Ўзбекистон | 18:45 / 04.03.2021
30253
5 дақиқада ўқилади

Такси ҳайдовчиларига лицензия талаби бекор бўладими? Қачондан?

Расмий идора вакиллари йўналишсиз такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган касб эгалари рўйхатига киритилишини бир неча марта таъкидлаб айтишган. Аммо ушбу масалада ҳануз ўзгаришлар бўлмаяпти.

2020 йилда ўзини ўзи банд қилган касб эгалари рўйхати эълон қилинганди. Дастлаб, 30га яқин касб рўйхатга киритилганди, кейинроқ ушбу рўйхатдаги касблар сони 67тага етказилди.

Амалда жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил амалга оширадиган, ЯТТ сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобланади. Ушбу тоифадаги касб эгалари сирасига сартарош, уйда репетиторлик қилиш, энага, уй хизматчиси ва бошқалар киради.

Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан белгиланган миқдорда тўланган ижтимоий солиқ суммалари асосида уларнинг меҳнат стажи ҳисобга олинади. Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахс, айтайлик, ўқитувчи ё сартарош ўз уйида ишини ташкил қилган, бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорида (амалда 245 минг сўм) тўловни бажариб, рўйхатдан ўтиши мумкин. Тўлов эса пенсия ва стаж ҳисоблаш учун асос бўла олади.

Бу рўйхатга йўналишсиз йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи, соддароқ айтганда – ўз машинасида кира билан шуғулланувчилар ҳам киритилиши айтилганди. Киракаш одам шунчаки телефон ёрдамида рўйхатдан ўтиб, 245 минг сўм тўлаб, лицензиясиз ишлаши мумкин бўлади (аниқроғи, шундай бўлиши керак эди).

Аммо 2020 йил 9 июнда эълон қилинган президент қарорида такси ҳайдовчилари рўйхатдан тушиб қолди. Кейинроқ, президент фармонида ҳам назарда тутилмади. Бунга нима тўсқинлик қилмоқда?

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг айтишича, такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган касблар рўйхатига киритилиши аниқ, аммо ечими топилмай турган айрим масалалар бор.

«Фуқароларни олиб юргандан кейин, масъулият сезиш керак. Биз транспорт воситасининг қанчалик техник талабга жавоб бериши, қанчалик хизмат кўрсатиш учун шароит бор ва ҳоказо масалада масъулият бўлиши керак. Агар ҳар бир ҳайдовчига такси қилиш ҳуқуқини эркин берсак, уларнинг мижозлари бўлиши мумкин бўлган фуқароларга хавф пайдо қилишимиз мумкин. Яъни назоратни йўқотамиз, ким уни бошқарган, қанақа автомобил, тажрибаси ё соғлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаймиз», дейди Чориев.

Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров ҳам таксистлар рўйхатдан тушиб қолаётганини шу важ билан изоҳлаганди.

«Барча ҳудудларда таксичилик билан шуғулланувчи фуқаролар сони кўп, агар уларга қонуний шароит яратиб берсак, албатта, уларнинг ижтимоий масаласи ҳам ечиларди. Бу жойда масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бугунги кунда юридик шахс сифатида аҳоли ташиш хизматини кўрсатувчи ҳайдовчиларга қўйилган талабни бажариш масаласи келиб чиқмоқда. Ўзини ўзи банд қилувчи ҳайдовчи аҳолининг хавфсизлигини таъминлай оладими? Масала ҳалигача кун тартибидан олинмаган», дейди у.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ҳам Kun.uz билан суҳбатда ушбу масала юзасидан вазирлик позицияси ҳақида гапириб берганди. Унга кўра, ҳайдовчилар йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи онлайн сервис – агрегаторга (масалан, Яндекс ёки MyTaxi иловалари) уланиши шарт.

«Масаланинг ечимини ўйлаганда, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш устувор масала бўляпти. Ҳайдовчининг соғлиги ва машинанинг техник кўриги мутасаддилар томонидан назорат қилиниши лозим. Транспорт вазирлигининг таклифи билан, такси агрегат компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйланмоқда. Шунда, ҳайдовчилар махсус ўрнатилган мосламалар орқали соғлигини автоматик текширувдан ўтказиши ҳам назарда тутилган», деганди у.

Молия вазири ўринбосари кўчаларда алкотестер ва кўз орқали инсон соғлигини аниқлайдиган махсус мосламалар ўрнатилиши ва ҳайдовчилар шундай нуқталарга келиб, вақти-вақти билан мослама билан мулоқотда бўлишини айтиб ўтганди.

Умумий қилиб айтганда, расмий идора вакиллари такси фаолияти ўзини ўзи банд қилган касблар рўйхатига қўшилишида якдил фикр билдирмоқда: бу амалга ошади. Меҳнат вазири Нозим Ҳусанов ҳам ушбу масала 2021 йилда ижобий ҳал этилишига умид боғлаган.

Барибир, қуруқ гап билан қорин тўймайди: қачон ва қай тартибда такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган касб эгалари сифатида тан олинади? Аниқ жавоб ҳалигача йўқ.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид