Ўзбекистон | 23:00 / 13.09.2023
11822
2 дақиқада ўқилади

“Лукойл” компанияси “СРП” доирасида Ўзбекистонга тўлаган маблағ очиқланди

“Lukoil Uzbekistan” компанияси 2023 йилнинг 1-ярмида маҳсулот тақсимоти битими доирасида давлатга 103,1 млн доллар тўлаган. Ўзбекистонда газ қазиб олувчи корхонанинг бундай битим доирасидаги тўлови илк марта очиқланмоқда.

Фото: Известия

Ўзбекистондаги бир қатор газ конларига эгалик қилувчи “Lukoil Uzbekistan Supply and Trading Ltd” компанияси маҳсулот тақсимоти битими доирасида 2023 йилнинг 6 ойи давомида давлатга 103,1 млн доллар тўлаган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2023 йил 1-ярми бўйича давлат бюджети ижроси ҳисоботида келтирилишича, бу маблағ миллий валютага конвертация қилиниб, давлат бюджети даромадларига (1 трлн 213,8 млн сўм) ўтказилган.

Бу – Ўзбекистондаги газ конларига эгалик қилувчи корхоналар томонидан маҳсулот тақсимоти битимлари (СРП) доирасида давлатга тўланган маблағларнинг илк марта очиқланиши бўлди. Вазирлик ҳисоботида “Лукойл”дан бошқа компаниялар билан тузилган битимлар бўйича даромадлар очиқланмаган.

2023 йил февралида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов берган маълумотга кўра, Россиянинг “Лукойл” компанияси билан тузилган қўшма корхона Ўзбекистонда 13 та кондан табиий газ, конденсат ва олтингугурт қазиб олади. Маҳсулот тақсимоти битимига асосан, корхона фаолиятидан олинган фойданинг 50 фоизига “Лукойл”, 50 фоизига давлат эгалик қилиши белгиланган.

Шунингдек, қўшма корхонада инвестор сифатида “Ўзбекнефтгаз” 10 фоиз улушга эга экани ҳисобига, якуний фойданинг 55 фоизи Ўзбекистон томонига, 45 фоизи Россия томонига тегишли бўлиши айтилган.

Йил бошида, шунингдек, Ўзбекистонда 295 та нефт ва газ кони очилгани, шулардан 60 фоизи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялар ихтиёрида экани маълум бўлганди.

Мавзуга оид