Жамият | 23:25 / 03.07.2021
2252
3 дақиқада ўқилади

Самарқандлик биринчи блогер саксон ёшни қаршилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Нусрат Раҳматнинг 80 йиллик юбилейи Самарқандда кенг нишонланмоқда.

Нусрат Раҳмат Самарқанд туманининг Қўшмачит маҳалласида туғилган. У “Зарафшон”, “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари, “Меҳнат” нашриётида самарали ишлаган, кўплаб ёшларга устозлик қилган.

Адибнинг “Агар табиатни севсангиз” номли китоби 1975 йилда нашр этилган. Шунингдек, “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “Селекция мўъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар”, “Фарзандга ўгитлар” сингари ҳикоя ва очерклардан иборат китоблари босилган. “Тақдимот” номли шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами нашр этилган. Айниқса, унинг “Мен мухбирман”, “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” каби тўпламлари ўқувчиларнинг севимли асарига айланиб улгурган. “Жадид” номли романи эса етакчи жадидлардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ёзилган бўлиб, миллат зиёлисини ўқувчилар кўз ўнгида яна бир даража кўтариб, унинг сиймосини ёрқинроқ таништирди, дейиш мумкин.

Нусрат Раҳмат 2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Нусрат Раҳмат бугун ҳам ижод майдонида фаол, замон талабларини чуқур ҳис этган ҳолда интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда янги асарлари билан қатнашиб келаётганини эътироф этмоқ керак.

Таъбир жоиз бўлса, Нусрат Раҳмат блогерликни бошлаганига ўн йилдан ошди. Интернетда ўз блогини очиб, бу борада яна ёшларга ибрат бўла олди. Жамиятнинг энг қайноқ воқеликларига тезкорлик билан муносабат билдириб келмоқда.

3 июл, Нусрат Раҳмат туғилган кунда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам унинг хонадонида бўлди. Шунингдек, адибга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг табрик хати ва эсдалик совғаси топширилди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид