Жаҳон | 08:29 / 29.12.2025
11344
4 дақиқада ўқилади

Донбасс масаласи ҳал бўлмади: Трамп ва Зеленский учрашуви натижалари

Украина президентининг айтишича, тинчлик режаси 90 фоизга келишилган. АҚШ президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида Донбассдаги ҳудудлар масаласи ҳали ҳал қилинмаганини тан олди.

Фото: Joe Raedle/AFP/Getty Images

Мар-а-Лаго (Флорида штати) қароргоҳида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина раҳбари Володимир Зеленский ўртасидаги учрашув жиддий, кўзга кўринарли ютуқларсиз якунланди. Сиёсатчилар Палм-Бичда якшанба, 28 декабр куни ўтказган музокаралар икки ярим соатдан ортиқ давом этди. Бу — йил бошидан буён етакчиларнинг тўртинчи учрашуви.

Тинчлик келишуви қачон тузилиши мумкинлиги ҳақида сўралганда, Трамп қўшма матбуот анжуманида шундай деди: “Агар ҳаммаси ҳақиқатан жуда яхши кетса — эҳтимол, бир неча ҳафта ичида. Агар ёмонроқ кетса — узоқроқ. Агар ҳақиқатан жуда ёмон кетса — умуман ҳеч нарса чиқмайди”.

Америка раҳбари Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни Иккинчи жаҳон уруши давридан кейинги энг қонли ва энг йирик тўқнашув деб атади.

Украина президенти Володимир Зеленский эса 20 пунктдан иборат тинчлик режаси 90 фоизга келишилгани, АҚШ–Украина хавфсизлик кафолатлари эса 100 фоизга келишилганига ишонч билдирди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ–Европа–Украина хавфсизлик кафолатлари ҳам деярли ишлаб чиқилган.

Трампнинг айтишича, Киев хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларнинг катта қисмини Европа ўз зиммасига олади, бироқ АҚШ ҳам бу борада ёрдам беришга тайёр.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, баҳсли масалаларни якунлаш учун икки давлат жамоалари яқин ҳафталарда учрашади. Унинг таъкидлашича, Европа етакчилари ва Украина делегацияси январ ойида Вашингтонга келиши эҳтимоли бор.

Тарафлар ҳали Донбассдаги ҳудудлар масаласида якдил қарорга келолмаяпти. Оқ уй раҳбари Украина ва Россия уларнинг мақоми бўйича “яқинлашаётгани”ни айтди, аммо вазифа барибир жуда мураккаблигича қолмоқда: “Бу масала ҳал қилинмаган, аммо биз ечимга анча яқинлашдик. Бу жуда мураккаб масала, лекин менимча, у ҳал бўлади”, — деди АҚШ президенти.

Зеленский эса ўз навбатида Трампнинг тинчлик режаси айрим бандлари бўйича референдум ўтказилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.

Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳақида гапирган Трамп унинг мақомини Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатида муҳокама қилганини, Путин эса “Украина билан уни очиш бўйича иш олиб бораётгани”ни айтди. Трамп шунингдек, Россия раҳбари станцияни ракеталар билан нишонга олмаяпти, деб даъво қилди. Зеленский эса бу жиҳатни изоҳламади.

Трампнинг версиясига кўра, Москва Украинани қайта тиклашда ёрдам бериш ниятида. “Россия Украинани муваффақиятли кўришни истайди”, — деди АҚШ президенти ва Путин “электр энергиясини жуда паст нархларда етказиб беришга тайёр” эканини қўшимча қилди.

АҚШ ва Украина президентлари музокаралар бошланишидан олдин Европа етакчилари билан қўшма телефон мулоқоти ўтказди. Бундан ташқари, Трамп Зеленский билан учрашув олдидан Путин билан ҳам телефон орқали суҳбатлашган. РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, қўнғироқ Трамп ташаббуси билан бўлиб ўтган ва 1 соат 15 дақиқа давом этган.

Ушаковнинг айтишича, Путин Анкориж саммити давомида эришилган натижаларга кейин ҳам таяниш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, у Трампнинг махсус тузиладиган ишчи гуруҳлар доирасида келишув бўйича ишларни давом эттириш таклифига рози бўлган, уларнинг параметрлари ҳақида январ бошида маълум бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид