Жамият | 14:02 / 31.03.2024
23431
11 дақиқада ўқилади

Кинога кўчган ҳаёт – «Табиб» филмида поляк адиби бошидан ўтказган ҳодисалар тасвирланганми?

Полшалик киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Табиб» филмини ўзбек томошабинлари ҳам кўришган. Филм ўзбек тилига таржима қилиниб, турли телеканалларда бир неча мартадан намойиш этилган. Филм ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган полшалик адиб томонидан ёзилган асар асосида ишланган. Асарда адиб ўзининг бошидан ўтказган ҳодисаларни сал ўзгартириб ёзган.

Фото: Kun.uz

1982 йилда полшалик киноижодкорлар томонидан «Табиб» филми суратга олинади. Кўп ўтмай филм рус тилига таржима қилиниб, СССРда ҳам намойиш этилади.

Филм совет кинотанқидчилари томонидан ҳам ижобий баҳолар олади. «Табиб»ни ўша пайтда СССРда 41 миллион киши кинотеатрларга келиб томоша қилган.

Аслида поляк ёзувчиси Тадеуш Доленга-Мостовичнинг қаламига мансуб бўлган «Табиб» романи асосида аввал ҳам, 1930-йиллар охирида филм суратга олинган. Бироқ филмнинг янги версияси томошабинлар ва кинотанқидчилар эътирофига сазовор бўлган.

«Табиб»да 1930-йилларда Полшада содир бўлган ҳодисалар тасвирланган. Филмда декорациялар, кийимлар ва бошқа деталларга жиддий эътибор берилган. Шунингдек, актёрлар жамоаси ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этган.

Адиб ҳақида

«Табиб» романи муаллифи Тадеуш Доленга-Мостович ХХ асрнинг 20-йилларида Полшадаги газеталардан бирида ишларди. Ўша пайтда бу давлатга маршал Юзеф Пилсудский раҳбар эди.

Тадеуш ўз газетасида амалдаги ҳукумат ва раҳбар ҳақида ҳажвий фелетонлар ёзарди. Кўп ўтмай Пилсудский ҳокимиятдан четлаштирилади. Бироқ 1926 йилда у давлат тўнтариши уюштиради ва Полшада ҳокимиятни қайта эгаллайди.

Тадеуш ва у ишлаётган газета Пилсудский ҳокимиятни эгаллаганини ҳазм қила олмайди ва мухолифат томонга ўтади. Ана шундай кунларнинг бирида Тадеуш ишга бориш учун уйдан чиққанида унга номаълум шахслар ҳужум қилади.

Журналистни шаҳар четига олиб чиқиб, роса дўппослашади, Тадеуш ўзидан кетиб қолади. Шунда зўравонлар (улар махсус хизмат ходимлари бўлган) уни ўлди деб ўйлаб ўрмон четига ташлаб кетишади.

Тадеуш узоқ вақт даволанади. Соғайгач, журналистликни йиғиштиради ва ёзувчилик қила бошлайди. Унинг илк асари Полшадаги оммавий сиёсий ҳаёт ҳақида эди.

«Никодим Дизманинг амал пиллапояси» (бу асар ўзбекча таржимада «Муттаҳамнинг парвози» деб кетилган) деб номланган роман 1932 йилда китоб ҳолида чоп этилади.

Ўша йили адибнинг қиссалар тўпламлари эълон қилинади. 1933-1934 йилларда у яна иккита роман ёзади. Улардан бири «Табиб» романи эди.

Адиб мазкур романга бир пайтлар ўзини дўппослаб кетишганини сал бошқачароқ тарзда асос қилиб олади. Яъни машҳур врач бўлган профессорни ўғрилар дўппослашади ва пулларини олиб кетишади.

Шундан сўнг врач эсини йўқотади ва 15 йилча кимлигини билмай яшайди. Қолган воқеалар шу сюжет атрофига тизиб чиқилади.

«Табиб» 1937 йилда китоб ҳолида чоп этилади. Асар уч бўлимдан иборат ҳолда ҳам чоп этилган. Кўп ўтмай асар асосида уч қисмли филм ишланади. Филмнинг биринчи қисми 1938 йилда «Табиб», иккинчи қисми 1938 йилда «Профессор Вилчур», учинчи қисми «Профессор Вилчурнинг иродаси» номлари билан экранлаштирилади.

«Табиб» романи

Роман қаҳрамони профессор Рафал Вилчур Варшавада жуда таниқли бўлган врач эди. Кунларнинг бирида уни хотини ташлаб кетади. Аёл ўзи билан қизчасини ҳам олиб кетганди.

Профессор бундан тушкунликка тушади ва ичкиликка берилади. Шундай кунларнинг бирида профессор шаҳардаги қовоқхоналардан бирида ўтириб ичади. Ташқарига чиққанида унга босқинчилар ҳужум қилади.

Улар профессорни дўппослаб, ҳушидан кетказишади ва пулларини олиб кетишади. Профессор хотирасини йўқотади, кимлигини билмаган ҳолда дайдиб кетади. У ўз исм шарифини унутиб юборгани ва ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмагани учун тез-тез полиция қўлига тушади.

Профессорни навбатдаги марта ушлашганда у полиция идорасидан Антоний Касиба номига берилган ҳужжатни ўғирлаб чиқиб кетади ва унга ўз суратини ёпиштириб олади. Шу тариқа профессор Вилчур Антонио Касибага айланади.

Вилчур шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб дайдиб юрар экан, шу ҳолида қарийб 15 йил ўтиб кетади. Антоний жулдур кийимда, соқоллари ўсиб кетган ҳолда навбатдаги шаҳарчага бориб қолади, у ерда тегирмончиникида ишга жойлашади.

Вилчурнинг хотини уйдан чиқиб кетгандан сўнг кўп ўтмай вафот этган, қизи ёлғиз қолган эди. Профессор тегирмончиникида яшай бошлаганда қизи Марисянинг бўйи етиб қолганди. У ҳам шу шаҳарчада яшар, савдо дўконларидан бирида сотувчи бўлиб ишларди.

Антонийга иш берган тегирмончининг ўғли бир неча йилдан буён дардманд, у юролмасди. Маҳаллий врач унинг дардини тузалмас деб ташхис қўйганди.

Профессор уни операция қилади ва йигит оёққа туриб кетади. Шундан сўнг Антонийнинг олдига теварак атрофдан беморлар кела бошлайди. Бу ҳолат маҳаллий врачнинг ғашини келтиради ва у полицияга арз қилади. Полиция профессорга беморларни даволашни тақиқлаб қўяди.

Бу орада аслзодалардан бўлган бир йигит профессорнинг қизини севиб қолади. Қизни бошқа бир официант йигит ҳам яхши кўрарди. Марисянинг кўнгли аслзода йигитда эди.

Йигит қизни мотоциклида сайр қилдириб юрганида официант йигит йўлга ғўла ташлаб қўяди ва улар аварияга учрайди. Йигит енгилроқ жароҳат олади, қизнинг аҳволи эса оғир эди.

Иккаласини ҳам Антоний яшаётган тегирмончининг уйига олиб келишади. Кўп ўтмай йигитнинг ота-онаси уни олиб кетади. Антоний улар билан бирга келган маҳаллий врачдан қизга ёрдам беришни сўрайди. Бироқ у қизнинг яшаб кетишига умид йўқлигини айтиб, кетиб қолади.

«Табиб» филмидан лавҳа

Шу жойида Антоний табибнинг тиббий асбобларини ўғирлаб қолади. Сўнг қизни ўзи операция қилиб, Марисянинг ҳаётини сақлаб қолади. Профессор Марисяни даволар экан, у ўзининг қизи эканини билмасди.

Бир неча кундан сўнг маҳаллий врач полициячилар билан бирга келади ва Антонийни ўғирликда айблайди. Профессор унга асбобларини қайтариб беради. Уни ҳибсга олишади ва суд қила бошлашади.

Аслзода йигитни ота-онаси яхшилаб даволаниши учун чет элга жўнатади. Қайтиб келганида унга ёлғон гапириб, Марисянинг вафот этганини айтишади.

Романнинг охири яхшилик билан тугайди. Антонийни суд қилишаётганда Варшавадан келган врач профессорни таниб қолади. Шу тариқа профессорни озод қилишади ва унинг хотираси тикланади.

Аслзода йигит қизнинг вафот этганини эшитгандан сўнг ўзини ўлдиришга аҳд қилади ва сўнгги сонияларда хизматкор Марисянинг тирик қолганини айтади. Қиз йигит билан қайта топишиб, турмуш қуради.

«Табиб» филмидан лавҳа

Адибнинг кейинги ҳаёти

Тадеуш Доленга-Мостович кинематография билан ҳамкорликни 1934 йилда бошлайди. 5 йилда (1934-1939) унинг 16 та асаридан саккизтаси филм қилинади.

1937 йилда «Табиб» романи чоп этилгач адибда уни ҳам филм қилишга қарор қилади. Сценарийни унинг ўзи ёзиб беради.

Кейинроқ профессор Вилчур ҳақидаги иккинчи асарни ҳам ёзиб тугатади ва у ҳам филм қилинади.

1939 йил 1 сентябр куни Полшага Германия, 17 сентябр куни СССР бостириб киради. Адиб ўша пайтда Руминия билан чегарадаги Кути шаҳарчасида эди (бу шаҳар ҳозир Украина таркибида).

Ўшанда адиб руминлар шаҳарчага ҳужум қилишининг олдини олиш учун тузилган кўнгилли полиция бўлинмасига ёзилади. 1939 йил 22 сентябр куни Тадеуш отишмалардан бирида ҳалок бўлади. Ўша пайтда у 41 ёшда эди.

1978 йилда адибнинг ҳоки Варшавага кўчирилиб, қайта дафн этилади. Варшавадаги кўчалардан бирида унга ёдгорлик тахтаси ўрнатилган.

Беларусда Мостович туғилган уйга тўрнатилган маълумотнома

«Табиб» филми

1981 йилда полшалик таниқли режиссёр Ежи Гофман «Табиб» романи асосида иккинчи марта филм суратга олади. Унинг тақдимоти 1982 йил 12 апрел куни ўтказилади.

Филм нафақат Полшада, балки дунёнинг бир қатор давлатларида ҳам муваффақиятли намойиш этилади ва кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳолар олади.

1983 йилда «Табиб» филми рус тилига ўгирилади ва совет кинотеатрларида намойиш этилади. Ўшанда уни СССРда 40 миллиондан ошиқ одам кинотеатрларга келиб томоша қилади.

Рус тилига таржима қилишда филмнинг анча жойлари, асосан диний ва сиёсий мотивга эга суҳбатлар, қаҳрамонлар ибодат қилган кадрлар кесиб ташланади.

«Табиб» филми бир неча йил аввал ўзбек тилига ҳам таржима қилинган ва телеканаллар орқали намойиш этилганди. Филм ўзбек томошабинлари томонидан ҳам илиқ кутиб олинган.

«Табиб» филмидан лавҳа

«Дизмизм»

Тадеуш Доленга-Мостович фанга «дизмизм» атамасини киритган. Бу атама адибнинг илк романи «Никодим Дизманинг амал пиллапояси» (бу асар номи ўзбекча таржимада «Муттаҳамнинг парвози» деб кетилган) туфайли пайдо бўлган.

Роман сатирик жанрда ёзилган бўлиб, у 1932 йилда чоп этилган. Унинг бош қаҳрамони Никодим Дизма табиатан ялқов, тўпори ва қашшоқ эди. У ўзи яшаб турган ҳудуддаги почта бўлимидан ишдан бўшатилгач пойтахт Варшавага келади.

Сўнг бу ерда жуда тез суръатда амал пиллапояларидан кўтарилиб кетади. Катта амалдор бўлгач, Дизма қотил ва ўғрига айланади ва ҳеч кимга раҳм қилмайди.

Роман чоп этилгач китобхонлар ва адабий танқидчилар томонидан жуда юқори баҳо олади. Чунки адиб ўз асари билан ўша даврдаги Полша амалдорларининг ҳақиқий башарасини очиб берган эди.

Ўша йилларда Полшага раҳбар бўлиб олган маршал Пилсудский кунларнинг бирида «Қасдма-қасдликка энг аҳмоқ одамни бош вазир қилиб тайинлайман. Ўтакетган калтабин ҳам бош вазир бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўяман уларга», дейди.

«Никодим Дизманинг амал пиллапояси» романи ҳам Мостовичнинг машҳур асарларидан бири ҳисобланади.

Сўнг гапини исботлаш учун у археология профессори Деон Козловскийни қишлоқ хўжалиги министри қилиб тайинлайди. Профессор ўзига мутлақо бегона бўлган соҳада бор-йўғи бир йил ишлайди холос.

Адиб «Никодим Дизманинг амал пиллапояси» асаридаги воқеалар билан қайсидир маънода Пилсудискийнинг ўша иши устидан боплаб кулган эди.

Доленга-Мостович ўз асарида ҳаётий мисоллардан ўринли фойдалангани учун ўша пайтда поляк зиёлилари орасида номуносиб, истеъдодсиз ва калтабин одамнинг давлат арбобига айланишини ифодаловчи «дизмизм» деган термин пайдо бўлади. Кейинчалик бу термин халқаро даражада оммалашади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид