Бир неча ой аввал шохобчаларда 4 минг сўмдан сотилган пропан ҳозирга келиб 8 минг сўмгача кўтарилиб кетди. Нархнинг бу қадар кескин ўсиши аҳолига қандай таъсир кўрсатяпти? Kun.uz ушбу масала юзасидан фарғоналик ҳайдовчилар фикри билан қизиқди.
Пропан нархи охирги 5 ой ичида қарийб икки баробарга қимматлашди. Айни кунларда Фарғонадаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида тақчиллик фонида пропан 7 200 сўмдан 8 минг сўмгача сотилмоқда.

Пропан осмонда...
“Кун иссиғида арзон бўлган пропан нархи ҳаво совигандан кейин кўтарилиб кетди. Аввал метанда юрардим, кейин эса пропанга ўтдим, машина моторини ҳам пропанга мослаганман. Пропанга ўтганимдан бери ҳар сафар заправкага келсам, нарх ўзгараверади: беш юз сўмга, минг сўмга ошади. Бу ҳолатни ким кўриб чиқади, ким жавоб беради?

Мисол учун, нарх етти ярим минг сўм бўлди, айрим заправкаларда 8 минг сўмдан сотиляпти. Лекин бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Тирикчилик шу машинамдан, менга ошган ҳар 100 сўм ҳам сезилади.

Бир неча кун аввал 100 минг сўмга 16-17 та (литр) қуяётган бўлсам, ҳозир 100 мингга 15 та ҳам қуёлмайсиз-да. Қанча депутатларга овоз бердик, сайладик, энди эса улар қорасини ҳам кўрсатмайди. Нима учун бундай муаммоларни ечишмаяпти?”, – дейди Ботирбек Мамажонов.
Таксида юриш арзон тушяпти...
“Охирги ойларда муаммо гирдобида қолдик. Машина сотиб олганимда пропан ўрнатилганига хурсанд бўлган эдим, чунки қишда навбат камроқ бўлади. Болаларни боғчадан олиб келиш, ишга қатнашни ҳисобга олсак, таксида юриш арзон тушяпти, умуман қопламаяпти. Биз ҳайдовчилар азият чекяпмиз.

Ўзи миниб юрган машинамиз қиммат, шунга яраша ёнилғи нархи арзон бўлиши керак-ку. Авваллари 2,8-3 минг сўм ҳисобланарди, тўлдириб кетардим. Ҳозир тенг баравардан ҳам қимматлашди”, – Тоҳирбек Нўъмонов.














