Ўзбекистон | 10:41 / 16.02.2022
22768
24 дақиқада ўқилади

Президент стипендияси атрофида можаро: номзодлар нимадан норози?

Президент стипендияси учун танлов аниқ баҳолаш мезонларисиз ўтган. Натижада ҳакамлар қўйган баллар кўплаб номзодларда эътироз уйғотмоқда.

10 феврал куни давлат ОТМларининг магистрантлари ўртасида президент давлат стипендияси учун ўтказилган жорий йилги танлов якунланди. Ижтимоий тармоқларда саралаш жараёни шаффоф ва адолатли ўтмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Номзодлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда танловга топширилган ишлар аниқ мезонлар асосида баҳоланмагани, айрим ҳолларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақида айтишди.

“Апелляция талаб қилганимиз учун босимга учрадик”

Жаъфархон Исахонов, ЎзМУ магистранти, Навоий давлат стипендияси совриндори:

— Тахминан октябр ойларида Президент стипендиясига ҳужжатлар йиғила бошланди. Ноябр ойида қоғоз кўринишида тўпланган ҳамма ҳужжатлар электрон шаклда stipendiya.edu.uz платформасига юкланди ва танловда қатнашиш учун аризалар топширилди.

Орада университет босқичи, 3 босқичли танлов имтиҳонлари бўлиб ўтди, ҳужжатларимиз кўриб чиқилиб, танловнинг республика босқичига юборилди. 7 феврал куни номзодлар учун вазирликда консултация бўлиб ўтди, 8 февралда ДТМ биносида тест топширдик, 10 феврал куни эса вазирлик томонидан тузилган комиссиянинг суҳбатидан ўтдик, шу куни тест натижалари ҳам эълон қилинди.

Аммо танловни ташкиллаштириш, номзодларнинг ишларини баҳолаш жараёнидан кўнглимиз тўлмади. Саралаш жараёни давомида Президент стипендияси учун номзодларнинг йиллар давомида амалга оширган ишлари, чоп этган мақола ва қўлланмалари, эришган ютуқлари ҳамда илмий ишланмаларини аниқ баҳолаш тизими йўқлиги, йўналишлар бўйича баҳолаш мезонлари турличалигига, ким қандай хоҳласа, ўшандай баҳолаётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса танловда қатнашган номзодлар ўртасида эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ҳужжатларни қабул қиладиган платформа эса шошилинчда қилинганини бир қарашдаёқ билиш мумкин. Платформанинг жуда кўп камчиликлари бор. У Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори талабларига жавоб бермайди.

Айнан шу ҳолат бўйича Олий таълим вазирлигига саволларим бор. Нима учун Ўзбекистондаги энг нуфузли танловлардан бирида вазир буйруғи билан ёки бошқача тартибда расман тасдиқланган аниқ баҳолаш мезонлари йўқ?

Баҳолаш мезонлари аниқ бўлмаган жойда қандай қилиб адолатни таъминлаш мумкин? Тайёрланган ҳужжатларга неча балл берилади? Ўзбекистондаги илмий нашрларда чиққан, халқаро нашрлар, масалан, Scopus базасидаги журналларда чиққан, Impact Factor даражасидаги мақолалар қандай баҳоланади? Бу борада аниқ тасдиқланган механизм йўқ.

Миллий ёки халқаро даражадаги сертификатлар, дипломлар, патентлар, ихтиролар, шунингдек, илмий рисола, китоб ва монографияларга баҳо беришда ҳам шу муаммо бор.

Бундан ташқари, ДТМ томонидан олинадиган тест бали танлов давомида олиш мумкин бўлган энг юқори баллнинг неча фоизини ташкил қилиши, магистрнинг илмий фаолият билан бир қаторда ижтимоий лойиҳаларда иштироки қандай баҳоланиши, халқаро ва республика даражасида илмий-амалий грантлардаги иштироки қандай баҳоланишини ҳам билмаймиз. Шу боис бу баҳоловчи экспертларнинг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Буни ўзимнинг мисолимда ҳам бошдан ўтказдим.

Президент стипендияси учун ўтказилган танлов ташкилотчиларнинг ўзлари ҳам биз билан оғзаки мулоқот давомида баҳолаш методикаси ва мезонларининг йўқлигини тан олишди. Бошқа таълим йўналишлари бўйича танловда номзодлар билан суҳбатлашганимизда, кимлардир ДТМ тест синовида олинган балларга урғу берганини, айрим экспертлар номзоднинг чет тилини билишига, яна кимлардир бошқа сўнгги бир йил ичидаги ютуқларигагина эътибор қаратганини таъкидлашди.

Айтайлик, номзод Scopus базасига кирган журналда мақола чиқарди, унинг баҳоси неччи бўлиши экспертнинг хоҳишига боғлиқ. Тасаввур қилайлик, қайсидир номзод 50 та мақола чиқарган, ушбу мақолалар қаерда чоп этилганидан қатъий назар бунинг учун неча балл бериш экспертнинг кайфиятига боғлиқ. Дейлик, номзодда халқаро даражада баҳоланган сертификат бор, бироқ уни баҳолаши керак бўлган шахснинг бу борада малакаси йўқ, мутахассис бўлмагани учун ушбу сертификатнинг даражаси, аҳамиятини аниқлай олмайди. Бундай пайтда эксперт қарорни кайфиятига қараб айтади. Шу ўринда савол туғилади: нима учун биз кимнингдир кайфиятига қараб жавоб кутишимиз керак?

Суҳбатдан сўнг бир гуруҳ магистрлар билан бирга аппеляция талаб қилдик. Шундан сўнг экспертлар комиссиясидан биттадан киши келди. Экспертлар ўзининг методикаси қайси талаблар асосида баҳоланганини исботлаб бера олмади. Бу жараённи апелляция деб ҳам бўлмайди. Чунки жараён суҳбатлаштирилмади, эътирозларимиз ёзиб олинмади ва саволларимизга асослантирилган жавоблар берилмади.

Шунчаки Президент стипендиясига номзодлар билан оғзаки суҳбат бўлиб ўтди. Таъбир жоиз бўлса, магистрларни ёш боладай юпатмоқчи бўлишди. Суҳбат давомида қўлимиздан ҳеч нарса келмаслиги, барчаси ҳал бўлгани очиқ айтилди. Апелляция талаб қилганимиз учун босимга учрадик.

Алам қиладигани шундаки, эътирозларимизга қониқарли жавоб бера оладиган аппеляция комиссиясининг ўзи йўқ экан. Танлов бўйича нечта шикоят келиб тушган бўла, барчаси эксперт комиссияси хулосаси устидан ёзилган. Энг қизиғи, шикоятларимиз биз қарорларидан норози бўлган шахсларнинг ўзига юбориларкан. Бу яна бир муаммо. Мазкур ҳолат Президент стипендияси танлови жараёнида апелляция бериш, шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳам ишлаб чиқилмаганини кўрсатмоқда.

Telegram-каналимга чиқарган постимдан кейин 12 феврал куни мени вазирликка чақиртиришди ва ёпиқ суҳбат бўлди. Апелляция учун жалб этилган қайсидир университетнинг илмий ишлар бўйича проректори мутахассислиги кимё бўлишига қарамай менинг, яъни гуманитар фанлар бўйича Президент стипендияси учун номзоднинг ҳужжатларини таҳлил қилди. Мақолаларимдан камчилик топди, яна бир қатор техник хатоларни кўрсатиб берди. Лекин бу талаблар одатда илмий иш ҳимоясида сўралади. Шу боис унга мен диссертация ҳимоя қилаётганим йўқ, балки танловда қатнашяпман деб фикримни очиқ айтдим. У ерга ўзимнинг саволларимга қониқарли жавоб олиш учун боргандим, лекин бундай бўлмади.

“Ариза ёзсанг, келажагингга зиён қиласан дейишди”

Акбар Отабоев,Урганч давлат университети магистранти, Алишер Навоий номидаги (2018 йил) ва бакалавриат босқичида Президент стипендияси (2019 йил) соҳиби:

— Танлов натижаларидан норози бўлиб, оғзаки тарзда апелляция бердим. Низомий номидаги ТДПУнинг ... Б.А. [суҳбатдош лавозим эгасининг мансаби ва исм-фамилиясини келтирди – Kun.uz] “Ариза ёзсанг, келажагингга зиён қиласан, ҳали яна юзлашамиз” дегани учун ёзма тарзда мурожаат қилмасдан Хоразмга қайтдим. Лекин апелляция берувчилар рўйхатига исм-фамилияни ёздириб қўйдим.

У биз билан бир ўзи гаплашди, жараён бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмади, эътироз ва саволларимизга жавоб бермади. Фақатгина тасалли бериш, тақдирга тан беришга чақириш билангина кифояланди.

Масалан, мен бакалавриатда Алишер Навоий номидаги ҳамда Президент стипендиялари учун ўтказилган танловларда ғолиб чиққанман. Бундан бошқа кўплаб ютуқларим ҳам бор. Бу ҳақда барча маълумотларни, тегишли ҳужжатларни танлов комиссиясига тақдим этганман.

Мен тест синовида 64 балл тўпладим. Бу – мен қатнашган йўналишдаги энг юқори натижа. Лекин танловнинг якуний босқичига, яъни суҳбатга чақирилмадим. Бунинг сабабини сўраганимизда Б.А. Президент стипендияси учун ўтказилган танловда тест ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, экспертлар ўзаро келишув асосида мени суҳбатга жалб қилмаганини айтди. Ўзаро келишувда кимлар қатнашгани, қайси асосга кўра мени кейинги босқичга ўтказишмагани ҳақида асосли изоҳ келтира олишмади. Тест синови натижаси инобатга олинмас экан, у нега ўтказилди ва биз нима учун овора бўлиб тест топшириб юрибмиз? Бу савол ҳам очиқ қолиб кетди.

Шу билан бирга, Б.А. суҳбат давомида бакалавр босқичида олган ютуқларим, илмий ишларим ҳисобга ўтмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун бакалавр босқичида Президент стипендиясини олиб бўлганман, магистратура босқичида ўтказилган танлов учун сўнгги бир йилдаги ишлар инобатга олинган. Гарчи Президент давлат стипендиялари низомида бу ҳақда лом-мим дейилмаган бўлса-да, бунга ҳам рози бўлдим.

Аммо баҳолаш жараёнида магистратура босқичидаги ўқишим давомида чиқарган илмий мақолаларим ва монографиям нима учун ҳисобга олинмагани бўйича тайинли жавоб бериша олмади. Магистратура даврида олган ютуқларим ҳам етарли эди. Шулар билан ҳам танловда иштирок этган рақобатчиларимдан устун эдим. Б.А. оғзаки суҳбат пайтида менинг шу пайтгача жуда кўп ютуқларга эришганим, бакалавр босқичида Президент, Алишер Навоий стипендияларини ютганим, энди бошқа номзодларга ҳам йўл беришим кераклигини қайта-қайта таъкидлади.

Шу ўринда менда қатор саволлар туғилмоқда. Бакалавр босқичида президент стипендияси соҳиби бўлиш ёки бошқа танловлардан ютиш магистратурада Президент стипендияси учун ўтказилган танловда қатнашиб ғолиб беришга монелик қиладими? Бу қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган? Агар шундай бўлса, нима учун ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида бу ҳақда менга айтилмаган ва ҳужжатларимни қабул қилиш рад этилмаган? Бу гап-сўзлар нега танловнинг якуний босқичида – ғолиб ва мағлублар аниқланадиган палладагина чиқмоқда? Албатта, Б.А.дан бу саволлар бўйича изоҳ сўрадим, аммо жавоб ололмадим.

Танловга тақдим этган бошқа материалларим муносиб ва холис баҳоланмади деб ҳисоблайман. Энг катта муаммо бу – баҳолашнинг аниқ мезони йўқлиги. Тест синовида қатнашганлар орасидан саралаб олиниб суҳбатга чақирилган номзодлар қайси хизматлари учун ушбу босқичга ўтгани, чақирилмаганларга эса қайси камчиликлари учун бундай имконият берилмагани бўйича аниқ жавоби мавжуд эмас.

Яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Суҳбатга кирган номзодларнинг танлов давомида тўплаган умумий бали ўша вақтнинг ўзида яширин равишда эълон қилинди. Буни фақат суҳбатга кирганларгина эшитишди холос. На бошқа номзодлар киритилди, на номзодлар билан келган яқинлар киритилди. Ҳаммаси ёпиқ ҳолатда бўлди. Аслида бу жараёнлар очиқ ва шаффоф бўлиши керак эмасмиди?

Б.А.дан суҳбатга киритилган номзодларнинг мендан нимаси билан афзаллигини айтиб беринг, натижаларини кўрсатинг десам, буни ҳам рад этди. “Бошқа номзодларнинг баҳолари, ишлари ҳақида сизга маълумот бера олмаймиз, фақат ўзингизнинг камчиликларингизни кўрсатишимиз мумкин”, деб айтишди. Лекин қандай камчиликларга йўл қўйганимни кўрсатиб бера олишмади.

Майли, мени қўя турайлик, табиий фанлар йўналиши бўйича суҳбатга тавсия этилган Урганч давлат университети магистранти Амир Шигабуддинов ҳам “йиқилибди”. Ҳали натижалар расман эълон қилинмай туриб, “ЎзМУ иқтидорли талабалар” номли Telegram-каналида ЎзМУ магистранти Дилдора Охунжоновани табиий фанлар йўналиши бўйича Президент стипендияси соҳиби бўлгани билан табриклашга улгуришган. Ҳолбуки, унинг натижалари билан Амир Шигабуддиновникини солиштириб бўлмайди. Чунки у кимё фани бўйича Менделеев халқаро олимпиадасининг 4 карра ғолиби, Ислом Каримов стипендияси соҳиби, 1 та патент эгаси, илмий мақолалари кўп.

Дилдора Охунжонова қандай қилиб ғолиб бўлди деган саволга жавобан комиссия аъзолари ЎзМУ магистрининг инглиз тилида бурро гапирганини, бошқа номзодлар гапира олмаганини таъкидлашган. Табиий фанлар бўйича ўтказилган танловда номзодларнинг илмий ютуқлари эътиборга олинмасдан, чет тилини билиши кўпроқ тош босиб кетганини умуман ҳазм қилиб бўлмайди.

“Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилди”

Сардор Салимов, ТАТУ магистранти, Беруний стипендияси соҳиби:

— Тест синови 100 та саволдан иборат бўлди, ҳар бир тўғри жавобга 1 балдан берилди. Ўзбекистон тарихи ва ахборот технологияларидан 35 тадан, инглиз тилидан эса 30 та савол (CEFR B2 даражасидаги саволлар) тушди. Мен 68 балл тўпладим. Президент стипендияси учун ўтказилган танловга масъул бўлган Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов биз билан суҳбатда 98 нафар номзоднинг 70 фоиздан ортиғи тест синовларида 50 фоиздан кам балл тўплаганини, шунинг учун тест натижаларини инобатга олмаганини айтди.

Мен вазирлик ходимига тест синовларида ҳамма ҳар хил баҳо олгани, шу пайтгача юқори баҳо олганлар суҳбатга танлаб олингани, агар тест хўжакўрсинга ўтказилган бўлса, бир балл олганлар ҳам суҳбатга кириш имкониятига эга бўлиши ҳақида айтганимда, у ҳеч ким бундай баҳо олмаслигини таъкидлаб, жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Чунки суҳбатга тавсия этилганлар орасида тестдан қониқарли балл ололмаганлар, масалан, 28, 30, 40 балл олганлар ҳам бор эди.

Фото: Kun.uz

Вазирлик вакилидан Президент стипендияси танловида ишларни баҳолаш бўйича методиканинг вазирнинг буйруғи ёки бошқа бир юридик ҳужжат билан тасдиқланган шакли бор-йўқлигини сўрадим. Чунки ички буйруқлар билан тасдиқланган бўлса, биз бундан бехабар бўлишимиз мумкин эди. Шунинг учун масъул бошқарма бошлиғидан танлов давомида ишларимга қандай балл берилгани ва бу баҳолар қайси мезонлар асосида қўйилганини кўрсатиб беришини сўрадим. Бу талабим ҳам бажарилмади. Қайта-қайта талаб қилаверганимдан кейин бундай ҳужжат йўқлигини айтишди.

Танловда экспертлар ишларни қандай баҳолашган? Бизга тушунтиришлари бўйича, комиссия аъзолари мақолага, дейлик, 10 балл қўямиз, сертификатларга 1 балл қўямиз деб ўзаро келишиб олишган экан. Лекин бунинг ҳуқуқий асоси ёки номзодларнинг ишларини мақоми ва даражасига қараб баҳолашнинг аниқ мезони мавжуд эмас экан. Мана шуни танловнинг энг катта камчилиги деса бўлади.

Экспертлардан мақолани 10 баллик мезон асосида баҳолаймиз дейишди. У 10 балга тортишини қаердан билишди, балки 5, балки 8 балга лойиқдир у. Баҳолаш мезони бўлмаса, экспертлар кайфиятларига қараб баҳолашадими буни?! Сертификатларга 1 балл берилади дейишди. 50 минг сўмга чиқарилган сертификатлар бор, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган семинарларда қатнашганлик учун берилган сертификатлар бор, бир ёки икки йиллик меҳнат орқасидан келган дипломлар бор. Буларни қандай қилиб бир хил баҳолаш мумкин? Бунга жавобан ҳаммаси 1 балл билан баҳоланишини айтишди.

Суҳбатга тавсия этилганлар орасида Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтидан номзодлар бор эди. Энг қизиғи, номзодларнинг ишини баҳолаб борган комиссия аъзолари сафида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори Муҳиддин Пўлатов (ZOOM орқали қатнашди) ҳам бор эди. Яъни ректор ўзи раҳбарлик қиладиган институт талабасининг ишларини баҳолаган. Бу эса менда Президент стипендияси танловида манфаатлар тўқнашувига ҳам йўл қўйилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонларни юзага келтирди. Вазирлик бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовдан бу ҳақда сўраганимизда у буни тан олмади ва танлов давомида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаганини таъкидлади.

Баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмагани туфайли бошқа жараёнларда ҳам кўринди. Масалан, IT йўналишини оладиган бўлсак, менинг бир қанча лойиҳаларим бор, яъни амалий ишланма яратганман. Ҳаммасини битта платформага бириктирганман. Ишларимни баҳолаган экспертлардан ана шу лойиҳаларим билан танишиб чиқдингизми, неча балл қўйдингиз деб сўрадим. Бу лойиҳаларим республика миқёсидаги лойиҳалар эди. Эксперт танишиб чиқмаганини, уларни кўрмаганини айтди. Ҳужжатларимизни онлайн юборганимизда меники каби лойиҳаларни илова қилиш учун алоҳида жой ажратилмагани боис бошқа ишларимнинг орасига қўшиб, архив файл сифатида бириктиргандим. Агар ўша файлни очиб кўрганида нима ҳақда гапирганимни дарров тушунган бўларди.

Мақолага 10 балл қўйилаётган бир пайтда бундай ишлар 50 балга лойиқдир десам, лойиҳалар баҳоланмайди деб айтди. Йўналишимиз иқтисодиёт, мен рақамли иқтисодиёт бўйича ишларимни топширганман, бутун бир иқтисодий тизимни рақамлаштириб чиққанман, нима учун бу иш баҳоланмаслиги керак деган саволимга сиз ахборот технологиялари бўйича ўқисангиз, бошқа номзодлар молия, бухгалтерия бўйича ўқишади, улар сиз каби дастур ярата олмайди, шу сабабли лойиҳаларингиз учун балл бериш уларга нисбатан ноҳақлик бўлиб қолади деб айтишди.

Иқтисодиёт таълим йўналиши бўйича магистратура босқичида 11 киши Президент стипендияси учун номзод сифатида рўйхатга олинган. Қайси номзод қанча мақола чиқарган, қаерларда чиқарган, комиссия томонидан бунга қанча балл берилган, бошқа яна қандай ишлари бор, шулар ҳақда битта жадвал қилиб, ҳаммага очиқ кўрсатишганда эътирозлар анча камайган бўларди. Ҳаттоки ўзимнинг балларимни ҳам кўрсатишмади.

Умуман, танловни ташкил этишдаги камчиликлар кўп бўлди. Ана шундай камчиликлардан бири номзодларнинг бакалавр босқичида эришган ютуқлари инобатга олинмагани билан боғлиқ. Масалан, мен бакалавр босқичида ўқиётган вақтимда Беруний стипендиясини олганман, аммо Президент стипендияси номзодларининг ишларини баҳолаш жараёнида бу ютуғим учун ҳеч қандай балл берилгани йўқ. Бунинг сабабини сўраганимда Беруний стипендияси учун қилган ишларинг рағбатлантириб бўлинган деб жавоб беришди. Лекин бунга сазовор бўлганим учун ҳам қандайдир балл берилиши керак эмасми?! Чунки танловда номзодларнинг илмий ва ижодий ютуқлари сўралганди, номзодлар орасида шу пайтгача бирорта стипендия билан тақдирланмаганлар ҳам бор, уларнинг даражаси тенг эмас-ку. Хуллас, саволларимиз жуда кўп. Ҳозирча бу саволларга асосли жавоб ололганимиз йўқ.

“Ғолибнинг тил билиши менинг ўнлаб илмий натижаларимдан устун келди”

Ҳакима Давлатова, Жиззах давлат педагогика институти магистранти:

— Педагогика таълим йўналиши бўйича Президент стипендияси танловида 13 киши қатнашди. Тест синови натижаси 10 феврал куни соат ўнда чиқди. 13 нафар номзоддан 3 киши тестдан ўтиб, суҳбатга тавсия этилди. Суҳбатдан сўнг умумий натижалар эълон қилиниши керак эди. Соат олтилар атрофида бизни суҳбат бўлиб ўтган хонага яна чақиришди.

Ўша ерда 22 та таълим йўналиши бўйича Президент стипендияси жорий этилгани, шундан 16 та йўналиш бўйича номзодлар танловда қатнашгани, математика фани йўналиши бўйича ҳеч ким суҳбатга тавсия қилинмагани маълум қилиниб, 15 таълим йўналиши бўйича кимлар ғолиб деб топилганини эълон қилишди. Педагогика йўналиши бўйича Бухоро давлат университети магистранти Моҳинур Саидова ғолиб деб топилди.

Натижалар эълон қилингандан кейин саволлар бўлса жавоб берамиз деб айтишди. Бир нечта номзодлар танлов натижалари бўйича эътироз билдиришганди, ташкилотчилар “самимий” тушунтириб қўйишди. Ғолиблар муҳокама қилинмайди дейишди. Қайсидир ғолибнинг сертификати қолганларникидан кўпроқ тош босгани, кимнингдир хорижий тилни билиш даражаси рақиблариникидан юқорироқ экани, яна кимнингдир илмий мақолалари кўп балл олгани айтилди.

Мен ҳам педагогика йўналиши бўйича ғолиб деб топилган номзод қолганлардан қандай жиҳатларига кўра устун деб экани билан қизиқдим. Scopus ва бошқа платформалардан унинг муаллифлигидаги мақолалар чиқмади. Интернетдаги қидирувда инглиз тилидаги иккита мақоласи топилди, аммо ушбу мақолалар чоп этилган журналларнинг илмий жамоатчилик орасидаги обрўсини юқори деб бўлмайди.

Менда эса нуфузли халқаро илмий журналларда 5 та мақолам чиққанди, Германияда китобим чоп этилган, мобил илова ва электрон дарслик яратганман. Ғолиб деб топилган номзодда 2та инфофактор бўлса, меники халқаро журналларда чоп этилган мақолаларим сони 18 та эди-ку, Ўзбекистон доирасидаги, ОАК рўйхатига киритилган нашрларда чиққанлари билан қўшиб ҳисобласа элликка яқин материалим бор эди, қандай қилиб булар тенг ёки рақибимникидан паст деб топилиши мумкин?

Бундан ташқари, Москвада ўтказилган “2021 йилнинг энг яхши илмий мақоласи” (“Лучшая научная статя 2021”) танловида “Жиззах воҳаси тожикларининг урф-одатлари” мавзусидаги мақолам билан қатнашиб, биринчи ўринни олганман. Шунча эътирозларга жавобан ғолиб деб топилган қиз инглиз ва рус тилларидан ташқари корейсчани биларкан, шу билан ютиб кетди деб айтишди холос.

Умуман, танловда номзодларнинг ишларини баҳолаш бўйича аниқ мезонлар бўлмагани аксарият иштирокчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Танлов натижасидан қониқмаганим ҳақида 11 феврал куни Вазирлар Маҳкамасига, Президент администрациясига ва бошқа масъул идораларга мурожаат юбордим. Мурожаатларимда Президент стипендияси учун танлов қандай бўлиб ўтгани, қандай камчиликларга йўл қўйилганини батафсил кўрсатиб ўтганман. Умид қиламанки, бу мурожаатларимиз изсиз кетмайди ва барча эътирозларимиз, энг муҳими, танлов натижалари, малакали ҳайъат аъзолари томонидан қайта кўриб чиқилади.

Вазирлик нима дейди?

Kun.uz юқорида билдирилган эътирозлар юзасидан Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг фикрлари билан ҳам қизиқди. Вазирлик мулозими тестда кўпчилик 50 фоиз ҳам балл ололмагани ва бу асосий мезон қилиб олинганда кўплаб таълим йўналишлари ғолибсиз қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

“Президент стипендияси учун 22 та таълим йўналиши бўйича танлов эълон қилинганди. Шундан 16 та йўналиш бўйича ҳужжатлар қабул қилинди, қолган олтита йўналишнинг айримлари бўйича ҳужжат топширилмаган бўлса, айримларининг ҳужжатлари камчиликлари борлиги ва талабга мувофиқ эмаслиги учун рад этилди.

16 та комиссия томонидан номзодларнинг ҳужжатлари, танлов учун тақдим қилган ишлари кўриб чиқилди. Комиссия томонидан қўйилган баҳолар ва тест синови натижасидан келиб чиқиб ҳар бир йўналиш бўйича уч нафардан номзод суҳбатга тавсия этилди. Фақатгина математика йўналиши бўйича ҳеч ким суҳбатга тавсия қилишга муносиб деб топилмади.

Агар фақат тест натижасига қараб номзодларни суҳбатга тавсия қилганимизда иштирокчиларга адолатсизлик қилган бўлардик. Сабаби 70 фоиздан кўп иштирокчи тестда умумий балнинг ярмидан кам балл тўплаган. Агар тест натижасини мезон сифатида олганимизда бугун стипендияга тавсия этилган 15 таълим йўналишининг аксарияти очиқ қолиб кетарди”, дейди Абдували Холиқов.

Бошқарма бошлиғи номзодларнинг ишлари нуфузли институт ва университетларнинг ректор ҳамда проректорларидан иборат комиссия томонидан “ҳаққоний кўриб чиқилгани”, бу жараёнда иштирокчиларнинг илмий салоҳияти, топширган ишларининг “вазни”га “алоҳида аҳамият берилгани”, “натижалар адолатли бўлгани”ни айтмоқда.

“Номзоднинг мақолалари сони кўп бўлса-ю, у магистратурада таълим олаётган йўналиши ёки илмий иши мавзусига мос келмаса, ё бўлмаса умуман бошқа соҳа ёки таълим йўналишларига оид бўлса, шунингдек, бошқалар билан ҳаммуаллифликда чиқарилган бўлса, бундай мақолалар баҳолаш жараёнида “вазн”ини йўқотади.

Комиссия аъзолари номзоднинг хорижий тилни билиши ҳақидаги сертификатлари борлиги, мақолалари магистратурадаги илмий иши мавзусига мувофиқлиги, шунингдек, илмий ишлари айнан магистратура босқичида амалга оширилгани устунлик берган. Чунки бу магистрантлар ўртасидаги танлов, унда бакалавр босқичидаги мақолалари ёки ютуқлари билан қатнашиб бўлмайди”, – дейди у.

Абдували Холиқов танлов жараёнида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, қайсидир ОТМ ректори ўзининг талабаси қатнашган йўналиш иштирокчиларининг ишларини баҳолагани ҳақидаги эътирозларга жавобан комиссия аъзолари яширин овоз беришгани, бу жараёнда бир кишининг овози кўп нарсани ҳал қилмаслигини айтди. Унга кўра, номзодларнинг ишларини баҳолашда комиссияларга тўлиқ мустақиллик берилган ва комиссия аъзолари ҳар бир таълим йўналишининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ишларни баҳолашган.

Мулозим танлов комиссияларига “салоҳиятли, ўз соҳасининг устаси бўлган” инсонлар жалб этилгани, улар ҳар бир иштирокчига қўйган баҳосини асослаб бера олишига ишонмоқда.

“Танловда иштирок этган, аммо ғолиб деб топилмаган иштирокчиларнинг аризалари ўрганиб чиқилади. Лекин шу пайтгача бундай мурожаатлардан сўнг танлов натижалари ўзгартирилган, ғолиб ўзгарган ҳолатлар кузатилмаган”, дейди у.

Жамшид Ниёзов,  Kun.uz мухбири

Мавзуга оид