Жаҳон | 13:12 / 07.11.2024
5015
9 дақиқада ўқилади

Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазодаги вазият

2023 йилнинг 8 октябридан буён Исроил Ғазога 85 минг тоннадан зиёд портловчи моддалар ёғдиргани иддао қилинмоқда.

Бир йилдан зиёд вақт мобайнида Исроил бомбардимонлари остидан амаллаб кун кечираётган Ғазо секторидаги экологик фалокат ҳақида Фаластин атроф-муҳит бошқармаси айрим маълумотларни тақдим этди.

85 минг тонна портловчи моддалар ёғдирилгани сабаб, Ғазода қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ йўқ қилинган, 40 мингдан зиёд инсон қурбон бўлган, яна минглаб инсонлар бедарак йўқолган, дейилади хабарда.

Ғазога ёғдирилган бомбалар «Иккинчи жаҳон уруши давридаги бомбалардан ҳам кучлироқ» экани қайд этилмоқда.

«Исроилнинг доимий бомбалашлари қишлоқ хўжалиги экинларининг катта майдонлари йўқ бўлишига, тупроқнинг эса заҳарли кимёвий моддаларга тўйинишига ва энди ўнлаб йиллар давомида яроқсиз аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлди», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, бошқарма Исроил Ғазода инсонлар ва барча тирик организмлар учун хавфли бўлган фосфорли бомбалардан фойдаланганига эътибор қаратган. Ерости сизот сувларига сингиб кирган кимёвий моддалар энди ўнлаб йиллар давомида Ғазо секторидаги ҳаётга салбий  таъсир ўтказади.

Бошқарма бу ҳужумларни тўхтатиш ва батамом атроф муҳит заҳарланишининг олдини учун БМТ ва жаҳон ҳамжамиятини тезкор чоралар кўришга ва халқаро қонунларга риоя қилинишини таъминлашга чорлади.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

Интернетда Исроил ҳарбийлари Ливаннинг жанубидаги Майс-уд-Жабал аҳоли пунктида бир вақтнинг ўзида кўплаб уйларни портлатаётгани тасвирлари пайдо бўлди.

Яҳудий аскарларнинг ўзи суратга олгани гумон қилинаётган видеода портлашлардан хурсанд бўлган ҳарбийларнинг қийқириқлари эшитилиб турибди ва аҳоли яшаш пунктини портлашдан чанг ва тутун қоплаб олаётгани тасвирланган.

Ғазо секторидаги шаҳарлар вайрон қилингач, фаластинликларнинг қонига тўймаган Исроил Ливанга ҳужум қилишда ҳамда мамлакат жанубида ўзининг қўпорувчилик ҳаракатини давом эттирмоқда.

Ер устидан қилинган ҳужум натижасида Исроил армияси Ливан жанубидаги 37 аҳоли пунктини ва у ердаги 40 мингдан ортиқ уйларни тўлиқ яксон қилди, деб хабар беради маҳаллий медиа.

Ливанга ҳужум бошланганидан буён қурбон бўлганлар сони 3 мингдан, ярадорлар сони эса 12 мингдан ошган.

Трамп урушни тўхтатоладими?

АҚШнинг 47-президентига айланган, бир сўз билан ифодалаб бўлмайдиган, радикал, можароларга бой Доналд Трамп урушларни тўхтата оладими ёки сайёрамизга баттар ўт қўйиб юборадими?

Гарчи Трамп сайловолди кампаниясида Украинадаги урушни бир кунда тўхтата олиши ва Яқин Шарқдаги тўқнашувларни бас қилишини гапирган бўлса-да, бу баёнотлар энг аввало бу тинчликдан манфаатдор томонлар учун мутлақо тескари аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Трамп очиқчасига исроилпараст позицияни эгаллаган. Унинг аввалги президентлиги даврида АҚШ оккупация қилинган Қуддус шаҳрини Исроилнинг бўлинмас пойтахти деб тан олган. Унинг куёви Жаред Кушнер меъмори бўлган Авраам келишувлари эса бугун Фаластинда юз бераётган ҳарбий жиноятлар ва геноцид учун Исроилнинг мутлақо жазосизлигини бошлаб берган эди.

АҚШда сайлов бўлаётган чоғда ҳам Исроил Ғазода фаластинликларни қириш билан машғул бўлди. Исроил армияси Ғазодаги Жабалия шаҳри, Ат-Туффаҳ, Аз-Зарка туманларига зарба берди ва 11 кишини ўлдирди.

7 октябрдан буён ўлдирилган фаластинликлар сони 43 мингга етди. Эксклав эса тобора яшаш учун яроқсиз ҳолатга келтирилмоқда.

«Трампнинг ғалабаси — Исроилнинг ғалабаси»ми?

Исроилнинг ултраўнг миллатчи миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир Трампнинг ғалабаси Исроил учун фаластинликлар билан урушда «тўлиқ ғалаба»ни таъминлашини таъкидлаган.

«Суверенитет фурсати етди. Тўлиқ ғалаба қозониш вақти келди», — деган ултраўнг вазир Фаластин давлати жойлашган Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилини тўлиқ аннексия қилишни назарда тутиб.

Миллий хавфсизлик вазири шунингдек ҳибсга олинган фаластинликлар учун ўлим жазосини жорий қилишга чақирди. Бен Гвир АҚШнинг эски-янги президенти бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлашидан умидвор эканини билдирди.

«Ўлим жазоси ва бошқа ҳар қандай қонунларни қабул қилишнинг вақти келди ва АҚШ президенти бунда бизни қўллашига шубҳа қилмайман», — деган у Кнессетда чиқиш қилиб.

Трампнинг ғалабасини Исроил ҳукуматининг янги бир ултраўнг миллатчи вакили — Исроил молия вазири Бецалел Смотрич ҳам олқишлаган. Сиёсатчи сайлов натижаларини X ижтимоий тармоғида қисқача шарҳлаган: «Худо Исроилнинг ишларини ўнгла. Худо, Американи қўлла» деб.

Зеленскийдан Трампга хушомад

Украина президенти Володимир Зеленский Доналд Трампни президентлик сайловидаги «ёрқин» ғалабаси билан табриклади ва Трамнинг можароларни ҳал қилишга ёндашувини қўллашини маълум қилди.

«Мен президент Трампнинг дунё ишларида «куч орқали тинчлик» ёндашувига содиқ эканини қадрлайман. Бу Украинада амалда адолатли тинчлик ўрнатилишини яқинлаштириши мумкин бўлган принципнинг айнан ўзгинаси. Ишонаманки, биргаликда биз буни рўёбга чиқарамиз», — деган Зеленский.

«Украина Европадаги энг кучли ҳарбийлашган давлат сифатида Европада ва Трансатлантика ҳамжамиятида иттифоқчиларимиз билан биргаликда узоқ муддатли тинчлик ва ҳавфсизликни таъминлашга интилади», — деган Украина етакчиси.

Бу орада сайлангани аниқ бўлган Доналд Трамп ўз тарафдорларига жаҳондаги урушларни тугатишга ваъда берган: «Рақибларимиз мени урушларни бошлайди, дейишди. Мен уруш бошламоқчи эмасман, урушларни тугатаман», деган Трамп.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин Трампни табриклашни режалаштирмаётганини маълум қилди.

«Мен президентнинг Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклаш режаси бор-йўқлигидан бехабарман. Келинг, унутмайлик, гап бизнинг давлатимизга қарши урушга бевосита ва билвосита жалб қилинган нодўстона давлат ҳақида бормоқда»‎, — деган Песков.

Туркий давлатларнинг янги байроғи

Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида ташкилотнинг янги байроғи қабул қилинди.

Бу орада Қирғизистон байроғидаги қуёш тасвири алмаштирилди. Айнан ўша қуёш тасвири ташкилотнинг байроғидан ҳам ўрин олган эди. Янги байроқ турк ўзлиги ва бирлигининг асосий рамзларини жам қилган. Қозоғистон байроғининг мовий рангидан андоза олинган олдинги байроқдан фарқли ўлароқ янги байроқда барча символлар улкан саккизбурчак юлдуз ичига жойлаштирилди. Қуёш нурлари ҳам Қирғизистоннинг янги байроғидан андоза олинди.

Саммитга оид бошқа янгиликлар. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркий давлат етакчиларига эсдалик тангасини совға қилди.

Танга лидерлар Садир Жапаров, Қосим-Жўмарт Тўқаев, Илҳом Алиев, Сардор Бердимуҳаммедов, Шавкат Мирзиёев, Виктор Орбан, Эрсин Татарга шунингдек, ташкилот бош котиби Қубанчбек Ўмуралиев, ҳамда ташкилотнинг оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдиримга берилди.

Танганинг бир тарафида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг байроқлари тасвири ва туркий файласуф Исмоил Ғаспиралининг «Бирлик тилда, фикрда ва ишда» деган сўзлари туширилган. Орқа томонида ташкилотнинг байроғи ва унга асос солинган сана — 2009 йилнинг 3 сентябри тасвирланган.

Саммитда Туркий давлатлар ташкилотининг Марказий банклари кенгаши тузилгани ҳам эълон қилинди. Кенгашнинг тузилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг марказий банклари орасида самарали ҳамкорлик қилишга йўналтирилган.

Германияда коалиция парчаланди

Германия канцлери Олаф Шолц молия вазири, Эркин демократик партия етакчиси Кристиан Линднерни ишдан бўшатишини эълон қилди. Бу ҳукмрон коалиция парчаланганини билдиради. Энди Шолц 15 январ куни мартда муддатидан аввал сайлов ўтказиш учун Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўяди.

Германияда Германия Социал-демократик партияси, Эркин демократик партия ва «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясидан ташкил топган ҳукмрон «светофор коалиция» парчаланди.

Коалиция бўйича ҳамкорлар узоқ вақтдан бери иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсат масалаларида зиддиятларга боришган, шу сабаб улар 2025 йилги бюджет бўйича келиша олмадилар.

Кристиан Линднернинг Германиянинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсатини тубдан ўзгартириш талаби билан канцлер Шолцга йўллаган мактуби ошкор бўлгач, улар ўртасидаги можаро янги куч билан авж олди. Бу хабар СДП ва «яшиллар» томонидан кескин танқидга учради. Улар эркин демократларни муаммоларга ечим топиш учун биргаликда ишлашни истамаслик ва коалицияни бузиш учун сабаб топишга ҳаракат қилишда айбладилар.

Мавзуга оид