Капалаклар орасидаги миграция қанотлилардаги каби тез-тез учрамайди. Шунга қарамай, сайёрамизда у ёки бу шаклда миграцион хулқ-атворга эга 200 турдан ортиқ капалаклар яшайди. Ҳар йили жанубга миграция қилиб, кейин ортга қайтадиган капалаклар орасида энг машҳури данаида монарх саналади. Айнан шу капалак тури учун қўриқхона ташкил қилинган.

Бу ғаройиб капалаклар Шимолий ва Жанубий Америкада жуда кўп. Ер шарининг бошқа минтақаларида ҳам учрайди. Бу турнинг энг кўп ўрганилгани Шимолий Америкада яшайдигани бўлиб, у ҳар йили жанубга учади. Мазкур капалаклар ёз фаслини АҚШ шимоли-шарқи ва Канаданинг жануби-шарқида ўтказади. Совуқ тушиши билан бир гала бўлиб, жанубга томон ҳаракатланишади. У ерда октябрдан мартга қадар қишлайдилар. Капалакларнинг кўп қисми қишни марказий Мексика, Мехико ва Мичоакан штатлари ҳудудида ўтказади. Унчалик катта бўлмаган қисми эса Калифорнияда қишлайди. Мексикада қишлаш даврида айрим йиллари миллиард дона данаида монарх тўпланади. Биологлар ўрмон билан қопланган тоғ ҳудуди капалакларнинг қишлаш жойи эканини сезишгач, ғаройиб экотизимни сақлаш имконини берадиган қўриқхона ташкил қилишга қарор қилинди. Шундай қилиб, Мексиканинг фахри – монарх капалакларининг биосфера қўриқхонаси пайдо бўлди.

Капалаклар дарахтларга жойлашиб, бу ерда қиш бўйи қолишади. Тоғли туман бўлгани сабаб тунда об-ҳаво ҳарорати паст бўлади. Афсуски, ушбу ҳолат капалаклар маълум миқдорининг нобуд бўлишига олиб келади. Шунга қарамай, уларнинг катта қисми қишдан яхши чиқиб олади ва март ойида 3-4 минг километр узоқликдаги саёҳатга отланади.

Энг ҳайратланарли жиҳати – уларнинг катта масофани босиб ўтиши эмас, мазкур капалакларнинг ҳаёт кечириш муддати 2 ойдан ошмайди. Яъни ушбу капалаклар бир авлод даврида икки томонга миграцияни амалга оширадиган рекорд даражада узоқ умр кўрувчилар саналмайди. Баҳорда Мексикадан учиб чиққан капалаклар АҚШ жанубига келганида тухум қўяди. Икки ҳафталик озиқланиш ва икки ҳафталик ғумбак давридан ўтиб, саёҳат қилувчи капалакларнинг янги авлоди дунёга келади. Улар яна кўпайишни бошлайди. Бу жараён иссиқ давр вақтида бир неча марта такрорланади. Ана шу ерда ғаройиб метаморфоза содир бўлади.

Саёҳат қилувчи капалакларнинг сўнгги авлоди диабез номли репродуктив босқичга ўтади. Бундай ҳолат уларга режалаштирилган икки ой ўрнига 6-7 ой яшаш имконини беради. Ушбу вақт давомида капалаклар Мексикадаги қўриқхонага учиб келиш, у ерда баҳоргача яшаб, капалакларнинг янги авлодига ҳаёт бериш учун ортга қайтишга улгуради.















