Жамият | 22:10 / 18.03.2019
35068
8 дақиқада ўқилади

«Ерларимни тортиб олишди» - 50 бош қорамоли билан ерсиз қолган  қўшкўпирлик чорвадор-фермер муаммоси

2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинди.

Янги тартибга асосан кўплаб фермер хўжаликларининг ери захирага қайтарилиб, комиссия томонидан танловга қўйилди ва талабгорларга ажратиб берилди. Аммо мақбуллаштириш жараёни ҳамма ерда силлиқ кечди, қарордаги талаблар оғишмасдан бажарилди деб айта оламизми?

Kun.uz таҳририятига ери захирага қайтарилганидан норози бўлган кўплаб фермер хўжаликлари раҳбарлари мурожаат қилган. Улар орасида Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Шихмашхад қишлоғи, «Ўзбекистон» маҳалласида ташкил қилинган «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов ҳам бор.

2019 йил январь ойида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси қароридан келиб чиқиб, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги ҳисобидаги ер майдонлари 100 гектардан кам бўлгани сабабли, уни захирага қайтариб олган. Фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов буни ноқонуний деб ҳисобламоқда.

«2019 йил январь ойида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги балансимиздаги ерни захирага қайтариб олиш учун мендан ариза талаб қилди. Мен уларга фаолиятимда нафақат пахтачилик ва ғаллачилик, балки чорвачилик ҳам бор, ерни ўзимда қолдиринглар, мақбуллаштиришга зарурат йўқ деб айтдим. Аммо бу иш вақтинчалик эканини, тез орада ерлар ўзимга қайтишини айтиб, барибир ариза ёздириб олишди. Афсуски, бу гапларга алданиб қолдим. Кейинчалик, ерлар танловга қўйилиб, бошқа фермер хўжалигига бериб юборилди. Энди 50 бош қорамолни қандай ўтлатаман?», - дейди Муҳаммад Байжанов.

Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 14-сон қарорида қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари уларнинг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 10 гектар, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 5 гектар деб белгиланган. Яъни, шу йўналишларда фаолият юритувчи фермер хўжаликларининг ер майдони бу меъёрлардан кам бўлса, мақбуллаштирилиши лозим.

Бироқ, «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов фаолиятида нафақат пахтачилик ва ғаллачилик, балки чорвачилик ҳам борлигини таъкидламоқда.

Қўшкўпир тумани ҳокимининг 2008 йил 18 апрель кунги 230-сонли қарори билан «Байжанов Отабек» фермер хўжалигига чорвачилик йўналиши билан шуғулланишга рухсат берилган.

2011 йил 9 март куни берилган 264-сони гувоҳномада «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги фаолияти чорвачилик экани кўрсатилган. 

2008 йилда «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги чорвачилик билан шуғулланиш учун Қўшкўпир тумани ҳокимлигидан рухсат олган ва унга 19,7 гектар ер ажратиб берилган.

2016 йилда Қўшкўпир тумани ҳокимлиги «Байжанов Отабек» фермер хўжалигига қўшимча равишда 14,1 гектар ер ажратиб, ғалла ва пахта етиштириш режасини ҳам юклаган.

Фермернинг таъкидлашича, шу вақтдан бошлаб, «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги сут-гўшт маҳсулотлари, пахта ва ғалла етиштириш режаларини ортиғи билан бажариб келган.

Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарорига кўра, чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қўшкўпир тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳозирги вақтда «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги ҳисобида 50 бош қорамол мавжуд, демак меъёрга кўра, унда камида 15 гектар ер майдони бўлиши шарт эди. Ваҳоланки, унда чорвачиликка мўлжалланган 19,7 гектар ер бўлган ва бу Вазирлар Маҳкамаси қарори талабига тўлиқ жавоб берар эди. Натижада фермер хўжалигига тегишли ерларни мақбуллаштиришга зарурат йўқ эди.

Қўшкўпир тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Эргаш Бекчанов «Байжанов Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжановнинг эътирозини асоссиз деб ҳисобламоқда.

«Байжанов Отабек» фермер хўжалиги фаолиятида чорвачилик йўналиши йўқ, фақат пахтачилик ва ғаллачилик бор. Бу фермер хўжалиги кўп тармоқли эмас. Ер майдонларининг миқдори эса пахтачилик ва ғаллачилик учун қўйилган талабга тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам бу фермер хўжалигига берилган ерлар мақбуллаштирилди.

Ҳозирги вақтда фермер хўжалигида 50 бош қорамол борлигини аниқлаганмиз. Шунинг учун «Байжанов Отабек» фермер хўжалигига бошқа контурдан 15 гектар ер таклиф қилдик. Бу ер фермер хўжалиги молхонасидан 7,5 км узоқликда жойлашган. Ундан фойдаланган ҳолда фаолиятини давом эттириши мумкин», - дейди Эргаш Бекчанов.

«Байжанов Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Байжанов бу таклифни қабул қилмаяпти.

«Бизга «Зарбдор» маҳалласи «Қум» ҳудудидан 15 гектар ер таклиф қилинди. Бу молхонамиздан 10 км узоқликда. Ернинг бонитет балли 39 экан. Ваҳоланки, мендан захирага қайтарилган ерларнинг бонитет балли ҳам шунга тенг эди. Бир хил бонитетга эга ерларнинг бирини олиб, иккинчисини беришда мантиқ борми? Бундан ташқари, молхонамиз атрофидаги ерларда қорамолларни ўтлатар эдик. Ҳозир бу ерлар бошқа фермерга бериб юборилган. Энди молларни қаерда ўтлатамиз? Агар моллар бу фермернинг ерига кириб кетса, экинини пайҳон қилса, жанжал келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?», - дейди фермер.

Фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасидаги зиддиятнинг қисқача мазмуни шундай.

Муҳаммад Байжанов молхонаси атрофидаги ерлар ўзига қайтарилишини истамоқда. Қўшкўпир тумани ҳокимлиги эса бу ерларни аллақачон танловга қўйиб, мақбуллаштириб, бошқа талабгорга бериш ҳақида қарор чиқарган. Фермерга эса бошқа ҳудуддан ер таклиф қилмоқда. Байжанов бу таклифни рад қиляпти ва мақбуллаштириш ноқонуний ўтказилган деб ҳисоблаяпти.

Хоразм вилояти қишлоқ хўжалигида чорвачилик соҳасининг аҳволи мақтагулик даражада эмаслигига шубҳа йўқ. Бунга бозорда 1 килограмм мол гўштининг нархи 40 минг сўм атрофида экани яққол исбот бўла олади. Тан олиш керак, нархи қимматлиги сабабли, кўплаб оилалар гўшт маҳсулотларини меъёридан кам истеъмол қилмоқда, иқтисодий имконияти йўқлари эса ундан аллақачон воз кечган. Тўйиб гўшт ейиш баъзи оилалар учун имконсиз ҳашаматга айланган.

Чорвачилик соҳасига бўлган эътибор пасайтирилса, чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари қўллаб-қувватланмаса, уларнинг раҳбарлари фикри, шароити чуқур ўрганилиб, инобатга олинмаса аҳвол бундан ҳам яхшиланиши даргумон. Қачонки чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларининг муаммолари ўз ечимини топсагина Ўзбекистон халқининг дастурхони арзон ва сифатли сут-гўшт маҳсулотлари билан тўлади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид