Глобал мавзуга онгли муносабат: Биз миллат сифатида янги босқичга қачон чиқамиз?
Kun.uz сайти ҳомийлигида суратга олинган «SUBYEKTIV» лойиҳасининг илк сонини тақдим этамиз. Муаллифларнинг турли мавзулардаги субъектив фикрлари акс этадиган ижодий лойиҳанинг илк мавзуси – чиқиндилар ва келажак олдидаги масъулиятимиз. Жамшидхон Зиёхонов кўпчилик беписанд қарайдиган мавзуни оригинал ёндашув ва замонавий талқинда очиб беради.
Умрингизда ташлаган биринчи баклашка эсингиздами? Aлбатта, йўқ. Инсон ўзининг 7 авлодини билиши керак дейишади. Лекин биласизми, бу дунёда сизнинг 14-авлодингиз яшаётган пайтда ҳам сиз ташлаган ўша биринчи пластик баклашка ҳали чириб улгурмаган бўлади.
Бу – битта пластик идиш. Одамзот бўлса, ҳар йили 300 миллион тоннадан ортиқ пластик чиқинди билан Ер сайёрасини ифлослантиради.
Бу рақамлар билан Ўзбекистонда кўпчиликни ҳайрон қолдиролмайсиз. Халқимизга бу қизиқ эмас. Уларни қайсидир хонанда ҳаёти, шахсий муносабатлари кўпроқ қизиқтиради...
Экология? Дарахт? Сувни тежаш? Чиқиндини саралаш?! Нима улар?
Кўпчилик мени ҳозир навбатдаги томи кетган ваҳимачи, экофаол дейиши мумкин. Лекин бу гапни айтишдан олдин бизга омонат қилиб берилган бу дунё, ундаги жониворлар ва бошқа неъматларни қандай аҳволга солганимизни кўриб қўйинг.
Бу ҳеч қанақа ваҳима эмас. Aфсуски, бу – одамзот туфайли Ер юзида вужудга келган аянчли ҳақиқат: йилдан йилга рекорд даражага чиқаётган ўрмон ёнғинлари, пластик ва бошқа чиқиндилар туфайли ифлосланиб бораётган сув, тупроқ, ҳаво, йўқолиб бораётган флора ва фауна, инсон омили туфайли атмосферага тўхтовсиз чиқаётган иссиқхона газлари ва албатта, глобал иқлим ўзгаришидир.
Кўпчилик ҳалигача бу муаммолар Ўзбекистонга тегишли эмас, булар узоқ-узоқ ўлкаларда бўляпти, деб ўйлайди. Ваҳоланки, муаммолар Ўзбекистонда аллақачон бошланиб бўлган. Биз буни ҳис қиляпмиз, аммо шунчаки эътибор бергимиз келмаяпти.
Эсингиздами, 10–20 йил олдин пойтахтда қандай қиш бўларди. Тиззадан келадиган қорлар, сирпанчиқ кўчалар, қорбўрон ўйнаган болалар… Инсоният иқлимни ўзгартиряпти ва бунинг оқибати аянчли бўлади. Тоғ музларининг эриб кетиши, қурғоқчилик, ҳосилдорликнинг кескин камайиб кетиши, нархларнинг ошиши…
Aйнан Марказий Осиё ҳудуди экологик ўзгаришларга сезгир ва нозик ҳисобланади. Aммо бизнинг энг катта муаммомиз – одамларнинг бу масалаларга бефарқлиги ва бу муаммоларнинг жуда кам ёритилиши.
Бугун Ўзбекистонда энг долзарб муаммолардан бири, аксарият ҳолларда халқимиз тўғри муомала қилолмайдиган чиқинди ҳақида гаплашамиз.
18-асрдаги саноат инқилобигача, Ер юзидаги 90 фоиз аҳоли қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб кун кечирган. Кейинчалик рўй берган индустриал портлаш, завод ва фабрикаларнинг кетма-кет очилишидаги жараёнларнинг борган сари автоматлашиб бориши жуда ҳам катта иқтисодий ўсишга сабаб бўлган. Лекин айнан шу ўзгаришлар экологияга тиклаб бўлмас зарар етказадиган жараёнларга старт берган. Саноат революцияси бошлангандан бери Ер юзида чиқинди турлари кундан кунга кўпайиб боряпти.
Қуйида баъзи чиқинди турларининг чириш муддатини келтириб ўтамиз:
Озиқ-овқат чиқиндиси – 4-6 ҳафта. Картон ва турли хилдаги қоғоз – 1 ойдан 2 йилгача. Сигарет қолдиғи – 10 йилдан 20 йилгача. Пластик пакет – 10 йилдан 20 йилгача. Пластик стакан – 50 йил. Батарея – 100 йил. Алюминий банка – 80 йилдан 200 йилгача. Пластик баклашка – 459 йил. Бир марталик таглик – 550 йил. Шиша – 1 миллион йил ёки умуман чиримайди.
Даҳшатли сонлар, тўғрими?! Биз ҳар куни ўйламасдан беғам ташлайдиган аксарият чиқинди биздан кейин ҳам анча вақтгача Ер юзини заҳарлаб ётиши ўйлантириб қўяди. Менинг ҳам чиқиндига муносабатим шу сонларни билганимдан кейин ўзгаришни бошлаган.
Оҳангарон чиқинди полигонидамиз. Бу ерга Тошкент шаҳридан чиқадиган чиқиндини олиб келишади. Полигон аллақачон тўлиб бўлган. 2021 йилнинг бошида ёпиш режалаштирилмоқда. Ердан 20–30 метр баланд, чиқинди уюмларидан ҳосил бўлган тоғ ҳосил бўлган. Чиқинди уюмлари устига тупроқ тўкиб, текислаб қўйилган…
***
Органик чиқиндилар – пўчоқлар нисбатан тез чиришига қарамасдан, бир қатор глобал муаммоларга сабаб бўлади. Дунёдаги мавжуд қишлоқ хўжалиги ерларининг қарийб 30 фоизи, яъни 1,4 миллиард гектари охир-оқибат пўчоққа ташланадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлашга сарфланади. Бу миқдордаги маҳсулотни етиштириш учун 173 миллиард метр куб сув, яъни қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган умумий сувнинг 24 фоизи – 28 миллион тонна сув кетади. Бундан ташқари, дунёдаги иссиқхоналарнинг 8 фоизи озиқ-овқат чиқиндилари чиқаришидан ҳосил бўлади.
Ҳозирда хонадонларимиздан чиқадиган аксарият чиқиндиларнинг сўнгги манзили шунақа талабга жавоб бермайдиган чиқинди полигонлари бўлиб, бу ерга тушган пўчоқ ўзидан ўзи метан газини ажратишни бошлайди. Биламизки, метан корбонат ангидриддан бир неча баробар кучли иссиқхона гази ҳисобланади.
Статистикага кўра, аҳоли даромади кам бўлган мамлакатлардаги озиқ-овқат маҳсулотларидаги йўқотиш ишлаб чиқариш жараёнига, ривожланган мамлакатларда эса истеъмол жараёнига тўғри келади.
Мисол учун, AҚШ аҳолиси озиқ-овқатининг тенг ярмини пўчоққа ташлар экан. Бу шунчаки даҳшат.
Озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндиларини уй ҳайвонларига бериш азалдан қўлланиб келинадиган самарали утилизация усули ҳисобланади. Чунки ҳайвон еган емишнинг учдан бир қисми гўшт ва сут ҳосил бўлишга сарфланади.
Олдинлари шаҳарда ҳам кўпчилик мол, қўй боқарди. Уйда пўчоқ челаги тўлиб қолса, қайси қўшнининг молига олиб чиқиб беришни танлардим. Ҳозир товуқ ҳам боқишмаяпти.
Полигонларга чиқиб кетадиган барча пўчоқни уй ҳайвонларига бериш имконсиз эканини биламиз. Биз пўчоқ миқдорини минимумга туширишимиз мумкин. Нима қилсак бўлади?
Биринчи навбатда овқатимизни охиригача ейишни ўрганишимиз керак. Ёмондан ярим қошиқ деб бежизга айтилмаган.
Овқат пишираётганда исроф бўлмайдиган қилиб пишириш керак. Озгина оч қолганимиз – исроф бўладиган овқатдан яхшироқ. Уйдаги масаллиқларнинг яроқлилик муддати тугаётганларини биринчи ишлатиш керак. Супермаркетга кириб мева-сабзавот олаётганда, ҳамма чиройлиларини танлаб олади. Сал бужмайганлари қолиб кетаверади. Супермаркетларда яроқлилик муддати 2 кун қолган мева-сабзавотларни кўпинча эҳтиёт чораси сифатида ташлаб юборишади. Энди барча супермаркетлардан қанча пўчоқ чиқишини тасаввур қилаверинг.
Буни кўпчилик билмайди. Aммо сиз энди биласиз. 1-2 кунлик овқатга масаллиқ олганда сал бужмайганларидан ҳам олаверинг. Иншааллоҳ, савобга қоласиз.
***
Пластик – қойилмақом буюм, чунки у жуда секин чирийди. Пластик – даҳшатли буюм, чунки у жуда секин чирийди
Пластик яратишга биринчи қадам 1855 йилда қўйилган бўлса ҳам, саноат миқёсида у 1950 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган. Пластикдан ясаса бўладиган буюмларнинг хилма-хиллиги, бу материалнинг жуда ҳам чидамли ва эластиклиги ўша давр одамларини ҳайратда қолдирган ва ўшандан бери у фақат ва фақат оммалашиб боряпти.
Таққослаш учун, 1990 йилдан 2000 йилгача ишлаб чиқарилган пластик чиқиндининг умумий миқдори ундан олдинги 40 йил ичида чиқарилган пластик чиқиндидан ҳам кўп. Бугунги кунда ҳар йили чиқадиган пластик чиқиндининг умумий вазни деярли бутун инсоният популяцияси вазнига тенг.
Шу пайтгача ишлаб чиқарилган барча пластикнинг бор-йўғи 9 фоизи қайта ишланган. 12 фоизи ёқиб юборилган. Қолган 79 фоизи чиқинди полигони, ахлатхона ва табиатда турибди.
Пластик чиқиндининг даҳшатли томони – у жуда ҳам кўп. У ҳамма жойда ва ҳамма соҳада. Аксарияти эса қайта ишлашга яроқсиз.
Айтайлик, овқатланиш шохобчасидан 2та лимон чой олдик. Эътибор беринг, 2та лимон чой ичиш учун қанча чиқинди чиқаряпмиз: 2та пластик стакан, 2та пластик трубочка, 2та пластик чой қошиқ, 6та шакар пакетча, 2та чой пакет ва битта катта картон идиш. 5 минутда ичиб тугатадиган 200 миллилитр чойдан чиқаётган чиқинди шу.
Бундай стаканларни қоғоз стакан деймиз, лекин у фақат қоғоздан қилинмаган. Унда иссиқликни ушлаб туриш, қоғоз суюқликни шимиб олмаслиги учун стакан ички тарафдан пластик билан қопланган. Бундай қатламларда пластик ва қоғозни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Яъни улар қайта ишлашга яроқсиз ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу пластик ичида бисфенол A деган модда бўлиб, у юқори ҳарорат таъсирида стаканнинг ичидаги пластикдан ажралиб чиқади. Демак, биз ичаётган кофе ёки лимон чой билан бирга зарарли модданинг микробўлакларини ҳам ютамиз.
Дунёдаги энг кўп қаҳвахоналарга эга «Starbucks» компанияси 2020 йилдан бошлаб пластик трубочкалардан бутунлай воз кечди. Умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритадиган компанияларнинг бу каби ташаббуслари пластик чиқиндисига қарши курашда жуда катта ёрдам беради. Бундай ташаббусларнинг пайдо бўлиши учун жамият буни тушуниб, онгли равишда талаб қилиши керак.
***
Биз келгуси авлодларни заҳарлаяпмиз. Ҳеч қандай муболағасиз шундай
Муддати тугаб ахлатхоналарга ташланадиган пластик табиатга зарар келтиради, аммо сув ҳавзаларида тўпланадиган чиқинди зарари 100 баробар кўпроқ. Бу экологик фожеа.
Пластик сабабли ҳар йили 1 миллиондан ортиқ денгиз жонзотлари ва қушлари нобуд бўлади. Бу фақат аниқланган статистика. Шунчаки пластик буюм ёки нейлон тўрга илакишиб қолиш денгиз мавжудоти учун аянчли якун топиши мумкин. Чунки тана тузилиши туфайли уларнинг ҳаракатлари жуда ҳам чекланган. Сувдаги чиқинди уюмлари – аксарият денгиз вакиллари учун ҳақиқий тузоқ.
Сувга тушган пластик вақт ўтиши билан Қуёш ултрабинафша нурлари, тўлқинлар ва тузлар таъсирида парчаланиб, микропластик ҳосил қилади ва бу пластикдан кўра даҳшатлироқ нарса. Чунки микропластик яхши адсорбент ҳисобланади: сувда у қишлоқ хўжалиги ва саноатдан чиққан заҳарли таксин моддаларни ўзига шимиб олади.
Денгиз жониворлари, майда балиқлар микропластикни планктон деб ўйлаб, истеъмол қилишни бошлайди. Натижада таксинлар микропластикдан балиқ танасига ўтади. У балиқни эса бошқа йирикроқ балиқ истеъмол қилади. У эса бир кун келиб инсон қармоғига илинади.
Қарабсизки, ўзимиз заҳарлаган балиқ ликопчамизда.
Бу дунёда ҳеч нима изсиз йўқ бўлиб кетмайди. Бу – материя сақланиш қонуни. Кўриб туримизки, инсон ташлаган чиқинди охир-оқибат ўзига заҳар бўлиб қайтиб келади.
Бугун океанларда чиқинди шунчалик кўпки, улар уюлиб бутун бошли оролларни ҳосил қилган. Уларнинг 2таси Тинч, 2таси Aтлантика ва 1та Ҳинд океанида. Шу йил август ойида Тинч океанидаги чиқинди ороли Франция ҳудудига тенглашди. Сўнгги маълумотларга кўра, дунё океанларида 5,25 триллион микропластик бўлаклари мавжуд.
Aгар ҳозирги тенденциялар давом этса, 2050 йилга бориб, океанларимизда балиқдан кўра пластик кўпроқ бўлади.
***
Ахлат олишга келганларни ахлатчи деб қўямиз. Улар ахлатчи эмас, улар – тозаловчи. Аслида, биз ахлатчимиз
Ўзбекистонда 10 фоиз чиқинди қайта ишланади. 90 фоизи чиқинди полигонларига олиб келинади. Шуни тушуниш керакки, чиқинди полигонлари муаммонинг ечими эмас. Улар даҳшатли кимёвий қурол. Ўзи Ўзбекистонда чиқинди полигонлари йўқ ҳисоб. Борлари эса шунчаки ахлатхоналар. Чунки ҳақиқий чиқинди полигонида ерости сувларини заҳарламаслиги учун махсус изоляция қатламлари бўлади.
Масалан, бу ердан биогазлар чиқади, уларни зарарлантирадиган филтрлар бўлиши керак. Биздаги чиқинди полигонлари бу талабларга жавоб бермайди. Жавоб берганда ҳам қачонгача чиқинди полигони очиш билан шуғулланамиз. Бутун ер юзини чиқинди билан тўлдирганимиздами?!
Биз чиқинди деб айтаётганларимиз, аслида, қайта ишланадиган материал ҳисобланади. Ривожланган давлатларда чиқиндини саралаб, қайта ишлаш аллақачон бошланган ва бу жуда яхши бизнес ҳисобланади.
Ватанимизда эса чиқинди сараланмаётганига 2та сабаб бор. Биринчиси – бунинг учун давлат томонидан ҳеч қанақа шароит ва инфратузилма яратилмаган. Иккинчи сабаб – халқимиз ўзи чиқараётган чиқинди қаерга кетяпти, нима бўляпти, қизиқмайди. Ҳовлимизда, чўнтагимизда, қўлимизда бўлмаса бўлди. Ташладик, демак қутулдик...
Халқнинг ўзи бу мавзуларни кўтармас экан, давлатдан ҳеч нима кутмаса ҳам бўлади.
***
Лекин Ўзбекистонда ҳам олдин чиқиндини саралашга уринишлар бўлган. Эсингизда бўлса, 2012 йилда Тошкент аҳолисини 15 кун ичида мажбурий чиқинди саралаш тизимига ўтказмоқчи бўлишган. Бунда оқ пакетга қоғоз, кўк пакетга пластмасса, сариқ пакетга эса…
Чиқинди саралаш нималигини, унинг нега кераклигини умуман билмайдиган, ҳаётида чиқинди саралашга дуч келмаган одамларга 15 кун муҳлат берилганди.
Ривожланган давлатларда чиқиндини саралаб йиғиш тизимига бутунлай ўтиш учун 20 йилдан 30 йилгача вақт керак бўлган. Буни биринчи 1975 йилда Германия бошлаб берган. Кейин Aнглия, Франция саралашни бошлаган. Бу дастлаб тажриба кўринишида бошланган. Секин-секин шунга инфратузилма яратилиб, одамлар ўзини тайёрлашни бошлаган. Бу нега кераклигини тушуниб етишган. Бизда бўлса, 2 ҳафта. Aлбатта, одамлар буни негатив қабул қилган, бунинг ортидан пул қилишмоқчи деган гумонлар ҳам бўлган.
***
Ўзбекистон шаҳарларида урна йўқ
Чиқиндини саралаш-саралаш деяпмиз. Пойтахтда урна етишмаётган пайтда, чиқиндини саралаш ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?
2018 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан кўчалар, йўлаклар, марказий майдонлар, кўприклар, тунеллар, хиёбонлар ва умуман шаҳар инфратузилмасига кирувчи жойларни ҳар 40–50 метрида урна шартлиги тўғрисидаги тартиб тасдиқланганди. Лекин кўриб турганимиздек, пойтахтимизда ҳалигача урна етишмовчилиги муаммо бўлиб турибди.
Ҳужжат бўйича, Тошкент кўчаларига урна ўрнатишга Ободонлаштириш бош бошқармаси жавобгар экан. Бошқармадаги вакилларнинг гапига қараганда, урна сотиб олиш учун ҳокимият маблағ ажратиши керак. Ҳокимиятдан олган жавобдан шуни тушундикки, урна сотиб олишга пул йўқ. Пойтахтга урна қўйишга пулимиз йўқ экан-у…
***
Лекин барибир асосий муаммо – одамларнинг чиқиндига муносабати
Урна бор-йўқлигига қарамасдан хоҳлаган жойимизни ахлатхонага айлантирамиз. Aллоҳ бизга берган неъматлардан маза қилиб баҳраманд бўламиз. Мусулмонмиз деймиз, лекин, афсуски, мусулмончиликнинг энг асосий талабларидан бири – тозалик ва покликка риоя қилмаймиз.
Бизга омонат қилиб, авайлаб фойдаланишимиз учун берилган неъматларнинг қадрига етмаймиз. Уларни таҳқирлаймиз. Ўзи шундоқ ҳам кам сонли дам олиш масканларимизни ноёб табиатимизни асрамаймиз. Борган жойимизни уялмасдан чиқиндихона қиламиз.
Лекин барибир халқимизга ишонаман. Фарзандларимизга яхши тарбия берайлик, ўзимизни ислоҳ қилайлик...
Aзиз томошабин, умид қиламанки, бу фильмдан кейин урна йўқлиги табиатга чиқинди ташлашингизга сабаб бўлолмайди.
Жамшидхон Зиёхонов,
SUBYEKTIV лойиҳаси муаллифи.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.
Мавзуга оид
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
10:56 / 03.11.2024