Жамият | 12:40 / 07.05.2021
74297
6 дақиқада ўқилади

Боғибўстон қишлоғига қандай йиртқич ҳужум қилмоқда?

Фарғона вилоятидаги бу қишлоқ Фурқат тумани марказидан 25 км узоқликда жойлашган. Асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган қишлоқ аҳли чорвалари номаълум йиртқич ҳайвон ҳужумига учраб, нобуд бўлаётганини айтишмоқда.  

«Қишлоқда 160 та хўжалик бор. Аҳоли сони 900 нафардан ортиқроқни ташкил этади. Бизнинг молларимиз, эшакларимиз, қўйларимиз, умуман, нима уй ҳайвони бўлса ҳам, қанақадир йиртқич еб кетяпти», — дейди маҳалла фаоли Камолиддин Матхолиқов биз билан суҳбатда.

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, бундай воқеа қишлоқда 4 йилдан буён кузатилади. Авваллари онда-сонда кузатилиб турган бундай ҳолат, бугунги кунга келиб, одатий ҳолга айланган. Аҳоли чорваларига ҳужум қилаётган номаълум йиртқич бўри бўлсак керак, деган гумонда.

«Қоронғи тушди дегунча одамлар ҳам кўчага чиқишга қўрқиб қолишди. Ёш болалар, аёллар ташқарига чиқишга мутлақо безиллаб қолган. Ўзимиз ҳам хавотирда яшаяпмиз. Бугун чорваларимизга ҳужум қилган номаълум йиртқич эртага ўзимизга ҳам ҳужум қилиб қолса, нима қиламиз?» — дейди суҳбатдошимиз Камолиддин Матхолиқов.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Зиёда Йўлдошева ҳам номаълум йиртқич сабаб чорваларидан айрилганлардан.

«Иккита бузоғимни ғажиб кетди. Бор-йўғим шу бузоқларим эди. Қишлоқда сув йўқ. Деҳқончиликларимиз ҳам унчалик яхши бўлмаяпти. Тирикчилигимиз асосан шу чорва кетидан эди. Энди яна иккита бузоқ қилгунча икки йил вақт кутишим керак. Зиёнга кирдик. Масалага ечим йўқ», — дейди З.Йўлдошева.

Аҳоли вакиллари ушбу масалага ечим излаб, бир нечта давлат идораларига мурожаат қилган. Фурқат тумани ҳокимлиги, туман ички ишлар бошқармаси, ободонлаштириш бўлими, экология бўлими шулар жумласидандир. Мутасадди ташкилотларнинг айримлари фуқароларнинг ёзма мурожаатларига фақат ёзма жавоб хати бериш билан кифояланмоқда. Масалани келиб ўрганиб ҳам кўришгани йўқ.

Фурқат тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси мутахассиси Сарвар Шамсиддинов боғибўстонлик фуқаролардан мурожаат бўлганини тасдиқлади.

«Бизга фуқаролардан ёзма мурожаат бўлганидан сўнг, мурожаатга асосан, вазиятни мутахассислар билан бирга бориб ўрганганмиз. Масала шундаки, Боғибўстон қишлоғининг чекка-чекка жойларида қаровсиз қолдирилган ҳайвонларни, далада қолиб кетган бузоқ, қўй ва бошқа ҳайвонларни номаълум йиртқич ҳайвон томонидан ўлдириб, бўғизлаб, ярмини еб, ярмини ташлаб кетиш ҳолатлари учраган. Аҳоли вакиллари буни бўри деб атаяпти, лекин ҳеч ким кўзи билан кўрмаган», — дейди мутахассис С.Шамсиддинов.

Мутахассиснинг фикрича, аҳоли чорва мол-қўйларини томорқасида парваришлаб, тунда ҳам шу ерда қолдиришга одатланган. Қишлоқда тўрт томони девор билан беркитилган чорва боқиш учун жойларни учратиш қийин.

Боғибўстонлик Зиёда Йўлдошева мутахассис фикрини инкор этмади. Аҳоли чорва молларини ҳақиқатдан ҳам дала ва яйловларда боқишга одатланган. Қишлоқ аёлларининг аксарияти ҳудуддаги фермер хўжалигида ишчи бўлиб фаолият олиб боради. Шунинг учун ҳам улар дала чеккаларида чорва боқишга рухсат олган.

«Чорва, мол-қўйларимизни далаларда боқиб, ўша ерга ташлаб келар эдик. Энди бу воқеадан сўнг уйимизга олиб келяпмиз. Афсуски, номаълум ҳайвон энди уйларимизда ҳам еб кетадиган бўлди. Мол-қўйларимизни оғилга қамаб, кечаси билан пойлаб чиқяпмиз», — демоқда қишлоқ аёллари.

Аслида, қишлоқда аксарият хўжаликликларнинг атрофи ҳам ўралмаганлигига гувоҳ бўлдик. Чунки, бу ерларда кенгчилик. Аҳолининг турмуш тарзи шундай. Ана шу ҳолат номаълум йиртқичга қўл келмоқда. Мазкур воқелик бошланган кундан аҳоли ит боқишга одатланган. Бироқ номаълум йиртқич олдида бўрибосарлар ҳам ип эша олмаётган экан. Катта эҳтимол билан тунда чорваларга ҳужум қилаётган йиртқич ҳайвон бўри бўлиши мумкин. Чунки, шу яқин ҳудудда бўриларни кўрганлар бор. Мутахассисларнинг фикрича, бўрилар учта ёки ундан кўп бўлса, ёлғиз одамга ҳужум қилиши мумкин экан. Аҳоли шундан хавотирга тушмоқда.

Боғибўстондан бир оз олисда жойлашган Қолгандарё ҳудудидаги қўйчилик фермасига ҳам номаълум ҳайвон катта талафот етказган. 50 бошдан ошиқ қўйларни бўғизлаб ўлдириб ёки чалажон қилгани кузатилган.

Фурқат тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси мутахассиси Сарвар Шамсиддиновнинг маълум қилишича, мазкур воқеадан сўнг туман ҳокимлиги, туман ИИБ, ободонлаштириш, ветеринария бўлимлари ҳамда экология инспекцияси билан биргаликда тунги гуруҳ ташкилланган. Гуруҳга 5 та кўнгилли овчилар ҳам жалб этилган ҳолда воқеа жойига бориб ўрганилган. 5 соат давомида ҳудуд кузатувда бўлган. Бироқ, ишчи гуруҳ ҳеч қандай ҳайвонга дуч келмаган.

«Тегишли ёритиш чироқлари билан ҳам кўрдик. Ярим чалажон бўлган ҳайвонни қўйиб туриб, узоқдан кузатдик ҳам. Бироқ одамлар айтган номаълум йиртқич келмади. Аҳоли буни бўри демоқда, бироқ биз бунинг бўри эканлигига аниқ ишонч ҳосил қилмадик», — дея маълумот берди экология бўлими мутахассиси.

Боғибўстонликлар мазкур масалага масъуллар жиддий эътибор қаратишларини сўрар экан, вазият кундан-кунга ёмонлашиб бораётгани, аҳоли хавотири асло пасаймаганини билдириб ўтишди. Хавотирни сўндириш учун Фурқат тумани мутасаддилари қандай ечим топишар экан? Ёки улар каттароқ фожиа рўй беришини — ўша айтилаётган йиртқич уй ҳайвонларидан одамларга ўтишини пойлаб туришибдими?

Файзулло Султонов тайёрлади

Мавзуга оид