Ўзбекистон | 15:44 / 24.07.2023
60614
6 дақиқада ўқилади

5 млн сўмдан 22 млн сўмгача: ўзбекистонлик депутатлар қанча ойлик олади?

Тожик нашри ўзбекистонлик депутатларнинг маоши 380 доллар (4,4 млн сўм) атрофида эканини ёзди. Kun.uz мухбирининг ўрганишларига кўра, бу миқдор кўрсатилганидан бир неча баробар юқори бўлиб, 16-22 млн сўмни ташкил этади. Депутатларга ойлик даромадини ошкор этмаслик талаби қўйилган.

Фото: Қонунчилик палатаси

Тожикистоннинг Asia-plus нашри Марказий Осиё ва бошқа бир қатор давлатлардаги депутатларининг ойлик маошини таққослади. Унда Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон депутатлари энг кўп, Ўзбекистон депутатлари энг кам маош олиши келтирилган.

Қайд қилинишича, Қозоғистон депутатларининг маоши 2050 АҚШ долларига тенг (23,8 млн сўм). Ундан кейинги ўринларда Тожикистон депутатлари – 688 доллар (8 млн сўм) ва Қирғизистон депутатлари – 500 доллар (5,8 млн сўм). Ўзбекистон депутатлари 380 доллар (4,4 млн сўм) маош билан сўнгги ўринда қайд этилган. Туркманистон бўйича маълумотлар йўқ. Бу борада нашр мухбирлари ўзбек депутатларининг маошлари ҳақидаги маълумотларни очиқ манбалардан олган бўлиши мумкин.

Манба келтирган қўшимча маълумотларга кўра, Беларус депутатлари 950 доллар (11 млн сўм), Буюк Британия депутатлари 5950 доллар (69 млн сўм), Россия депутатлари 6850 доллар (79 млн сўм), Европарламент депутатлари 7500 доллар (87 млн сўм) маош олади.

Kun.uz Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қанча маош олиши ҳақидаги маълумотларни ўрганди.

“Яширин” маош

Маълум бўлишича, 2020 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига махсус банк карталари берилган. 2021 йилда бу пластик карточкага ҳар бир депутат учун ойига 10 млн сўмдан пул тушириб берилган. Бундан ташқари, уларга 7-8 миллион сўм атрофида ойлик маош тўланган. Натижада депутатлар ҳар ой 17-18 млн сўм даромад кўрган.

Бу борада Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нечта депутатлари билан суҳбатлашди. Халқ вакиллари ҳар ой пластик картага 10 млн сўмдан олаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

“Ҳа, ҳар ой банк картамга 10 млн сўм оламан. Бу яхши ишлашимиз ва молиявий муаммолар ҳақида ўйламаслигимиз учун қилинган. Ҳамма нарса меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган. Пул махсус ҳисобварақлардан ажратилади”, – деди исми сир қолиш шарти билан гапирган депутатлардан бири.

Ҳукуматдаги бир қанча манбаларнинг тасдиқлашича, ҳозирда депутатлар ойига ўртача 18 млн сўм пул олади. Нима учун бу маълумот очиқ айтилмаслиги ҳақидаги саволга эса жавоб берилмади.

Манбалардан яна бири банк пластик карточкасига тушаётган 10 миллион сўм “махсус жамғарма”дан ажратилаётганлигини айтиб, бу пул маош эмас, балки давлатнинг ўзига хос “қўллаб-қувватлаши” эканини таъкидлади.

“Барча депутатларнинг квартира ва машиналари бор. Улар давлатдан миннатдор бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилишлари керак. Депутатлар маошининг ўзи 6-10 млн сўм, ушбу миқдор турли мезонларга боғлиқ. Айтилаётган 10 млн сўм эса ҳукумат махсус жамғармасидан ажратилади. Натижада ойлик даромад 16-20 млн сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, махсус карталар орқали маблағ ажратилиши тўхтатилиши ва иш ҳақи миқдорини ошириш режалаштирилганди. Ростини айтсам, шундан кейин нима бўлганини билмайман. Афтидан, карталар ҳали ҳам фаол”, – деди у.

Шу билан бирга, баъзи депутатлар илмий даражалари, маълум ҳарбий унвонларидан келиб чиқиб, кўпроқ ойлик олишади. Умуман олганда, маошлар ойига 16 млн сўмдан 22 млн сўмгача, дейди манбалар.

Афсуски, депутатлар халқ вакили бўлишларига қарамай, маошлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни истамайдилар. Ана шундай депутатлардан бири Kun.uz билан суҳбатда маош бўйича маълумотларни ошкор этмаслик ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканини ва ҳатто оила аъзолари билан ҳам бу масала муҳокама қилинмаслигини айтди.

“Маошлар миқдори – қатъий белгиланган махфий маълумот. Оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар тўғри. Ойига 4,5 миллион сўм оламан. Масалан, Россия Давлат думасидаги депутатларнинг маоши юқори, ҳар бирининг ёрдамчиси бор. Иш сафарлари учун уларга катта пул берилади. Бизда эса бундай эмас”, дея шикоят қилди Қонунчилик палатаси депутати.

Депутат “Пластикда ойига 10 млн сўм қўшимча пул оласизми?” деган саволга жавоб бермади ва маошлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатни яна бир бор эслатди.

Бошқа бир депутат эса ойига 20 млн сўм олишини очиқ айтди, бироқ барча тафсилотларга аниқлик киритмади. Яна бир депутат 16 млн сўм маош олишини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, унда илмий даража ва унвонлар йўқ.

2020 йилда Kun.uz Молия вазирлигидан депутатларнинг даромадлари ҳақида маълумот олишга уринган, бироқ бу борада аниқ рақамлар тақдим этилмаганди. Халқ вакиллари ҳисобланувчи депутат ойига 40 млн сўм маош оладими, 50 млн сўм маош оладими, бу ошкор қилинмайдиган маълумот бўлмаслиги керак. Қонунчилик палатаси фаолияти давлат бюджетидан молиялаштирилади. Бу ерда ҳеч қандай сир бўлмаслиги даркор. Аксинча, депутатлар, ўз даромадлари ҳақида очиқ гапиришлари, бу борада Ўзбекистоннинг кўплаб амалдорлари ва давлат хизматчиларига ўрнак бўлишлари лозим.

Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги қонунда ташкилот фаолиятини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Хусусан, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 394,5 млрд сўм миқдорида пул ажратилиши кўзда тутилган.

Бу ерда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси МЧЖ, АЖ, қўшма корхона ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган эмаслигига эътибор қаратиш лозим. Халқ томонидан сайланган депутатлар фаолият олиб бораётган ташкилотда ҳамма нарса очиқ ва шаффоф бўлиши керак эмасми?

Мавзуга оид