Иқтисодиёт | 14:20 / 31.07.2019
142107
18 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 19,1 млрд долларга етган. Бу ҳар биримиз учун нимани билдиради?

Ташқи қарз нима?

Кимдан қарз ва кимнинг қарзи бу?

Ташқи қарз ошиб кетишининг таҳликалари борми?

Давлатнинг қарзи — бу бизнинг ҳам қарзимизми?

Гапни ҳикматдан бошлай қолайлик. Халқимизда қарз — яхшиликдан эмас, ноиложликдан дарак, деган гап бор. Қарзнинг мақоми ҳам — шунга яраша. «Қарз берган — арслон, қарз олган — сичқон», «Қарз олган қочар, қарз берган қувар», — деган ота сўзларимиз бор. Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги, узиш ниятида қарз олган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам бериши борасида Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ҳадислар ривоят қилинган. Қарз бериш савоб, лекин қарз олиш — оғир иш. «Қизғанчиқдан қарз олма, қарз олсанг ҳам харжлама» деган мақол ҳам бор.

«Қарз» сўзи аслида кесиш маъносини англатади, демакки, имкони бор ўзининг сармоясидан бир қисмини кесиб, бошқага беради. Олган ўша кесикни яна қайта тиклаб бериши лозим. Қуръони Каримнинг бир неча жойида «Аллоҳ учун қарзи ҳасана берувчи борми?» маъносидаги оятлар келади (Бақара, 245; Моида, 12). Бу мардларга хитоб бўлиб, қарзи ҳасана беришса, қарз олган тараф то жойини тўлдиргунича сабр этиб туриши лозим бўлади.

Қарзимиз...

Ўзбекистон Марказий Банки давлатнинг ташқи қарзи ошганини эълон қилди. Қарзимиз 2019 йил 1 апрелгача ҳолатида 19,1 млрд долларга етган. Бу йил бошидан шу санагача 10,3 фоизга, яъни 1,8 миллиард долларга ошганини билдиради. Мамлакат иқтисодига ташқи сармояларни жалб этиш шу ҳолатга олиб келган. Қарзнинг 11,7 миллиард доллари давлат секторига ва 7,3 миллиард доллари хусусий секторга дахлдордир, йил бошидан олинган қарзнинг 1,7 миллиард доллари давлат сектори томонидан олинган, 2019 йилнинг 29 июнь куни, соат эрталабки 8дан 47 дақиқа ўтган ҳолатга кўра, Марказий банкнинг давлат ташқи қарзини ҳисоблагичи 50 439 580 712 доллар қарзни кўрсатмоқда ва бу энди туғилган чақалоқдан то кекса фуқарогача ҳар бир жонга тақсимлаганда 1590 доллар демакдир. Ҳар биримиз шунчадан ташқи қарзга соҳибмиз. Шу йилнинг ўзида давлатимиз то бугунгача 2 417 913 502 доллар қарз олган. Давлат қарзи ошиб бориши, хусусий сектор қарзи бир қадар қисқаргани кузатилади.

Бу озми ёки кўпми? Бошқа давлатлар билан қиёслаганда-чи?

Ҳозир изчил иқтисодий ислоҳотлар даври ва мамлакат ташқи сармоядорлар ва кредиторларни фаол жалб қилишда давом этмоқда. Лекин бу сармоялар ва қарзлар ўз муддатида фоизи билан қайтарилиши керак. Ташқи қарзлар узоқ ва ўрта муддатли қарзлар бўлиб, ташқи мажбуриятларнинг 88,6 фоиз (15,3 млрд доллар) 10 йилдан зиёд муддат ичида қайтарилиши шарт, яна 923 миллион доллар — 5 йилдан 10 йилгача қайтарилиши лозим.

Ташқи қарз қанчалик таҳликали?

Сармоялар бўйича ташқи экспертлар мамлакат учун, Ўзбекистон учун ташқи қарз Ялпи ички маҳсулотга нисбати 60-70 фоиздан ошганда хавфли бўлишини айтади. Таҳликанинг остонаси давлат ўзининг танқислашган бюджетини молиялаштира олмай қолганда ва бу ташқи қарз ЯИМнинг 70-80 фоизига етганда бошланади ҳамда 100 фоиздан ўтганда улкан таҳлика юзага келади, деганидир. Афсуски, биз ҳали йилнинг биринчи ярмидаёқ аллақачон 10,4 фоиз ўсган қарзда турибмиз.

Фақатгина дунёнинг улкан иқтисодлари катта ташқи қарзни шакллантира олиши мумкин. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи йилига 10 фоизга ошса, иқтисодда барқарорлик сақланиб туришидан умид қилиш мумкин. Иккинчи томондан, ташқи қарз ошмасидан туриб ЯИМ ўсиши мушкулдир. Дунёнинг етакчи давлатлари жуда улкан ташқи қарзга эгадир ва шу йўл билан иқтисодлари ҳаддан зиёд улканлашган ва халқлари ҳаёт даражаси ўсган, бир қарзни қайтариш учун иккинчи қарзни олишлари керак ва бу бомба устига қурилган ҳаётга ўхшайди.

Ўзбекистон учун эса, айтишимиз мумкинки, агар ташқи қарз Ялпи ички маҳсулотга ҳамоҳанг тарзда юқориласа, демак, мўътадил йўлдан бораётганимизни англатади. Лекин, агар қарзимиз ошаверса-ю, ЯИМ ўсмаса, хавотирлар юзага келади.

Қўшниларнинг ташқи қарзи қай даражада?

Давлат ташқи қарзи ошиб бориши муаммоси Тожикистон ва Қирғизистонни ҳам хавотирга солмоқда. Осиё тараққиёт банки сўнгги йилларда мамлакат қарз инқирозига учрамаслиги учун Тожикистонга қарз бермасликка, фақат беғараз ёрдам кўрсатишга қарор қилган. Бу мамлакатнинг ташқи қарзи ҳозир ЯИМнинг 40 фоизи атрофидадир.

Қирғизистонда вазият бир қадар мураккаб бўлиб, 4,4 миллиард долларлик ташқи қарзнинг 3,8 миллиарди давлатга тегишлидир, кредитлар бўйича фоизларни тўлаш мажбурияти қарзни янада ошириши аниқдир.

Қозоғистон ва Туркманистонни ташқи қарз таҳликали тус олишидан асраб келаётган нарса — ерости ва ерусти табиий захиралари мавжудлигидир.

Ташқи қарз — миллий хавфсизликка таҳдид соладими?

Давлатнинг ташқи ва ички қарзи ошишига асосий сабаблар — давлат харажатларининг тинимсиз ошиши, иқтисодий ислоҳотларнинг инқирози ва парокандалиги, коррупция ва яширин иқтисод, ҳарбий харажатлар ва табиий офатлар бўлиши мумкин. Етарлича давлат ва жамоатчилик назорати йўқлиги, бошқарув тизими ҳаддан зиёд коррупциялашгани бюджет етишмаслиги ва қарздорлик ошишини миллий хавфсизликка таҳдидга айлантириши мумкин. Қолаверса, ташқи ва ички қарздорлик давлат молиявий тизими барқарорлигига, сармоя киритиш иқлимига ва давлатнинг дунёдаги мавқейига салбий таъсир кўрсатади. Бу хавфларни ҳисобга олмаслик хатарлидир.

Айтиш керакки, бугунги кунда ошиб бораётган ташқи қарз муаммоси нафақат ривожланаётган мамлакатларни, балки ривожланган давлатларни ҳам таҳликага солмоқда.

Давлат ташқи қарзининг Ялпи ички маҳсулотга нисбати иқтисодий барқарорликни намоён қиладиган кўрсаткич бўлиб, Маастрихт мезонларига кўра Европа Иттифоқи мамлакатлари учун 60 фоиз этиб белгиланган, Халқаро валюта жамғармаси давлат қарзининг Ялпи ички маҳсулотга 50 фоиз нисбатини таҳликанинг бошланиши, деб ҳисоблайди.

Ташқи қарз борасида дунёдаги аҳвол қандай?

Давлатнинг қарзи энг юксак давлатлар дунёда энг иқтисоди ривожланган давлатлар — АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи мамлакатларидир. Айни пайтда АҚШ ва Европа мамлакатларида ташқи қарз юқори бўлса БРИКС давлатлари ва Японияда ички қарз юқоридир, яъни улар миллий валютада ўз халқидан ва ўз банкларидан қарздор. Умуман, давлатнинг қарздорлиги миллий иқтисодга сармоя киритишни чеклайди, мамлакат бюджетининг сезиларли қисмини ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларга эмас, қарз тўлашга сарфлашга мажбур қилади, мамлакат молия тизими халқаро захираларга тобе бўлиб қолади.

Албатта, ташқи қарз борасида энг катта қарздорлардан бири Америка Қўшма Штатларидир. 2016 йилнинг февралидаёқ АҚШ қарзи 19,013 триллион долларни ташкил этганди. АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси прогнозларига кўра, давлатнинг қарзи 2020 йилда 22,6 триллион долларга, 2026 йилга бориб эса 29,3 триллион долларга етиши мумкин. Бу аҳвол АҚШнинг ўзигагина эмас, жаҳон иқтисодига хавф солади ва буюк давлатлар қолганларни шу ҳолатнинг асири ҳолатида ушлаб турибди, чунки глобаллашув даврида жаҳондаги иқтисодлар бир-бирига ўта боғланган ҳолдадир. АҚШнинг ташқи қарзи ҳозирда 22,012 триллион долларни ташкил этиши айтилмоқда. Ҳолбуки жаноб Трамп ҳокимиятга келса, иккита президентлик муддатида ташқи қарзни тугатиб юборишини ваъда қилганди. Лекин у юқоридаги рекорд қарзни қайд этди ва биргина шу йилнинг февралидан бери бу кўрсаткич яна 90 миллиард долларга ошди.

Бошқа айрим давлатларнинг ташқи қарзлари уларнинг Ялпи ички маҳсулотларига нисбатан:

• Кувайт — 7,4 фоиз

• Саудия Арабистони — 7,5 фоиз

• Ўзбекистан — 10,1 фоиз

• Қозоғистон — 11 фоиз

• Озарбойжон — 10 фоиз

• Норвегия — 30 фоиз

Европа Иттифоқи давлатлари:

• Франция — 93,5 фоиз

• Германия — 78,4 фоиз

• Португалия — 129 фоиз

• Италия — 132,6 фоиз

• Греция — 175,1 фоиз

Таққослаш учун: АҚШ — ЯИМнинг 116,4 фоизи, Япония — ЯИМнинг 239,2 фоизи.

Давлатнинг қарзи нима? Ким уни тўлайди?

Илмий тилда айтганда, давлатнинг қарзи — давлат бюджети етишмовчилигини қоплаш учун давлат олган молиявий қарзлардир. Давлат қарзи ички ва ташқи қарзлар бўлади. Ички қарзлар — давлатнинг қимматли қоғозлари бўйича қарзлар, акциядорлар жамиятлари чиқарган қимматли қоғозларга давлат кафолатлари бўйича қарзлар, давлатга банклар ва бошқа кредиторлар берган қарзлар, тўланмаган товонлар ва ҳоказо.

Ташқи қарзлар — бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда халқаро ҳуқуқ субъектлари олдидаги давлатнинг қимматли қоғозлари учун қарзлар, давлатга ташқи кредиторлар берган қарзлар, резидент-ташкилотлар давлат кафолати остида олган қарзлар, бюджет ташкилотларининг ташқи савдо жараёнларида тўлаши лозим бўлган қарзлардир.

Иқтисодда давлат қарзининг аҳамиятини ҳам салбий, ҳам ижобий баҳолашади. Машҳур инглиз иқтисодчиси Давид Рикардога кўра, давлатнинг қарзи «инсоният қачондир кашф этган энг даҳшатли фалокатлардан биридир». Кейнсчилар эса уни «иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи юқори қарздорлик», деб биладилар.

Оқибатлар...

Муайян чегарадан ошиб кетган давлат қарзи иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсата бошлайди. Энг даҳшатлиси — давлатнинг ташқи қарзи келгуси авлоднинг — фарзандларимиз ва набираларимизнинг чекига юк бўлиб тушади, улар тўлаши лозим бўлган маблағларни биз улар дунёга келмасиданоқ сарфлаб қўйган бўламиз. Давлат қарзи аҳоли орасида даромадларнинг қайта тақсимланишига олиб келади, яъни давлатнинг қимматли қоғозларига эга бадавлат фуқаролар пулларини фоизи билан қайтариб ҳам оладилар, қашшоқ фуқароларимиз хориж қарзини қайтариш учун маошларидан солиқ тўлашга мажбур бўлади. Давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши хусусий сармояларнинг қисқаришига, сиқиб чиқарилишига олиб келади. Иқтисоднинг барқарорлигига путур етади.

Нима қилмоқ керак?

Бутун тарих ва амалиёт шуни кўрсатадики, сармояларни жалб этиш қанчалик маҳоратни талаб қилса ҳам, энг асосийси уни тўғри ва жойида ишлатишдир. Ўзбек олими, иқтисодиёт фанлари доктори М.Умурзоқовнинг сармояларга оид таққоси жуда ўринлидир. Унга кўра вазият шундай: иқтисодиётимиз — гўё бир «бемор»дир, унинг даволовчи «дориси» сармоядир. Ўзимизда бу «дори» етарли эмаслиги учун хорижий сармоя оламиз. Аммо биз шунча миқдорда «дори» олишимиз керакки, токим бемор тезроқ тузалсин, сафга қайтсин ва ишлаб ўз таъминотини ҳам қилсин, ҳам «дорининг пули»ни узсин. Агар у «дори» устига «дори» олаверса-ю, ўзи ислоҳ бўлмаса, гиёҳванд каби дорига ўтириб қолади ва боқиманда ҳамда қарздорга айланади. Шунинг учун сармоянинг керагини ва зарур миқдордагина олиш керак, тезроқ иқтисодни ислоҳ қилиб, қарз олишни тўхтатиш ва қарзларни узиш шарт.

Пул киритаётган инвесторларни танлаш керак — уларнинг аксарияти оддий «уддабуронлар»: бугун бир бизнесни сотиб олиб, бироздан кейин икки бараварида сотиш пайида бўлади. Қарз олаётган давлат ёки бизнесмен катта пулни кўриб ақли шошмасдан, эртага қайтариш лозимлигини билиб, истиқболли ишларга сарфлаши шарт.

Нима қилиш керак?

1. Стратегик сармоядор керак, токим унинг мақсадлари ва манфаатлари сизникига монанд келсин. Олиб-сотарлар ҳамкор бўлмайди.

2. Сармоялар муайян, аниқ вазифаларга йўналтирилиши керак.

3. Қанча керак бўлса, шунча қарз олиш лозим, қанча бераверса, олавериш керак эмас.

4. Тузилаётган шартномаларнинг фойда ва зарарлари, хатарлари ҳисобга олиниши керак. «Нега халқ учун зарарли шартнома тузилди», деб кейин ҳайрон бўлиб юрмаслик лозим.

5. Бирор хусусий тадбиркор қарз олса, бунинг масъулияти унинг елкасидадир. Аммо давлат қарз олар экан, уни давлат эмас, халқ тўлайди. Бу ёддан чиқмаслиги керак.

Шунча статистика ва мулоҳазаларни келтириб, хулоса чиқармасак, олдисини айтиб, бердисида жим ўтирсак бўлмас.

Бирор соҳага имтиёз бериларкан, у бюджетга тўлаши керак бўлган маблағ бошқа инсофли солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланади. Имтиёзлар ҳам, қарзлар ҳам — ҳаммаси шу халқнинг устидан ва уларни алал-оқибат солиқ тўловчи халқ қоплайди. Шунинг учун қарз олишга, қонун чиқаришга, давлат ва халқ номидан иш юритишга ваколатни кимларгадир берар экансиз, бу инсонларни, депутатларни ё мансабдорларни сайлаётганда, кимга овоз бераётганингизга эътибор қилинг, дегимиз келади. Чунки сиз ўз овозингизга қўшиб, номингиздан қарз олишга ҳам ваколат бераётган бўласиз.

Мўъжаз таққос

Умуман олганда, бир инсоннинг қарз олиши ва давлатнинг, ваколатли идора ва муассасаларнинг қарз олиши моҳиятан бир хилдир. Дейлик, оддий бир меҳнаткаш товуқ боқиш учун кредит олса-ю, ҳоким бувага: «Мен бунча пулни кўрмаганман, довдираб қоламан, ҳовлиқиб кетиб, товуқ эмас — машина ё иккинчи хотин олиб қўйишим, хумор тутганда маишат қилиб, ичиб қўйишим мумкин. Шу кредитга ўзингиз товуқхона қуриб беринг, товуқ олиб беринг...», — деса ёхуд барибир шундай бўлади, деб ҳисоблаб, ҳоким буванинг ўзи кредитни жиянининг фирмасига ўтказса, жиян албатта энг арзон материаллардан қуради ва энг пушти куйган, тугаган арзон товуқларни олиб беради. Чунки ўзи ҳам ейиши керак, тоғасига ҳам узатиши керак. Эркин Воҳидовнинг манфаат фалсафаси деган шеърини эсланг:

Битта қўл узатса лой,

Биттаси сувар, дўстим —

Фойдасиз жиян келса,

Тоға ҳам қувар дўстим...

Қарабсизки, кредит тамом, товуқлар туғмай қўйган, қарзни энди товуқбоқарликни орзу қилган заҳматкаш, меҳнаткаш ва унинг болалари тўлаши керак. Бу ерда, мана, ҳар ерда ҳозир коррупция ҳам бор. Борингки, шу меҳнаткашнинг ўзи ҳам ҳокимсиз кредитни нўноқларча ишлатса, совуриб юборса, оиласи ва болалари узоқ йиллар қарзга ботади.

Алал-оқибат...

Давлат иқтисодни ислоҳ қилиш, иш ўринлари яратиш, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва шу каби хайрли мақсадларда олаётган ташқи қарзлар, инвестициялар ҳам шунга ўхшашдир. Уни ҳам барибир бутун халқ қайтариши керак бўлади. Шунинг учун, энг аввало, бу халқнинг мазкур жараёнлардан, қай ердан қанча маблағ олингани ва олинаётганидан, қай ерга ишлатилаётганидан, қай тарзда қайтарилишидан хабардор бўлишга юз фоиз ҳаққи бордир. Бу жараён бошдан охир шаффоф бўлиши керак. Халқнинг зиммасига тушадиган инвестициялар ими-жимида сарфланиши мантиққа тўғри келмайди. Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари коррупциянинг олдини оладиган асосий ва давлат назорати идоралари коррупциялашган шароитда, балким ягона чорадир.

Агар кимдир қашшоқ бўлса, кимнингдир бой бўлаётгани туфайлидир. Ёзувчи Бернард Шоу жуда озғин эди. Бир семириб кетган оқсуяк уни ҳақоратлагандай: «Эй, Бернард ока, сал эт олсангиз бўлмайдими, сизни кўрган одам Лондон-ситида очлик деб ўйлаши мумкин! Мамлакатни шаънини ерга урманг, ватан хоини!» — дебди. Бернард Шоу пул семиртирган бу мансабдорга қараб: «Сизни кўрган одам, қашшоқликнинг сабаби шу кимса бўлса керак, Англиядаги ҳамма нонни шу еб қўйган, шекилли, деб ўйлайди!», — деган экан.

Аввал баён қилганимиздек, халқ кимнидир бой қилса, унинг ўн тангалик нарсасини хориждан арзон олиб кириш чекланган шароитда йигирма тангага сотиб олиб бой қилади, у акциядор бўлган заводнинг четдан олиб келинган арзон ва сифатсиз, беш бараваргача қиммат расмийлаштирилган эҳтиёт қисмлардан йиғиб берган, шу учун нархини қиммат қилган автомобилини хориждан автомашина олиб кириш божи икки баробарлиги учун ички машинани икки баробар олишга мажбур бўлганидан бой қилади. Ҳатто уддабуронлиги ва тиниб-тинчимаслигидан бой бўлса ҳам, унинг маҳсулотини халқ олмаса, бой бўлолмайди. Халқ сочини олдирмасликка қарор қилса, сартарош ҳам банкрот бўлади. Ҳамма нарсанинг юки элга тушади. Буюк жаҳонгир Амир Темур: «Кенгашиб иш қилиниши хайрлидир», — дегани демократиянинг асосий тамойили ҳамдир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёеев ҳар чиқишида: «Менга мақтовларинг, қарсакларинг керак эмас, фикр беринглар, таклиф беринглар!», — деб шунинг учун айтмоқда.

Шундай қилиб, улкан сармоялар ҳам нималарга сарфланаётганидан уни тўлайдиган эл хабардор бўлишга ҳақлидир ва демократик давлатимизда фуқаролик жамияти ўз фикрлари билан ҳатто қай соҳага сарфланиши — улкан форумлар саройлари ва «сити»ларгами ёки нураган боғча ва дори-дармонсиз касалхоналаргами — зарурлиги борасида фикр юритиши, қарорлар қабул қилишида иштирок этиши зарур. Халқимизнинг «Емаган сомасага пул тўлади», деган мақоли шу ўринда ҳақ бўлиб чиқмаслигини истардик.

Қарз барибир қарздир, Қиёматга қолмаслиги керакдир.

Ҳикмат билан бошланган сўзимизни ҳикмат билан якунлаймиз: Инсонни қарз синагани каби, иқтисодни ҳам синайди. Яҳудий халқ мақолида «Агар дўстингдан қутулмоқчи бўлсанг унга қарз бер ёки қарз ол», — дейилади. Ҳеч кимга қарам бўлмаган, ҳеч кимдан қарз бўлмаган халқ ва миллат бўлмоқ қанчалар улуғ мартабадир. Зеро, халқимиз билиб айтади: «Ғам йўқлиги — соғлиқ, қарз йўқлиги— бойликдир».

Карим БАҲРИЕВ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид