Ўзбекистон | 11:54 / 09.02.2022
11274
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов яна “Капиталбанк”даги улушини оширди

Россиялик ишбилармон Алишер Усмоновга алоқадор компания яна “Капиталбанк”даги улушини оширди. Январ ойида компания банкдаги улушини 25 фоизга оширганди.

Фото: Сергей Савостьянов/ТАСС

8 феврал куни “FINANCE TCI” МЧЖ (Россия компанияси) “Капиталбанк”нинг 3,81 фоиз акциясини сотиб олди. Бу ҳақда “Тошкент” Республика фонд биржаси сайтида маълумот жойланган.

“Finance TCI” Алишер Усмоновга қарашли “Телекоминвест” МЧЖнинг шуъба корхонаси ҳисобланади. Компания “Капиталбанк” АТБ устав капиталининг 3,85 фоиз акциясини сотиб олган. Битим натижаларига кўра, “Finance TCI” 16 493 327та оддий акцияларни қўлга киритган.  

Шу билан Алишер Усмоновга қарашли компаниялар улуши жами 61,54 фоизга етди. Усмонов қўлидаги акциялар сони эса (аффилланганлар билан аввал сотиб олинган жами акцияларини қўшиб ҳисоблаганда) 263 893 229 донани ташкил этмоқда. Уларнинг барчаси оддий акциялар.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябр ойидан буён “Капиталбанк”нинг 50 фоиз акциясига эгалик қилиб келган Ойбек Турсунов 20 январ куни банкнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилганди. Алишер Усмонов январ ойида ҳам банкдаги улушини оширди.

Ўтган ойда аффилланган шахслар рўйхатидан чиқиб кетган Турсуновнинг ўрни Россия компаниялари – “Телекоминвест” МЧЖ ва “Корус” АЖ томонидан тўлдирилди. “Корус” компанияси “Капиталбанк”нинг аффилланган шахслари рўйхатига 2022 йил 12 январдан бошлаб қўшилган. “Корус” ҳам Алишер Усмоновга қарашли “Телекоминвест”га аффилланган.

2022 йил январ ойида “Телекоминвест”нинг ўзи банкдаги улушини 25 фоизга етказди.

Мавзуга оид