Жамият | 18:06 / 24.02.2024
21336
13 дақиқада ўқилади

Кечиккан Ҳиндистондан шу йўлдаги Ўзбекистон учун сабоқлар (1-қисм, Деҳли)

Дунёдаги энг ифлосланган 20 та шаҳардан 13 таси жойлашган, камида 140 миллион одам меъёрдан 10 баравар хавфли ҳаводан нафас олаётган, аҳолисининг ўпкаси чекмайдиган европаликникига қараганда 30 фоизга заифроқ ишлайдиган Ҳиндистон – Kun.uz журналисти нигоҳида.

Дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари рўйхатидаги Деҳли, Мумбай ва Калкутта шаҳарларида бу фалокат сабаблари бир-биридан фарқ қилади. Демак, ўрганишларимизни пойтахтдан бошлаймиз.

Деҳлини юқоридан томоша қилсангиз, туманга ўхшаш хиралик бор – тутунми, чангми фарқлолмайсиз. Тўйиб нафас олишга нимадир халал беради. Куни билан чарчоқ, уйқуга тўймаслик, ҳолсизлик ва кутилмаган бош оғриғи сизга ҳамроҳ бўлади. Соғлом одамнинг бу ҳолатга тушишида, албатта, тоза ҳаво – кислороднинг етишмаслиги энг катта сабаб.

Сунъий интеллект ҳам “Бугунги Ҳиндистон ҳавосини тасвирлаб бер” деган топшириғимизга экологияси бузилган шаҳарларнинг суратларини тақдим этди.

Унинг бугунги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари ҳам Ҳиндистончалик бўлмаса-да, бироқ суратлардан кўриниб турибдики, у қадар ижобий ҳам эмас. Хулоса қилишга ундайди кишини.

Ҳиндистонликлар қандай фикрда?

Статистик рақамларга ўтишдан олдин Ҳиндистондаги ҳаво ифлосланиши ҳақида “Ҳиндистонликлар қандай фикрда?” деган саволга жавоб олиш мақсадида оддий рикша ҳайдовчиси билан қилган йўл-йўлакай суҳбатимиздан бир парча келтирамиз:

Деҳлида ҳар йили январ-февраль ойларида ҳаво ифлосланиб кетади. Ҳозир шундай мавсум. Машиналар ҳам кўп. Февралдан кейин ёмғир кўп ёғишни бошлагач, ҳаммаси жойига тушади. Ҳаво тозаланади.

Лекин февралда ҳам шу-шу машиналар ҳаракатланади-ку?

Ёмғир йўқ пайти ҳамма кўчада бўлади. Мавсум келгач, ҳавони тозалайди. Одамлар ҳам кўчага камроқ чиқади.

Демоқчисизки, ҳаво ифлосланишида одамлар сони кўплиги сабабчи. Шундайми?

Албатта. Қаранг, ҳамма ёқда тирбандлик. Деҳлида бир кишига тўрт машина тўғри келади.

Машиналар шунчалик арзонми?

Аслида тўрт кишилик бир оилага битта машина етарли. Деҳлида бойлар кўп. Битта машинага қаноат қилмасдан, яна ва яна сотиб олаверишади. Кўп автомобил ҳавони бузади. Ҳукумат шунинг учун электр автомобилларни ишлаб чиқаришга йўл очяпти.

Суҳбатдошнинг гапларида жон бор. Деҳлида ҳаво сифати индекси баҳор-куз ойларида одатда яхши (0-50), қониқарли (51-100) ва ўртача (101-200) миқдорларда бўлади ва кейин у кескин ёмонлашиб, оғир (301–400) ва хавфли (401–500+) даражагача чиқади.

Ҳиндистонга сафаримиз айнан шу қиш мавсуми, яъни ҳавонинг ифлосланиши энг юқори даражага чиққан пайтга тўғри келди. Октябр-феврал ойларида турли тутатиладиган маросимлар, байрамларда петардаларнинг отилиши, ҳосилдан кейинги оммавий равишда экин майдонларининг ёқилиши каби қўшимча мавсумий омиллар бу салбий статистикага ҳисса қўшади.

Деҳлидаги миллионлаб автомобиллар тутунлари, унда-бунда кўриниб қоладиган қурилишлардан чиқадиган чанглар ва кўчаларда исиниш учун исталган нарсанинг ёқилиши шаҳарни шу кўйга солаётган сабаблардан, дейиш мумкин. Албатта бу бирламчи ва нотўғри бўлмаган хулосалар. Яна шундай яширин ва кўринмас сабаблар борки, улар фақат статистикаларда айтилса-да, лекин санаб ўтиш учун арзирли.

Ёнилғини сохталаштириш

Баъзи ҳинд таксилари ва авторикшалари сохта ёнилғи аралашмасида ҳаракатланади. Бензин ва дизелни арзонроқ ёнилғилар билан сохталаштириш Жанубий Осиёда, жумладан Ҳиндистонда кенг тарқалган. Бензиннинг дизел ёнилғисидан қимматлиги кам даромадли ҳайдовчиларни шу ишни қилишга мажбур қилади.

Аралашма нисбати 80 га 20 дан 70 га 30 фоизгача бўлиши мумкин. Мисол учун, 1 литр экологик бензиннинг нархи ўзбек сўмида 14 500 сўм бўлса, дизел эса 13 000 сўм атрофида туради. Ёнилғини сохталаштириш ой давомида сезиларли миқдорда пулни тежайди. Лекин бу автомобиль двигателининг ҳаётийлик муддатини қисқартиради. Машина ёки рикшалар ўзиники бўлмаган кўп сонли ижарачиларни эса бу ташвишга солмайди. Сохта ёнилғи сабаб шаҳардаги ҳаво ифлосланиши, унинг ҳаёт сифати ва соғликка таъсири эса шунчаки эътиборга олинмайди.

Тирбандлик

Numbeo индексида Деҳли тирбандлик даражаси бўйича дунё шаҳарлари ўнлигига киритилади. Мавжуд йўлларнинг ҳар бир километрига транспорт воситалари сонининг кўплиги, шаҳар ичидаги бўлинган магистраллар ва тез ўтказувчи йўл тармоқларининг етишмаслиги, шаҳарлараро тезюрар йўлларнинг йўқлиги, йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидаларига умуман амал қилмаслик тирбандликнинг асосий сабаблари сифатида кўрилади.

Келинг, тирбандликнинг ҳавога зарари ҳақидаги тадқиқотларга тўхталиб ўтсак. Ўртача тезлиги соатига 20 дан 40 км гача бўлган автомобиллар ифлослантирувчи моддаларнинг эмиссияси ўртача тезлиги 55-75 кмдаги уловларникидан икки бараварга кўп бўлса, тирбандликлардаги 5-20 км/соат тезликда секин ҳаракатланаётган автомобиллар ўртача тезликдагилардан 4 дан 8 бараваргача кўп бўлган ифлослантирувчи моддалар чиқаради.

Ҳиндистоннинг кўплаб шаҳар йўлларида ўртача тезлик соатига 20 километрдан кам; 10 километрлик саёҳат 30 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақтни олиши мумкин. Бундай тезликда Ҳиндистонда транспорт воситалари камроқ тирбандлик билан солиштирганда ҳавога ифлослантирувчи моддаларни 4-8 марта кўпроқ чиқаради.

Ўтин ёқиш

Ҳиндистон исиниш ва энергия мақсадларида ёқиладиган ўтин, қишлоқ хўжалиги чиқиндилари ва биомассанинг дунёдаги энг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Мамлакатнинг қишлоқ жойларидаги уй хўжаликларининг тахминан 75 фоизи шу турдаги ёқиш воситаларига таяниб, ҳар йили қарийб 149 миллион тонна кўмир ўрнини босувчи ёқилғи-ўтин ва биомассани маиший энергиядан фойдаланиш учун ишлатади. Бу воситаларнинг аҳоли жон бошига ўртача йиллик истеъмоли 206 килограмм кўмир эквивалентига тенг. Ҳиндистон ҳар йили Америка Қўшма Штатларига қараганда ўн баравар кўпроқ ўтин ёқади.

Ўчоқлар эмиссияси

Ҳиндистоннинг баъзи қисмларида чуллаҳ ёки чулҳа деб номланувчи ўчоқларда овқат пиширишади. 100 миллиондан ортиқ ҳинд хонадонларида мавжуд бўлган чулҳалар кунига икки-уч марта ишлатилади. Бу жуда катта кўрсаткичлар бўлиб, улардан чиқадиган заҳарли газ ва тутунни тасаввур қилаверинг.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ҳиндистонда йилига 300-400 минг одам турли биомассани ёқиш ва чуллаҳлардан фойдаланиш туфайли бино ичидаги углерод оксиди заҳарланишидан вафот этади.

Саломатликка таъсири

Майда заррачалар билан доимий нафас олиш астма, бронхит, ўпка саратони, юрак хуружи каби нафас олиш ва юрак-қон томир касалликларига олиб келиши мумкин.

Ҳаво ифлосланишининг салбий таъсирига болалар кўпроқ мойил бўлади, чунки улар тана вазнининг ҳар бир килограммига кўпроқ ҳаво билан нафас оладилар. Шунингдек, улар ташқарида кўпроқ вақт ўтказишади ва шунинг учун бу таъсирга кўпроқ учрайди.

Деҳли юрак ва ўпка институти маълумотларига кўра, икки миллиондан ортиқ болалар – пойтахт Деҳли болаларининг ярми ўпка функциясида анормалликларга эга.

The Lancet'да эълон қилинган 2017 йилги таҳлилий ҳисоботда ҳиндистонликларнинг 77 фоизга яқини тавсия этилган миллий чегарадан сезиларли даражада юқори бўлган заҳарли ҳаво заррачаларини ютиши айтилади.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ошган кунларда тез ёрдам хизматининг чақириқлари одатдагидан 20-25 фоизгача ошади.

Ҳозирда Ҳиндистонда ўртача умр кўриш ёши 67 ёш бўлиб, бу кўрсаткич билан мамлакат 227 та давлат рўйхатининг 192-ўрнини банд қилади. Агар ҳавонинг энг минимал тавсияларига эришилса, Ҳиндистонда ўртача умр кўриш 1,7 йилга ошади, деб тахмин қилинади.

Давлат миқёсидаги тенденциялар

2019 йилда ҳаво ифлосланишининг ёмонлашуви Ҳиндистон ҳисоботларида қарийб 1,7 миллион кишининг бевақт ўлимига олиб келган. Ўша йили 9 млндан ортиқ ҳиндистонлик вафот этганини ҳисобга олсак, ёмон ҳаво ҳар 5-6-одамнинг ўлими сабабчиси бўлган. Давлатда бундай ифлосланиш ортидан деярли 29 млрд долларлик ишлаб чиқариш йўқотиши ҳисобланган.

Энди ҳам бемалолгарчиликда давом этиб бўлмасди. Чунки бу йилгача ҳам Ҳиндистон шаҳарлари ҳаво ифлосланиши бўйича танқидий чегарадан бир неча бараварга ошиб кетган эди. 2019 йилда Ҳиндистон 2017 йилни таққослаш учун базавий йил сифатида белгилаб олиб, 5 йил ичида PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-30 фоизга камайтиришни мақсад қилган "Тоза ҳаво Миллий дастури"ни ишга туширди. Дастур ҳаво сифати стандартлардан ёмонроқ деб ҳисобланган 102 та шаҳарда жорий этилди.

Орадан бешинчи йил ўтяпти, лекин бу шаҳарларда ижобий тарафга ўзгариш жуда суст, улар ҳали ҳам дунё антирейтингларидан тушмаяпти. Чунки мамлакат ўз вақтида сабаблар билан эмас, анча кеч оқибатлар билан курашишга тушди.

Мамлакатдаги пластик ифлосланиш муаммосини ҳал қилиш учун катта қадам сифатида Ҳиндистон 2022 йил июл ойидан бошлаб бир марталик пластмассаларни ишлаб чиқариш, сотиш ва улардан фойдаланишни тақиқлашни эълон қилди.

Пластмассанинг фойдалилиги ва атроф-муҳитга таъсиридан келиб чиққан ҳолда, тақиқ уч босқичда амалга оширилади. Бир марталик ишлатиладиган пластмассаларнинг биринчи тоифаси музқаймоқ, ширинликлар қадоқлари, шарлар ва пластик таёқлар, шунингдек, плёнкалар, сигарет пакетлари бўлса, кейинги босқичларда қайта ишлатиш имкониятига эга бўлган қалинлиги 100 микрондан кўп бўлган пластик маҳсулотлар назарда тутилган.

Гарчи дунёдаги биринчиликдан тушмаётган бўлса-да, Ҳиндистон ҳаво ифлосланишини назорат қилиш бўйича марказий кенгаши сўнгги йиллар учун шундай хулосалар беради:

  • дизел ёнилғисидаги олтингугурт миқдорини камайтириш бўйича кўрилган маҳаллий чоралар ва ҳукуматнинг қатъий назорати билан Солапур ва Аҳмадобод каби шаҳарларда PM10 даражасида пасайиш тенденцияси кузатилган;
  • ёқилғи ўрнида ишлатилган кўмир ёки ўтин ўрнига LPG газ баллонларидан фойдаланиш ҳамда транспорт воситаларининг оммавий CNG метан газ ёнилғисига ўтиши Деҳли, Мумбай, Лакнау, Бҳопал каби кўплаб шаҳарлардаги олтингугурт диоксиди миқдорининг тушишига олиб келган.
  • турли штатларда ҳам маҳаллий ҳукуматлар автомобиллар чиқиндилари нормаларини кучайтириш, чиқиндини ёқиш учун жарималарни ошириш ва йўл чангини назорат қилиш каби чораларни кўришган.
  • транспорт секторида мавжуд 550 та автобус ўрнида 1000 та электр жамоат транспорти автобуслари киритилган.

Шу билан бирга мамлакат 2023 йилга келиб шахсий автомашиналарнинг 25 фоизини электромобилларга алмаштиришга кўмаклашишни режа қилган бўлса ҳам, ҳозир бу кўрсаткич 2 фоизга етмайди. Чунки ёнилғида ҳаракатланадиган транспорт воситаларининг нархи электромобилларга қараганда анча паст. Бироқ бензин ва дизел ёқилғиси нархининг ўсиши туфайли уларнинг операцион нархи электр уловлардан юқори. Икки танлов қаршисидаги ҳиндистонликлар эса ҳали ҳам анъанавий машиналардан воз кечмаяпти.

Шунингдек, атмосфера ифлосланиши ҳақида жамоатчилик турли усулларда хабардор қилиб борилаётганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Яна бир парадокс вазият ҳақида алоҳида гапирмасак бўлмайди. 1973 йилда қурилган Бадарпур иссиқлик электр станцияси Деҳли ҳавосини ифлослантирувчи яна бир асосий манба бўлган. Шаҳар электр энергиясининг деярли 8 фоизини ишлаб чиқарганига қарамай, у Деҳлидаги электр энергетика секторидаги заррачалар ифлосланишининг 80-90 фоизини ишлаб чиқарган.

2016 йил ноябрь ойида Деҳлида “катта тутун” ҳодисаси пайтида Бадарпур электр станцияси ҳавонинг кескин ифлосланишини юмшатиш учун вақтинча ёпилади. Аммо 2017 йил 1 февралда қайта ишга туширишга рухсат берилди ва яна атроф-муҳитга зарарли таъсирини ҳисобга олган ҳолда, электр станцияси 2018 йил 15 октябрдан бутунлай тўхтатилди.

Мақола аввалида “шу йўлда бораётган Ўзбекистон” деган иборани бежизга ишлатмадик. Чунки пойтахтимиз Тошкентнинг ҳам ҳавоси энг ёмон шаҳарлар рўйхатига кириб қолгани ва бу охирги пайтларда бот-бот айтилаётганини шубҳа остига олаётганлар, буни ортиқча ваҳима ёки бундан пул қилишни мўлжаллаган кимнингдир ахборот манипуляцияси, дея бефарқликда давом этаётганлар, кўринмас қотил исканжасида бўлиб ҳам, “ҳеч нарса қилмайди” қабилида исталган жойда чиқинди ташлаётган, зарурат бўлмаса электр энергиясидан бефарқ фойдаланаётган юртдошларимиз орамизда кўп.

Бу сабаблар эса кўпчилик учун энса қотар гаплар, холос. Ёнилғини сохталаштирувчи ҳиндистонликлар кейсида ҳам барча бефарқликлар йиғилиб бориб, шаҳарни заҳарлашга яхшигина ҳисса қўшишаётганини бежизга мисол қилмадик. Ўзимиз зарарлаётган табиатдан сиз, биз, ота-онамиз ва фарзандларимиз нафас олишади.

Бу Ҳиндистон пойтахти Деҳли ҳақидаги йиғган-терган маълумотларимиз эди. Кейинги қисмларда умуман бошқа сабаблар билан ҳавоси ифлосланаётган “Болливуд”, яъни Мумбай ҳамда Калкутта шаҳарлари, шунингдек, Хитойнинг Пекин шаҳри ҳақидаги мустақил ўрганиш хулосаларимизда давом этамиз.

Сардорбек Усмоний
Ҳиндистон, Деҳли

Мавзуга оид