Энди пахта нархи эркин бозор тамойиллари асосида белгиланади
Ўзбекистонда етиштирилган пахта хомашёси нархи эндиликда бозор тамойиллари асосида белгиланади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz'га хабар бермоқда.
Ушбу ўзгаришларга 2023 йил 26 январда «Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори асос қилиб келтирилган.
Хабарда айтилишича, пахта хомашёсининг нархи бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ, ҳар бир ҳудудда ўша ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бевосита олувчи ва сотувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади.
Фермер-деҳқонга ўзи етиштирган пахта хомашёсини харидор билан ўзаро келишилган нархда сотиш эркинлиги берилади. Пахта етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизгача қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Хабарда уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари кластерлар томонидан фермер хўжаликларига устама қўлламасдан, ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз паст нархларда етказиб берилгани пахта етиштириш харажатларини камайтириш учун яна бир имконият бўлгани айтилади.
Вазирлик вакилига кўра, жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари харид қилиниши натижасида 48 фоиз майдонда чигит юқори унумли замонавий пневматик сеялкаларда экилган ва 15 минг тонна уруғлик чигит (24 млрд сўмдан ортиқ) ва 5 минг тонна дизель ёқилғиси (қарийб 50 млрд сўм) тежалган.
Республика бўйича томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган пахта майдонлар қарийб 300 минг гектарга етказилиши натижасида ғўзани суғориш ишларида 1,5 млрд куб метрга яқин сув ресурслари, 50 минг тоннадан ортиқ минерал ўғит (қарийб 200 млрд сўм) ва 10 минг тоннага яқин ёқилғи мойлаш материаллари (90 млрд сўмдан ортиқ) иқтисод қилинган.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
08:00 / 07.10.2024