Жамият | 14:28 / 24.05.2019
61759
2 дақиқада ўқилади

Барчанинг тилига тушган капалаклар тўдаси қаердан келиб қолди?

Охирги вақтларда Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида бир хил кўринишдаги капалаклар тўдаси кўпайиб қолди. Кўпчилик капалакларнинг бунақа тўда бўлиб учганини кўрмаганини айтмоқда. Ўқувчилар бу синоатнинг нима билан боғлиқ эканини билиш учун Kun.uz сайтига ҳам мурожаат қилишди.

Капалаклар тўдаси қаердан келиб қолганини билиш учун Kun.uz мухбири Навоий вилояти «Жонли табиат био-экологик маркази» жамоат бирлашмаси директори И.Тоғаев билан боғланди. Мутахассис бу борада ўз фикрларини айтди.

Маълум бўлишича, одамларнинг эътиборини тортаётган бу тўда чақамиғ, яъни қушқўнмас капалаги экан. Уни репейница ҳам дейишади. Бундай турдаги капалакларнинг қуртлари ҳар хил мураккабгулдошлар - чақамиғ, каррак, қичитқиўт кабиларга ёпишиб, ривожланади. Ғумбаклари баҳоргача шу ўсимликлар танасида ёпишиб қолади.

Бундай капалак Ўзбекистон шароитида 5 мартагача насл беради. Дунёда кенг тарқалган бу капалак ўтлоқлар, ўрмонлар, водийларда, паст тоғликлар ва суғориладиган ерларда учрайди.

«Катта эҳтимол билан бу йил Ўзбекистонда бундай капалаклар кўпайиб кетишининг асосий сабаби баҳорнинг намгарчиликка бой бўлгани. Намгарчилик юқори бўлгани сабаб қишдан чиққан барча ғумбаклар очиб чиққан ва улар нектар, ширага бой ўсимликларни излаб, тўда-тўда бўлиб учишмоқда.

Бу турдаги капалаклар узоқ жойларга миграция қилиш хусусиятига ҳам эга. Шу боис улар Ўзбекистонда намликнинг яхши бўлгани сабаб Россия жануби ёки Қозоғистондан келиб қолган бўлиши ҳам мумкин»,- дейди мутахассис Kun.uz мухбирига берган маълумотида.

 

Мавзуга оид