июль кунги видеоселектор йиғилишида «Чет эллардан шу бугунгача 90 мингдан кўп фуқароларимизни қайтариб олиб келдик. Яна бир марта халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, чет элда қолган ҳамма фуқароларимизни албатта олиб келамиз», деган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишт кўприк» чегара пости яқинида тўпланиб турган 4 мингга яқин ўзбекистонлик чегарадан ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистонликларнинг Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланиши май ойида ҳам кузатилган, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Қозоғистон ваколатли органлари билан келишган ҳолда, 1100 нафар фуқарони автобусда мамлакат ҳудудига олиб келганди. Ўшанда расмийлар мазкур амалиёт истисно тариқасида фақат бир мартагина амалга оширилаётганини таъкидлашган эди.
Мавзуга оид
16:04 / 28.04.2024
Петербургда ёнғин вақтида одамларни қутқарган ўзбекистонликка сурат совға қилинди
20:18 / 12.04.2024
Оренбургда оммавий эвакуация эълон қилинди. Фотосуратлар
11:50 / 12.04.2024
Ўзбекистон элчиси Самара вилоятида ЙТҲда жабрланганлардан хабар олди
20:29 / 09.04.2024