Ўзбекистон | 07:33 / 18.06.2020
6754
5 дақиқада ўқилади

Фанлар академияси тасарруфида Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади

Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тасарруфида Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.

Институт қуйидаги йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориши белгиланади:

давлат ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва фаолият кўрсатишининг умумий қонуниятлари, жаҳон сиёсий ва ҳуқуқий тафаккурининг генезиси ва эволюциясини тадқиқ қилиш;

миллий давлатчилик ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши, эволюцияси ва ривожланиш истиқболларини ўрганиш;

давлат ва ҳуқуқнинг фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ўзаро таъсири умумий қонуниятларини тадқиқ қилиш;

миллий давлатчилик ривожланишининг ҳуқуқий муаммолари, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини ўрганиш;

ҳуқуқий тил ва ҳуқуқий терминологияни такомиллаштириш;

конституциявий ва парламент ҳуқуқи, конституциявий одил судловнинг ривожланишини тадқиқ қилиш;

инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва таъминлашнинг замонавий муаммоларини ўрганиш;

ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқ социологиясини тадқиқ қилиш;

рақамли иқтисодиёт шаклланиши шароитида маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг фундаментал муаммоларини ўрганиш;

фуқаролик, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлар самарадорлигини ошириш;

тадбиркорлик фаолияти ва рақамли иқтисодиётни тартибга солишнинг ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш;

қишлоқ хўжалиги, сув, ер ва экология ҳуқуқининг долзарб муаммоларини тадқиқ этиш;

ахборот хавфсизлигига замонавий таҳдидлар шароитида ахборот ҳуқуқи муаммоларини тадқиқ этиш;

рақамли иқтисодиётда давлатнинг молиявий асослари, банк, солиқ тизимларини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш;

ривожланган давлатларнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш тажрибасини қиёсий ҳуқуқий тадқиқ этиш;

халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ муаммоларини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини, жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларини бажаришнинг ташкилий ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга маслаҳат ва эксперт ёрдамини ташкил қилиш;

мамлакатнинг барқарор ривожланиши мақсадидан келиб чиқиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар учун ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифларни ўз ичига олган таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш; ¬

замонавий электрон-ахборот ва ўқув-педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, давлат бошқарув органлари ходимлари ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш;

илмий фаолиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда, шартномалар асосида амалга ошириш, энг долзарб ҳуқуқий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича илмий йўналишдаги фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш;

юридик ихтисосликлар бўйича диссертациялар ҳимоясини ташкил қилувчи ихтисослашган кенгашлар тузиш йўли билан замонавий талаблар асосида илмий кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини оширишда бевосита иштирок этиш;

Институт ходимларининг давлат ва жамият ислоҳоти турли жиҳатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ва дастурий характердаги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича давлат органлари ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгашлари, комиссиялар ва ишчи гуруҳлари ишида иштирок этиши;

«Давлат ва ҳуқуқ» журналини, жамоавий ва индивидуал монографияларни, ўқув-методик адабиётларни, қонунчиликка илмий-методик шарҳларни, жумладан уларнинг электрон шаклини нашр этиш фаолиятини амалга ошириш;

жамият учун долзарб илмий ҳуқуқий муаммоларни муҳокама қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган халқаро ва республика миқёсидаги илмий тадбирларни (конференциялар, симпозиумлар, семинарларни) ўтказиш ва уларда иштирок этиш;

республикада олий ўқув юртлари ва илмий ташкилотларнинг давлат ва ҳуқуқ соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, шунингдек, давлат ва ҳуқуқ муаммоларини ўрганиш бўйича Мувофиқлаштирувчи илмий кенгашни тузиш.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтини Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уйда бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштиради.

Мавзуга оид