Жамият | 16:21 / 18.06.2021
46784
10 дақиқада ўқилади

Табиатни енгаётган қурилишлар. Зарафшон дарёси тақдири нега ҳеч кимни ўйлантирмаяпти?

Яқинда Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида шу вақтгача ҳеч қачон қуримаган булоқ қуриди. Аҳолини ўйлантираётгани, аслида, биргина булоқнинг қуриб қолиши ҳам эмас. Булоқ, шунчаки, жиддий ишора.

Икки ҳафтадан буён Самарқанддаги қатор ҳудудларда сув танқислиги ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Жойларда нафақат экин майдонлари, балки аҳолини ҳам сув билан таъминлашда муаммолар юзага келган. Айрим аҳоли пунктларида қудуқлар қурий бошлади. Марказлашган ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар кўпайган.

Мутахассислар мазкур вазият бўйича иккита омилни ўртага ташламоқда: Зарафшон дарёсида сув сатҳи пасайиши ва бу йил ёғин миқдори кам бўлгани. Нима бўлганда ҳам, бу йил кузатилган ҳолатни энди сув ресурсларига муносабатни кескин ўзгартиришга бўлган «сигнал» деб қабул қилиш керак.

Хўш, Зарафшон дарёсининг сув сатҳи чиндан ҳам йил сайин пасаймоқдами? Ҳеч қачон қуримаган булоқнинг қуришидан тортиб, Самарқанд вилоятининг жанубий туманларида аҳолининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари ортиб бораётгани дарё сувига қанчалик алоқадор?

Kun.uz Зарафшон дарёсининг Тойлоқ туманидан ўтувчи қисми яқинида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар билан суҳбатлашди.

Назаркарда булоғи туманнинг Нурли йўл маҳалласи, Қундузак қишлоғида жойлашган. Мазкур булоқ суви қуриб қолганини қишлоқ аҳли авваллари кўришмаган. Айни вақтда булоқ суви янгиланмаяпти, лойқа ҳосил бўлган. Айтишларича, ўтган йили ушбу булоқда балиқлар ҳам сузиб юрган.

Айтиш мумкинки, Нурли йўл маҳалласи аҳолиси кўп йиллардан бери қўлбола кранлардан фойдаланиб келади. Яқин-яқингача 8–9 метрдан сув чиққан бўлса, сўнгги уч-тўрт йилда қувурларни янада чуқурроққа уришга тўғри келяпти. Сўнгги ҳафталарда эса 14–15 метрдан ҳам сув чиқиши муаммо бўлмоқда.

Масалан, биз суҳбатлашган фуқаролардан бири жорий йилнинг баҳор ойларида ҳовлисидаги қудуқда сув пастлаб кетгани учун янгисини қазишга киришганини айтди. Аммо 15 метрдан ҳам сув чиқмагани сабабли, ҳовлининг яна бошқа қисмидан қудуқ қазиб кўрмоқчи. У кишининг ҳовлисида иссиқхона қурилган бўлиб, сув танқислиги сабабли экинларни суғоришда муаммога дуч келмоқда.

Қаҳрамон Бақоевнинг уйи эса Зарафшон дарёсидан нари борса 300 метр масофада жойлашган. Унинг айтишича, ўн йилча аввал беш-олти метрдан сув чиққан ва тўрт фаслда ҳам қуриб қолмаган. Қишлоқ одамлари ҳатто шоличилик билан ҳам шуғулланганини билдиришди.

Ҳудуднинг сўлимлиги сабабли одамлар фақат ҳордиқ чиқариш учун бу ерларга келишган экан. Энди эса дарё бўйлаб бир неча тош ва шағал майдалашга мўлжалланган тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган. Уларнинг фаолияти, шовқин-сурони одамларни безовта қилибгина қолмай, яшилликка ҳам зарар етказган.

Мартаба Бақоеванинг шундоққина ҳовлиси тўрида тоғдек қилиб шағал уюб қўйилган. Маълум бўлишича, дарёдан олиб келинган шағал-тошлар шу ерда майдаланади.

«Биз яшаётган жойлар жуда сўлим эди, ҳозир чўлга айланиб қолди. Кеча-ю кундуз завод ишлайди, оғир юк машиналари ва техникалар тинмайди. Чанг кўтарилади, фарзандларимизнинг соғлигига зарари бор. Вазиятдан туман ҳокимлигини ҳам хабардор қилганмиз, бораверинглар, бориб ўрганамиз, деб жўнатиб юборишди, холос», — дейди Мартаба опа.

Умуман, дарё ёқасида яшаб келаётган ким билан суҳбатлашманг, сув танқислиги сезила бошлаганини, қудуқларнинг суви пастлаб кетаётганини яшириб ўтирмади.

Ҳақиқатан ҳам Зарафшон дарёсини ёқалаб, бир неча километр масофани кўздан кечирдик. Дарёнинг исталган жойини тўсиб, исталган жойидан тош-шағал олинмоқда. Дарё суви айрим жойларда ниҳоятда кенгайиб, баъзи жойларда қисқариб оқмоқда. Баъзи жойларда қирғоқ 200 метргача олислаб кетган. Дарё ўз ўзанини ўзгартирган, қирғоқдаги дов-дарахт ва буталар қуриб, йўқ бўлиб кетмоқда.

Бизнингча, Зарафшон дарёсидан тош-шағалларнинг бу тарзда олиниши бирор меъёрга тўғри келмаслигини, экология ва табиий атроф-муҳитга етказаётган зарарини билиш учун ҳеч қандай мутахассис ёки олимнинг илми керак эмас. Шундоққина дарёнинг бағридан тошни олиб кетаётган юзлаб машиналар на кечаси, на кундузи тиним билади. Барчанинг кўз ўнгида бутун бир вилоятнинг оби-ҳаёти бўлган дарё ғариблашиб бормоқда.

Зарафшон дарёсининг суви пасайиб кетишини тўғридан тўғри дарё ёқасида тадбиркорлик субъектлари кўпайиб бораётгани билан белгилаш ҳам ноўрин бўлади, албатта. Дарё сувининг йиллар давомида камайиб кетишига бошқа омиллар ҳам бор. Бу борада Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Толиб Ҳайдаровнинг фикрлари билан қизиқдик.

Толиб Ҳайдаров, Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи

«Биз Зарафшон дарёсининг сувидан ҳар ой намуна олиб, таҳлил қилиб боряпмиз. Ўз навбатида қўмитамизга, тегишли ташкилотларга хулосамизни беряпмиз.

Бир ҳолатни тан олиш керак, аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжи ва унинг танқислиги сўнгги вақтларда ошган. Хусусан, об-ҳавонинг исиб кетиши, ёғингарчилик кам бўлиши, қолаверса, Тожикистондан келувчи сув миқдори қисқаргани ҳам Зарафшон дарёси суви камайишига сабаб бўляпти. Дарё суви қанчалик кўп бўлса, шунга яраша қум-шағални оқизиб келади.

Зарафшонда сув миқдори камаяётган экан, табиийки қум-шағал миқдори ҳам камайиб кетади. Бундай вақтда дарёдан қум-шағал олиш меъёрларига амал қилиниши лозим бўлади. Яъни тадбиркорларга дарёнинг қайси қисмидан қанча миқдорда шағал олиш мумкинлиги тушунтирилади. Шундай экан, тадбиркорларнинг бир жойдан катта миқдорда шағал олиши дарёга салбий таъсир қилади. Бу фаолият тури бўйича масъул ташкилотлар бор ва назоратини улар олиб боришлари керак», — деди Толиб Ҳайдаров.

Мутасаддининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида бошқарма томонидан рейд тадбирлари ўтказилган ва айнан сув ҳамда карьерлар фаолияти билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 278 нафар мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан маъмурий чора қўлланган ва қонунбузарлар 330 миллион сўмга яқин жаримага тортилган. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакили дарёлардан қум-шағал қазиб олишда нақ 278та ҳолатда қонун бузилганини маълум қилмоқда. Айнан мана шу рақамларнинг ўзи ҳам соҳага тегишли бўлган барча ташкилотларнинг эътибор қаратиши лозимлигини тақозо этади — дарёдан жуда кўп миқдорда ортиқча шағал қазиб олинмоқда.

Шағал қазиб олиш бекордан бекорга мутасаддилар томонидан назоратга олинмайди. Ҳаддан ташқари кўп тош қазиб олиниши табиатга тиклаб бўлмас зарар келтириши мумкин. Айни вақтда кўзга кўриниб турган ҳолат шуки, кунига минглаб машиналарда тош олиниши оқибатида Зарафшон дарёси ўзани кескин пасайган.

Бир неча йил олдин ҳам самарқандлик олимлар кўп миқдорда шағал қазиб олиш оқибатида дарё ўзани пастлаши шундоққина қирғоқда жойлашган «Зарафшон» миллий табиат боғидаги ўсимликларга зарар етказаётгани ҳақида бонг урганди.

Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати марказининг телеграм каналида ҳам 2020-2021 йилларнинг ўтган даврида Зарафшон дарёсининг ўрта оқими жадвал тарзда эълон қилинган.

Ушбу маълумот ҳам йилдан йилга дарё оқими пасайиб бораётганини кўрсатмоқда. 2020 йилнинг апрель-май ойларида дарё оқими меъёрдан паст бўлган. 2021 йилнинг ўтган даврида дарё оқими яна ҳам пастлаган. Бунинг оқибатида ерости сувлари сатҳи ҳам пасайиб кетган.

Самарқанд шаҳрида ичимлик суви таъминотида юзага келган муаммоларни шаҳар «Сувоқова» корхонаси вакили Насриддин Баҳриддинов ҳам қисқача сўзлаб берди.

Насриддин Баҳриддинов, Самарқанд шаҳар «Сувоқова» корхонаси вакили

Унга кўра, ҳақиқатан ҳам аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда бу йил муаммолар юзага келган бўлиб, бунинг сабаблари қуйидагича.

Аввало, бу йил Зарафшон дарёсига келиб қуйиладиган сув ҳажми кескин пасайган. Бунинг натижасида дарё атрофидаги ерости сувлари ҳам пасайган. «Сувоқова»нинг эса аҳолига сув етказиш насосларининг катта қисми айнан Зарафшон дарёси яқинида жойлашган.

Иккинчи сабаб бу йилги ёғингарчилик кам бўлгани билан боғланса, учинчи сабаб айнан ичимлик учун фойдаланиш лозим бўлган сувнинг бу йил экинларни суғориш ва бошқа мақсадларда ҳаддан ташқари кўп ишлатилишидир.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрида гулзорлар, дарахтлар ва бошқаларни суғоришга масъул бўлган бошқа ташкилот, бу мақсад учун эса алоҳида сув манбалари бор. Аммо томорқани суғориш учун сув манбалари ҳам бу йил камайгани сабабли аҳолига етказиш лозим бўлган ичимлик сувини суғориш мақсадларида ишлатиш кўпайган. Ҳолбуки, ичимлик суви айни вақтда ҳисоб-китобли бўлиб қолган. Қолаверса, у маълум миқдордаги маблағ эвазига тортиб олинади, зарарсизлантирилади, узоқ километрларга керакли босим билан етказилади.

Афтидан, сув билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлувчи омилларнинг кети кўринмайдигандек. Улардан энг асосийси, албатта, сув ресурслари, жумладан, дарёдан фойдаланишдаги хўжасизликка барҳам бериш, албатта.

Дарвоқе, Тойлоқдаги Қундузак қишлоғига борар эканмиз, аҳоли қишлоқнинг дарё билан чегараси атиги бир неча йил аввал ям-яшил бутазор бўлгани, ён-атрофда дарёдан сизиб ўтган сув эвазига юз йиллар давомида сув ҳавзалари бўлганини алам билан гапириб беришди. Ҳозир эса у ерда улкан тош уюмлари, чанг-ғубор ва қуриган ҳовузлар ўрнини кўриш мумкин. Дарёдан ҳисоб-китобсиз шағал олиниши натижасида сувнинг пасайиши атрофни шу кўйга солган. Афтидан, зудлик билан шағал олиш миқдорини қайта кўриб чиқиш шарт.

Исомиддин Пўлатов, Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид