Ўзбекистон | 12:28 / 26.05.2022
36835
16 дақиқада ўқилади

Эски мактабларда нима учун болалардан туз олиб юриш талаб этилган? “Заковат” мухлиси саволи учун 62 млн ютган финал ўйинидан репортаж

Чўпонлар нега қўриқлашда урғочи итлардан ҳам фойдаланади? Африкалик фермерлар экинни филлардан қандай ҳимоя қилади? “Заковат” телеўйини баҳорги мавсуми финалидаги қизиқарли саволлар билан танишинг.

Баҳорги мавсумда барчани ҳайратга солган янги жамоа ўз иштирокини мавсум финалида давом эттирадиган бўлди. Биринчисида томошабоп ўйин кўрсатган жамоанинг иккинчи иштирокида ҳам мухлислар мазмунли ўйин кутишга ҳақли. Қолаверса, мавсум финалида энг яхши билимдонга 50 млн сўм ваъда қилинаётгани ҳам билимдонларнинг ўйинда борини бериб ўйнаши учун етарли сабаб, шундай эмасми?

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

  • Темурбек Турсунқулов – Тошкент тиббиёт академияси магистранти;
  • Муҳиддин Усмонов – муҳандис;
  • Аббос Салайдинов – ҳуқуқшунос (жамоа сардори);
  • Бобур Максимов – ҳуқуқшунос;
  • Муҳаммадхўжа Аҳмедов – Ўзбек тили ва адабиёти университети 4-босқич талабаси;
  • Соҳиб Жонтоев – бухгалтер.

Қоидага кўра, финалларда энг яхши билимдонни танлашнинг алоҳида тартиби амал қилади. Хусусан, билимдонлар ғалаба қилса, энг яхши билимдон ушбу жамоадан, телетомошабинлар ғалаба қилса, энг яхши билимдон савол эгалари орасидан аниқланади. Бунда энг яхши савол эгаси энг яхши билимдон деб топилади.

Мавсум финалига кўтаринки кайфиятда етиб келган жамоанинг ўйин бошида бироз ишлари юришмай турди. 1-раундда чўпонларнинг зотдор итлари ҳақидаги саволда жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади. Қисқа қилиб айтганда, билимдонлар урғочи итлардан “панд еди”! Ҳисоб – 0:1.

2-раундда боксдаги бир комбинацион зарба ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволда ҳам жамоада тўғри вариант топилмади. Тўғри жавоб эълон қилиниши билан барча кузатувчилар қарсак чалиб юборди. Қизиқарли савол. Ҳисоб – 0:2.

3-раунд саволи Садриддин Айний асарида келтирилган эски мактабдаги болалар ҳақида бўлди. Қизғин муҳокамалар жараёнида тўғри вариантга етиб бора олган жамоа ўйиндаги илк очкони қўлга киритди. Ҳисоб – 1:2.

Ажойиб савол билимдонларнинг ўзини тиклаб олишига туртки бўлармикан?

Мўғулистонлик йилқибоқарлар қайси отларни сўйишга топшириши ҳақидаги 4-раунд саволи финал ўйинидаги энг осон савол бўлди. Шунга мос равишда жамоадаги деярли барча билимдон илк сонияларданоқ тўғри жавобни бирваракайига айтди. Бир дақиқа якунида жамоа навбатдаги очкога эга бўлди – 2:2. Билимдонларнинг “оти” чопишни бошлади!

5-раундда Александр Македонскийнинг Буцефал лақабли оти ҳақидаги савол ўйналди. Аввалги раунд саволи жамоа учун қанчалик осонлик қилган бўлса, бу раунд саволи шунчалик қийинлик қилди. Саволни тополмаган жамоа ҳисобда телетомошабинларни олдинга ўтказиб юборди – 2:3.

Саволда айтилишича, Македонский жанг олдидан отининг эгари остига бўри терисини тўшаб олган ва буни ҳис қилган от жангларда пишқириб, олов бўлиб ёнган экан. Бу саволни эшитган от боқувчиларимиз бўрининг терисини қидиришга тушиб кетишмаса бўлгани!

Ўйин экваторига келиб, билимдонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Тереза исмли қизнинг урушдан кейин чизган расми ҳақидаги саволини жамоа қийинчилик билан бўлса-да, топа олди. Ҳисоб – 3:3.

7-раунд саволи АҚШдаги кўприкнинг қулаш сабаби ҳақида бўлди. Ушбу раундда анча қизғин муҳокама олиб борилди, жамоа тўғри йўналиш олди. Бироқ, афсуски, савол охиригача ишланмагани оқибатида тўғри жавобга етиб борилмади. Эҳҳ афсус. Ҳисоб эса – 3:4.

8-раундда замонавий рус шоири Евгений Ткачов шеъри асосида тузилган савол ўйналди. Тасаввурни ишлатишга ундайдиган қизиқарли савол жамоага бироз қийинлик қилди. Билимдонлар учун ҳисоб таҳликали кўринишга келди – 3:5. Футбол тили билан айтганда “хавфли вазият”!

9-раунд саволи африкалик фермерларнинг экин майдонини филлардан ҳимоя қилиш усули ҳақида бўлди. Савол мантиғига катта қийинчиликсиз етиб борган жамоа ҳисобни қисқартиришга эришди – 4:5. Ажойиб мантиқий савол!

9-раундда клуб ёрдамидан фойдаланиши мумкин бўлган жамоа саволни ўзи топгани учун клуб ёрдамини 10-раундга олиб қўйди. Демак, 10-раунд олдидан жамоа ҳисобни тенглаштириш учун яхши имкониятга эга бўлди.

10-раундда Урганч музейидаги сурат асосида тузилган савол ўйналди. Бир дақиқа давомида билимдонлар томонидан турли вариантлар айтилди. Аммо улар орасида қай бири тўғрилиги ёки умуман тўғри жавоб бор-йўқлиги номаълум бўлгани сабабли жамоа клуб ёрдамини олишга қарор қилди. Аммо клуб ҳам якдил вариантга эга бўлиб чиқмади. Турли томондан турли вариантлар янграши жамоанинг ишини қийинлаштириб қўйди. Клубдагилар айтган вариантлар орасида тўғриси ҳам бўлганига қарамай, жамоа нотўғри вариантни танлади. Афсуски, шу савол ўйинда охиргиси бўлиб қолди. Ҳисоб телетомошабинлар фойдасига – 4:6.

Сўнгги финалларда билимдонларни кетма-кет мағлуб этиб келаётган телетомошабинлар жамоаси бу сафар ҳам улоқни илиб кетди. Шунга кўра, энг яхши билимдон ҳам ушбу жамоадан танланадиган бўлди. Финал саволлари орасида овоз беришда сўнгги савол учта овоз тўплади. Бу эса савол муаллифи – нукуслик Баҳодир Қидирбоев финалнинг энг яхши билимдони деб топилишига сабаб бўлди.

Билимдонларнинг мағлубиятига қарамай, мухлислар финалда қизиқарли ўйин гувоҳига айланди. Ёш жамоа эса финалдан қуруқ кетмайдиган бўлди – йигитлар ўзлари учун финалда ўйнаш тажрибасини ўзлаштирди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1 -раунд. Савол муаллифи – Музаффар Раҳимов, Навбаҳор тумани

Бошловчи: Чўпонлар отарларда қўйларни қўриқлаш мақсадида йирик зотли итлардан фойдаланишади. Фақат эркак эмас, урғочи итларни ҳам боқишади. Урғочи итлар албатта бўлиши шарт. Насл қолдириш ва яна бир катта мақсад учун урғочи итлар бу ерда бўлиши шарт экан. Ёрдам сифатида айтаман, урғочи итлар қўриқлаш тизимида катта рол ўйнаган.

Диққат савол: Урғочи итлар қўриқлаш тизимида аниқ қандай вазифани бажаргани учун улар шу ерда туришади?

Жавобни Темур Турсунқулов беради: Бизнинг фикримизча урғочи итлар насл қолдиргандан кейин, боласининг атрофида ҳушёрлиги янада ошади ва ўша ердан бошқа ерга кетмай боласи турган жойни яхшироқ қўриқлай бошлайди. Оналик ҳисси ривожланади деб ўйладик.

Тўғри жавоб: Урғочи итлар бўридан чўчишмайди, бўриларни сезган эркак итлар беркиниб олишади. Фақат урғочи итлар уларга ташлана олади. Урғочи итни қизғаниб эса эркак итлар кетидан бўрига ташланади.

Ҳисоб: 0:1.

Савол муаллифи – Музаффар Раҳимов, 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

2-раунд. Савол муаллифи – Ёдгор Умрзоқов, Чортоқ тумани

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Ўзига хос комбинация. Бир, икки чап қўл билан, ўнг қўл билан асосий зарба. Боксда учта зарбадан иборат комбинация бор. Яъни мана шу комбинация. Иккита зарба чап қўлда битта зарба ўнг қўлда урилади. Чап қўл зарбалари орасида озгина пауза бўлади. Кейин эса мўлжаллаб аниқ қилиб ўнг қўл зарбаси урилади. Бокс мутахассислари бу комбинацияни бир касб эгалари билан аташади.

Диққат савол: Бу комбинация номини қайси касб эгалари номига қўйилган?

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Бу касб темирчилар деб ўйладик.

Тўғри жавоб: Улар асосан одатда чап қўллари билан икки марта эшикни тақиллатишади, ўнг қўл билан мактубни узатишади. Бокс тилида бу комбинацияни номи почталён деб номламади.

Ҳисоб: 0:2.

Савол муаллифи – Музаффар Раҳимов, 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

3-раунд. Савол муаллифи – Одил Ҳамроев, Навоий шаҳри.

Бошловчи: Садриддин Айнийнинг "Эски мактаб" қиссасида ёзилишича, мактабга қатновчи болалар халтасида, тахминан носқовоқдек идишда туз олиб юришган.

Диққат савол: Домла талаби билан олиб юрилган бу туз нима учун керак бўлган?

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Бу ерда ўқитувчи талаб қилишидан мақсад, агар қайсидир ўқувчи дарс қилмай келган бўлса ёки интизомсизлик қилса, аввал мактабларда биламиз хивчин билан урилган, ўша қўшимча жазо сифатида яраси устига туз сепган бўлиши мумкин. Қўшимча жазо сифатида қўлланган.

Тўғри жавоб: Эски мактаб ҳақида тасаввур бор ҳаммада, эски мактабни биласизлар, домла ўтиради қўлида узун ҳивчин билан. Болалар дарсда тўполон қилса ёки дарсни ўзлаштирмаса аёвсиз калтакланади. Боз устига, агар каттароқ гуноҳ қилса калтакланган танага туз сепилади.

Ҳисоб :1:2.

Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи – Мамаражаб Шоимардонов, Узун тумани.

Бошловчи: Мўғулистонлик йилқибоқарлар куз келиши билан отларни ичидан ажратиб олиб кушхонага топширишади. Улар қайси отни сўйишга беришни билиш йўлини билишади. Бунинг учун отларни ғовлар билан тўсилган қўрани ичига овқат бермай қамаб қўйишади. Сўнгра икки-уч кундан кейин отлар орасидан кушхонага борадиганлари маълум бўлади.

Диққат савол: Ундай отлар қандай ажратиб олинади?

Жавобни Соҳиб Жонтоев беради: Деярли ҳаммада шунақа фикр чиқди, демак, 2-3 кундан кейин борганда ўша ерда қолиб кетган отлар топшириб юборилади. Кучли отлар у жойдан қутулиб чиқиб кетишади.

Тўғри жавоб: 2-3 кун кейин отларнинг қорни оча бошлайди, овқат уларга берилмайди. Отларнинг чаққони, озғинлари ғов устидан сакраб ўтади. Ўтолмагани демак у семиз, сўйишга лойиқ.

Ҳисоб: 2:2.

Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи – Алишер Нусратов, Ромитан тумани.

Бошловчи: Искандар Зулқарнайннинг Буцефал деган оти бўлган. Бу от жуда ғалати бўлган. Агар у эгаси билан сайрга чиқса ўта юмшоқ ва сокин бўлган. Агар эгаси билан жангга кирса олов бўлиб пишқирган. Бунинг сабабини Искандар билан отбоқар билган.

Диққат савол: Отбоқар жангдан олдин нима қилганки от пишқирган, олов бўлган?

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Бизнинг фикримизча, отбоқар жанг олдидан отга қалампир берган. Шунинг натижасида балки от қизиб олов бўлиб жанг қилган.

Тўғри жавоб: Искандарнинг оти ҳеч нарсадан чўчимаган, фақат бўридан бўлак. Унинг эгари остига бўри териси ёпиштириб қўйилган. Буни сезган от доимо олдинга босган.

Ҳисоб: 2:3.

Савол муаллифи – Алишер Нусратов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи – Улуғбек Эгамбердиев, Андижон шаҳри.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Асли поляк бўлган америкалик рассом Девид Сеймурнинг 1947-1948-йилларда ЮНЕСКО буюртмасига асосан тайёрланган урушдан кейинги болалар альбомида Тереза исмли қизнинг сурати бор. Мактабда расм дарсида экрандаги суратни чизиб беради.

Диққат савол: Қизча ниманинг суратини чизган деб ўйлайсиз?

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Балки бу қизчадан уруш вақтида қаерда бўлганини чизиб беришини сўрашганида, ўзининг сарсон-саргардон бўлганини, оч-наҳор бўлганини мана шу йўналишини чизиб бергандир. Уйингни чизиб бер деган бўлса мана шундай чизиб бергандир.

Тўғри жавоб: Бу қизча 7 ёшлар чамаси мактабга янги чиққан пайтида. У қиз конслагерда туғилган. Ва қизчага нимани суратини чиздинг деб сўралганда, у уйимнинг сурати деган.

Ҳисоб: 3:3.

Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи – Зиёвуддин Қурбонов, Пахтаобод тумани.

Бошловчи: АҚШнинг Филадельфиясидаги бир кўприк нураш оқибатида ағанаган. Нимадан нураганини ўрганган мутахассислар сабабини қидириб топишган. Кейин кўприк қайта таъмирлангач, бир гуруҳ ташкил этилган. Гуруҳга аниқ бир вазифа юклатилган. Гуруҳ кўприкни эрта нурашдан сақлаш учун кундуз кунлари кўприкда бир иш билан шуғулланган.

Диққат савол: Аниқ айтинг гуруҳга қандай вазифа юклатилган?

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Бизнинг фикримизча бу гуруҳ кундузи қушларни ҳайдаб юрган, қушларнинг тезаги темир нурашига олиб келиши мумкин. Шунда бу гуруҳ кундузи қушларни ҳайдаган.

Тўғри жавоб: Темир кўприкда тунда минглаб қушлар тунайди. Уларни вазифаси қушларни ҳайдаш бўлмаган. Қушлар қолдирган ахлатларни тозалаш бўлган. Тунда ухлагани келган қушларни ҳайдаш хавфли. Чунки қушлар палапартишликда бир-бирларини нобуд қилиб қўйишлари мумкин.

Ҳисоб: 3:4.

Савол муаллифи – Зиёвуддин Қурбонов, 8 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи – Суннатилла Расулов, Каттақўрғон тумани.

Бошловчи: Марҳамат заковат сандиқчаси олиб чиқилсин!

Замонавий рус шоири Евгений Ткачовдан тўрт қатор шеър:

Макон этиб чанг босган уйнинг томини

Эски қути йиртиб қопга тушиб олмоқда.

Кераксиз режадек хаёлдан учиб,

Ҳатто Улар ҳам қариб қолмоқда.

Сандиқчадаги ҳам қариб қолмоқда.

Диққат савол: Сандиқчадаги «У»нинг нималиги топинг.

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Бизнинг фикримизча сандиқчада эски китоблар бор.

Тўғри жавоб: Гап том ҳақида кетяпти, эски қути йиртиқ-ямоқ, нималардир ашқол-дашқол, ҳаммаси йиғилиб ётибди, ҳатто беғубор улар ҳам вақт ўтгани сари қариб қолар экан. Марҳамат сандиқчани очамиз. Унинг ичида қўғирчоқ бор.

Ҳисоб: 3:5.

Савол муаллифи – Суннатилла Расулов 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи – Равшан Мамажонов, Тўрақўрғон тумани

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Африкадаги фермерлар экин экиладиган майдонни мана шунақа сим тўрлар билар ўраб қўйишар экан. Уларнинг орасида сим бор. Ва ўртасига яшиклар илиб қўйишади. Мақсад майдонни филлардан ҳимоялаш экан.

Диққат савол: Айтинг-чи, яшикларда нима солинган деб ўйлайсиз?

Жавобни Бобур Максимов беради: Бизнинг фикримизча, бу идишлар ўзига хос асаларилар ини бўлган. Тўсиқдан ўтган фил буни бузиб юборади, асаларилар чиқиб уни чақади ва фил орқасига қайтиб кетишга мажбур бўлади.

Тўғри жавоб: Улар ҳам қўриқлайди, ҳам ўзининг азалий ишини қилади. Африкадаги экин майдонларига асосий зарарни филлар қилишади. Филлар ундан қўрқишади. Кейин қаерда унинг ҳужумига учраса шу жойга яқинлашишмайди. Бу яшиклар ичида асаларилар бор.

Ҳисоб: 4:5.

Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи – Баҳодир Қидирбоев, Нукус шаҳри.

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Баҳодир бу суратни Ичанқалъанинг бир бўлимида кўрган экан. Бу бўлим Хоразм ... тарихи бўлими экан.

Диққат савол: Бу бўлим мусиқа жанри бўлмаса, унда нима деб номланган?

Жамоа клуб ёрдамини олади.

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Энг кўп тарози босадиган нарса расмда матолар бўляпти, масалан оёқ остига тўшалганиям, ёғоч кроват устида гилам ва ёстиқдаги безакларам бор. Бу Хоразм мато тўқиш санъати бўлими.

Тўғри жавоб: Бу бўлимнинг номи Табобат тарихи бўлими. Хоразмда мусиқа оҳанг эмас, юксакроқ хилқат. Бу суратда мусиқа билан даволаш кўрсатилган.

Ҳисоб: 4:6.

Савол муаллифи – Баҳодир Қидирбоев 12 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Хоразм табобати тарихи ҳақидаги савол муаллифи Баҳодир Қидирбоев финалнинг энг яхши билимдони деб топилди.

Фото: Заковат

Баҳодир Қидирбоев ҳомий Капиталбанк томонидан 25 млн сўм, «Заковат» интеллектуал клуби томонидан 25 млн сўм, жами 50 миллион сўм билан тақдирланадиган бўлди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Шу тариқа, «Заковат» телеўйинининг баҳорги мавсуми ўз якунига етди. Олдинда мухлисларни ёзги мавсум ўйинлари кутиб турибди.

 

Мавзуга оид