Ўзбекистон | 22:21 / 14.11.2019
36107
3 дақиқада ўқилади

«Лукойл» Қашқадарёда ишчиларни ҳақорат қилган ходими бўйича муносабат билдирди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россиянинг «Лукойл» компаниясининг Ўзбекистондаги бўлими ходими Қашқадарё вилоятидаги «Жарқудуқ» газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россиянинг «Лукойл» компаниясининг Ўзбекистондаги бўлими ходими Қашқадарё вилоятидаги «Жарқудуқ» газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалганди. Ишчиларнинг айтишларича, воқеа икки ҳафта аввал юз берган.

«Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» матбуот хизматининг маълум қилишича, электрчилангарлар бригадаси участка бошлиғи раҳбарлигида 110 минг вольт кучланишли «Жарқудуқ» нимстанциясида иш олиб борилаётганида хавфсизлик техникаси талаблари қўпол равишда бузилган бўлиб, бу бригада ўлими, қимматбаҳо ускуналарнинг шикастланиши ва бутун объектнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган. Йўл қўйилган хато бош энергетик Иван Шилов томонидан аниқланган, шундан сўнг тасдиқланган қоидаларга мувофиқ нимстанциядаги ишлар вақтинча тўхтатилган.

«Кўрсатмаларга риоя қилмаслик қўл остидаги ходимларнинг ҳаёти учун фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаган Иван Шилов мулоқот чоғида ахлоқий меъёрлардан четга чиқиб кетган ва маҳаллий ходимларга нисбатан қўпол сўзлар айтган», - дейилади матбуот хизмати томонидан.

Маълум қилинишича, ҳозирда компанияда ички текширув ўтказилмоқда, шу боис Иван Шилов «Лукойл»нинг ишбилармонлик этикаси бўйича комиссиясининг Москвадаги йиғилишига чақирилган. Ўрганиш натижаларига кўра воқеанинг барча иштирокчиларига нисбатан айбдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда интизомий чоралар кўрилади.

Аввалроқ ушбу ҳодиса юзасидан Ўзбекистондаги бир нечта нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўз фикрларини билдирди.

Хусусан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Лукойл» компанияси раҳбарияти келгусида бундай ҳолатларга такрор йўл қўймаслик ҳақида, шунингдек, мазкур салбий ҳолат иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот бериши лозимлигини билдирганди

Ўзбекистон ХДП мазкур видеолавҳа юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ўтказиб, ҳолат бўйича расмий изоҳ, тушунтириш берилиши зарурлигини билдирди

ЎзЛиДеп хизмат вазифасини бажариш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун масъул ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш энг тўғри йўл деб ҳисоблашини маълум қилди.   

«Адолат» партияси Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасига мувофиқ, «Лукойл» амалдорининг ҳаракатларини қонунчилик меъёрларига зид деб ҳисоблашини билдирган ва компания раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритишни сўраган.  

Мавзуга оид