Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғарбий соҳилда яна 19 та посёлка қурмоқчи

Исроил ҳукумати босиб олинган Ғарбий соҳилда 19 та янги яҳудий посёлкаларини қуриш таклифини маъқуллади.

Хавфсизлик кабинетининг ушбу қарори амалдаги ҳукумат даврида Ғарбий соҳилдаги аҳоли пунктлари сонини қарийб 50 фоизга оширди. «Peace Now» нодавлат ташкилотига кўра, айни вақтда уларнинг сони 210 тага етди. Ушбу яҳудий посёлкалари халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланади.

Мазкур қарор Ғазо бўйича сулҳнинг иккинчи босқичига ўтишга ҳаракат бошланган бир пайтда қабул қилинди. АҚШ воситачилигидаги режа Фаластин давлатига олиб борувчи эҳтимолий «йўл харитаси»ни назарда тутади. Исроил қураётган ноқонуний аҳоли пунктлари эса Фаластин давлатини тузиш имкониятини йўққа чиқаришга қаратилган.

Исроил ҳукумати таркибида аҳоли пунктлари ҳаракатининг ашаддий тарафдорлари радикал вазирлар – Безалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвир ҳисобланади.

Исроил 1967 йилги урушда — фаластинликлар келажакдаги давлат учун даъво қилаётган ҳудудларни эгаллаб олган. Бугунги кунда Исроил Ғарбий соҳилда 500 мингдан ортиқ, баҳсли Шарқий Қуддусда эса 200 мингдан ортиқ кишини жойлаштирган.

АҚШ яна бир нефт танкерини қувиб бормоқда

21 декабр, якшанба куни АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати Венесуэла яқинидаги халқаро сувларда бир нефт танкерини қувиб боришни бошлаган. Бу ҳақда АҚШ расмийлари Reutersʼга маълум қилган.

«У сохта байроқ остида сузмоқда ва суд томонидан мусодара қилиш тўғрисидаги қарор мавжуд», деди АҚШ расмийларидан бири. Унинг айтишича, тўхтатиб қолиш турли шаклларда бўлиши мумкин — жумладан, шубҳали кемаларга яқин масофада сузиш ёки унинг устидан учиб ўтиш орқали ҳам.

АҚШ денгиз хавфсизлиги манбасига кўра, гап Bella 1 кемаси ҳақида бормоқда. Бу жуда йирик нефт ташувчи танкер бўлиб, у Эрон билан алоқадор экани билдирилган.

АҚШ 20 декабр куни ҳам халқаро сувларда бўлган Centuries кемаси саҳнига кириб бориб, уни мусодара қилган эди. ОАВга кўра, шанба куни қўлга олинган Centuries кемаси АҚШ санкциялари остида бўлмаган, Трампнинг блокада ҳақидаги буйруғи эса санкция остидаги танкерларга тегишли ҳисобланади.