Спорт | 11:52 / 23.06.2021
24796
13 дақиқада ўқилади

Евро-2020. D гуруҳидан уч жамоа кейинги босқичга чиқди, Украинада деярли имкон қолмади

Хорватлар украинларнинг имкониятини деярли йўққа чиқарди, Англия плей-оффда кучли рақибга дуч келади.

Европа чемпионати. D гуруҳи
Хорватия — Шотландия — 3:1
 (1:1)
Голлар: Влашич, 17 (1:0). Макгрегор, 42 (1:1). Модрич, 62 (2:1). Перишич, 77 (3:1).
Хорватия: Ливакович, Ловрен, Вида, Юранович, Гвардиол (Баришич, 71), Модрич, Перишич (Ребич, 81), Ковачич, Брозович, Влашич (Иванушец, 76), Петкович (Крамарич, 70).
Шотландия: Маршалл, Ҳэнли (Маккенна, 33), Робертсон, Тирни, О`Доннел (Паттерсон, 84), Армстронг (Фрэйзер, 70), Макгрегор, Макгинн, Мактоминай, Адамс (Нисбет, 84), Дайкс.
Огоҳлантиришлар: Ловрен, 26. Маккенна, 34.
Ҳакамлар: Рапаллини. Белатти, Бонфа (барчаси — Аргентина).
ВАР: Эрнандес-Эрнандес. Приэто Лопес де Сераин, Санчес Мартинес, Мартинес Мунуэра (барчаси — Испания).
22 июнь. Глазго. «Ҳэмпден Парк» стадиони.

Йирик турнирларнинг энг мафтункор жиҳати — кашфиёт жамоалардир. Турнир арафасида кўпчилик ишонч билдирмаган жамоалар албатта кучли ўйин кўрсатишади ва янги мухлисларга эга бўлишади. Масалан, 1990 йилдаги Камерун ёки кутилмаганда Евро-1992га йўл олиб, барчанинг севимлисига айланган Дания.

Бу сафарги қитъа чемпионатида Шотландия ҳам шундай ёрқин ўйин кўрсатди. Агрессив, жўшқин ва чинакамига жонли жамоа. Мадҳия ижро этиш борасида улар Италия билан рақобатлашиши мумкин. Уларнинг ўйинига қараб шотландлар икки йил муқаддам Евро саралашида бир ой ичида Бельгия ва Россияга бир хилда 0:4 ҳисоблари билан мағлуб бўлганига ишониш қийин.

Ўшанда Стив Кларк терма жамоа бошқарувига эндигина келганди, унинг ҳозирги жамоаси Миллатлар лигаси плей-оффида юзага келди, бу босқичда Шотландия Белградда Сербияни мағлуб этиб, қаҳрамонлик кўрсатган ҳолда Евро учун қўшимча йўлланмаган эга бўлди. Аммо бу жамоа характер ва ҳиссиётларга кучли даражада боғланган, ўйин тузилмаси эса у қадар мустаҳкам эмасди ва Гилмор касалликка чалиниб сафдан чиққанида унинг ўрнини тўлдириб бўлмади.

Ёш ва истеъдодли яримҳимоячи Англияга қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган, унда коронавирус аниқлангач, у ўзи билан контактда бўлган «Челси»даги жамоадошлари — Маунт ва Чилуэлл ҳам карантинга кетишига сабабчи бўлди. Кларк бўшлиқни тажрибали ва универсал футболчи бўлган Армстронг билан ёпмоқчи бўлди, ва унинг бундай қарори Златко Даличнинг қарорларидан кўра оддий эди. Хорватиялик мураббий  биртўла тўрт футболчини ўзгартириб, дарвозабондан бошқа барча чизиқларда мурватларни бураб чиқди.

Асосийси — унинг барча ўзгаришлари ўзини оқлади. Ўнг қанот ҳимоясига туширилган тетик Юранович Робертсоннинг ҳужумларини тўсиб қўйди ва ўзи ҳам бир голга узатма берди. Брозович таянч зонасини мустаҳкамлади, Петкович тўп кўпроқ ўз жамоасида бўлишни таъминлади, Влашич эса ҳужумларга ранг-баранглик киритди. Бунгача у икки ўйинда захирадан тушаётганди.

ЦСКА футболчиси 1 май куни «Уфа»га қарши ўйинда жароҳат олганди ва бир ойга сафдан чиқди. Влашичга фақат Арманистонга қарши ўртоқлик учрашувида бир бўлим ўйнаш имкони берилганди. Далич Евро гуруҳ босқичи якунидагина у тўлиқ ўйинга тайёр деб ҳисоблади. Рақибнинг ўйин стартидаги штурми бир амаллаб қайтарилгач, Хорватия ўзининг илк имкониятидан фойдаланди, Влашич Перишич ташлаб берган тўпни дарвоза бурчагига жойлади.

Влашич доимий равишда марказий ҳужумдаги Петкович билан жой алмашиб ўйнади. Хорватлар биринчи голдан кейин мезбонлар ўзига келиб олмасидан ўйинни ҳал қилиб қўйишлари ҳам мумкин эди, аммо танаффусга тенг ҳисобда йўл олинди. Гол яна тажрибали марказий ҳимоячилар хатоси туфайли ўтказилди. Чехларга қарши ўйинда Ловрен пенальтига сабаб бўлганди. Энди унинг шериги Вида тўпни Макгрегорнинг оёғига ташлаб берди ва «Ҳэмпден Парк» бу голни ақлдан озгудек бўлиб нишонлади.

Чунки бу тарихий гол эди, Шотландия чорак асрдан буён қитъа биринчиликларида гол ура олмай келаётганди — сўнгги гол Евро-1996да афсонавий Алли Маккойст томонидан урилган. Лекин таблодаги ҳисоб бу икки жамоа учун ҳам Европа чемпионати якунланганини англатарди, шу туфайли иккинчи бўлимда икки жамоа ҳам ҳужумкор ўйнаши табиий эди. 

Влашич 76-дақиқада алмаштирилгунча яна бир бор ўзини кўрсатиб, Гвардиолани рақиб дарвозабони билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Аммо Загребнинг «Динамо»сидан «Лейпциг»га ўтиши кутилаётган 19 ёшли ҳимоячига тажрибали Маршаллни алдаш учун ҳужумчилик жиҳатлари етишмади. Акс ҳолда у Хорватиянинг қитъа чемпионатларида гол урган энг ёш футболчи сифатида тарихга кириши мумкин эди.

Аммо 2008 йилги Еврода гол урган Модричнинг рекорди ўзгармай қолди. У хорватларнинг энг ёш снайпери бўлганди, энди эса турнирда гол урган энг ёши катта футболчиси ҳам бўлди. Глазгодаги ўйин вақтида Модрич 35 ёшу 286 кунлик эди. Унинг бурчакдан Перишичга узатган голли пасидан кейин эса ўйин тақдири амалда ҳал бўлди.

Гуруҳда сўнгги ўринда қолганига қарамай, Шотландия Еврони бошини баланд кўтарган ҳолда тарк этмоқда. Хорватия эса жаҳон вице-чемпионлари тавқи-лаънатини енгиб ўта олди. Чорак аср давомида бундай жамоалар кейинги Еврода муваффақиятсизликка учраб келарди. Италия, Германия, Франция ва Нидерландия каби жамоалар гуруҳлардан чиқа олмай қолиб кетишганди. Хорватия эса уддалади, плей-оффда ҳам улар 2018 йилги жаҳон чемпионатидаги каби юриш қилиши ҳеч гап эмас. 

Хорватлар чехларни учинчи ўринга тушириб юборди, лекин чехлар ҳам энг яхши учинчи ўрин эгалари сафида плей-оффга чиқишади, Украинанинг имконияти эса кескин пасайди.

Англия Евро-2020да яна бир зерикарли ўйин ўтказди, аммо чехлар мағлуб этилди

Европа чемпионати. D гуруҳи
Чехия — Англия — 0:1 (0:1)

Гол: Стерлинг, 12.
Чехия: Вацлик, Цоуфал, Калас, Челустка, Боржил, Масопуст (Хложек, 64), Соучек, Холеш (Выдра, 84), Дарида (Крал, 64), Янкто (Шевчик, 46), Шик (Пекхарт, 75).
Англия: Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунс (Мингс, 79), Шоу, Сака (Санчо, 84), Филлипс, Райс (Ҳендерсон, 46), Грилиш (Беллингем, 68), Стерлинг (Рэшфорд, 67), Кейн.
Огоҳлантириш: Боржил, 61.
Ҳакамлар: Соареш Диаш. Сантос Суареш, Тавареш (барчаси — Португалия).
ВАР: Силва Пинейру (Португалия). Валери, Мели, Иррати (барчаси — Италия).
22 июнь. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

Британларнинг тушунарсиз ўйини
Европа чемпионати стартига қадар Англия терма жамоаси турнирнинг асосий фаворитлари қаторида эди. Албатта, улар ҳозир ҳам олтин медаллар учун даъвогарлар сафида қолмоқда, фақат уларнинг муваффақиятига шубҳа ортган.

Ҳаммаси улар кўрсатаётган ўйинда. Англия Хорватия ва  Шотландияга қарши тушунарсиз ўйнади. Улар бу ўйинларда тўрт очко жамғарган бўлишса-да, бу ўйинларда Гарет Саутгейт шогирдлари Италия каби ёрқин таассурот кўрсата олишмади. Британлар зўриқиш билан ҳаракат қилишди ва хорватлар билан ўйинда ғалабани бой беришлари ҳам, шотландларга ютқазишлари ҳам мумкин эди. Аммо икки турда олинган тўрт очко — гуруҳдан чиқишни деярли кафолатлашди, шундай экан, натижа келтираётган Саутгейтни танқид қилиш ҳам адолатли эмасди.

Аммо инглизлар зерикарли ўйнашмоқда, бунинг сабаби эса айнан мураббий билан боғлиқ. «Уч шерлар» жаҳон чемпионатида ҳам голлар ёмғири ёғдиришмаганди, фақат Панамага қарши ўйинни ҳисобга олмаганда. Натижа бир қарашда юқори — тўртинчи ўрин ва пенальтилар сериясида узоқ кутилган ғалаба — бу ўйиндаги муаммоларни хаспўшлаган. Саутгейт ҳаддан ташқари эҳтиёткорона услуб танлайди, унинг схемасида фантазияларга ва ижодкорликка ўрин йўқ, ҳаракатлар имкон қадар соддалаштирилган. Англиядаги мухлисларга ҳам бундай тактика танлаш сабаби маълум эмас — терма жамоада асрнинг энг кучли авлоди жамланган, креатив футболчилар кўп, ўйин эса зерикарли.

Узоқ кутилган Грилиш
Дастлабки икки ўйинда Саутгейт ўзлигига содиқ қолди ва яна Грилиш, Рэшфорд ва Санчони ўйиндан ташқарида қолдирди («Боруссия» яримҳимоячи ҳатто заявка қилинмаганди). Шу билан биргаликда, баҳордаги ўйинларда «Манчестер Сити»асосий таркибидан тушиб қолган Стерлинг ва ундан асосий таркибдаги ўрнини тортиб олган Фил Фоден илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Лекин Фил ўзи учун одатий бўлмаган ўнг қанотда тушди (клубида 21 ёшли ҳавбек чап қанотда тўп суради). «Сити»да Фоденга кенг эркинлик берилган, унга марказга ўтиб ўйнаши ҳам мумкин, Саутгейт эса Филни ўнг қанотга боғлаб қўйди. Англия термаси ўйини қанотлардан ёки орқароқдан бериладиган узун пасларга асослангани ҳисобга олинса, Фоден терма жамоага кераклича самара бермаслиги тайин эди.

Чехлар билан ўйинга Саутгейт футболчиларнинг жойлашувини ўзгартиришга қарор қилди. Аммо кутилганидек эмас. Ҳа, Англия матбуотида ва ижтимоий тармоқларда асосий мавзуга айланган Грилишга бошланғич таркибдан жой берилди. Аммо Санчо яна захирада қолдирилди (у якунланган мавсумда немис клуби сафида 16 гол урган ва 20 голга узатма берган), ўнг қанотда Фоден ўрнини «Арсенал» вингери Сака эгаллади, Саутгейт авваллари уни чап қанотда ўйнатарди. Сака учун бу Евродаги дебют ўйин бўлди — Шотландияга қарши ўйинда у заявкага ҳам киритилмаганди.

Ҳа, Грилишнинг туширилиши кўп жиҳатдан вазият тақозоси эди, ўйин арафасида Маунт ва Чилуэлл Шотландия термаси аъзоси Билли Гилмор (унда коронавирус тасдиқланган) билан алоқада бўлгани учун изоляция қилинди. Грилиш схема бўйича Маунтнинг ўрнини эгаллади, аммо амалда 4-3-3 схемаси 4-2-3-1 га ўзгарди. «Челси» яримҳимоячиси марказдаги учлик билан бир чизиқда жойлашган бўлса, Грилиш Кейннинг ортида ҳаракатланди.

«Ўлим гуруҳи»дан рақиб
Биринчи бўлим инглиз мухлисларга ўйин ўзгаргани ҳақида умидлар бахш этганди. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ Стерлинг рақиб жарима майдонига ёриб кириб, дарвоза устунини пойлади, кўп ўтмай «Сити» форварди барибир гол урди — Сака бошлаб берган ҳужумни Грилишнинг узатмасидан кейин якунлаб қўйди. Унинг ортидан терма жамоа сардори, Англия чемпионатининг якунланган мавсумида энг кўп гол урган ва энг кўп голли узатмани амалга оширган Кейн ҳам уйғонди, у аввалги икки турда бирор марта дарвоза сари аниқ зарба йўллай олмаганди, бу ўйинда эса юз фоизлик имкониятга эга бўлди, аммо чехлар дарвозабони Вацлик жамоасини қутқарди.

Англия танаффусга қадар Хорватия ва Шотландияга қарши ўйинлар билан таққослаганда анча ҳужумкор ўйин намойиш этди. Шу билан бирга, Чехияга ҳам ўйнашга қўйиб беришди: Голеш ва Соучек биринчи бўлимда жавоб голи уриш учун имкониятларга эга бўлишди. Аммо иккинчи бўлимда Саутгейт яна ўйинда темпни тушира бошлади — икки жамоа дарвозаси олдида ҳам яққол голли вазиятлар яратилмади.

Англия барибир 1:0 ҳисобини сақлаб қолди, аммо мураббийлар штаби ҳақли танқидларга учрамоқда. Фақатгина қўрқоқларча футбол учун эмас, бундай футбол билан кучли рақиб қаршисида қолишгани учун. Гап шундаки, D гуруҳининг биринчи жамоаси плей-оффда F гуруҳининг (Франция, Германия ва Португалия) иккинчи вакилига қарши майдонга тушади. D гуруҳининг иккинчи жамоаси эса нисбатан осонроқ рақибга тушган бўларди E гуруҳининг иккинчи жамоасига қарши (Испания, Швеция, Словакия, Польша).

Чехлар учун энг аламлиси, улар плей-оффга иккинчи ўрин билан чиқа олишмади. Ҳа, улар куч тежаб ҳам Шотландияни мағлуб этишган, хорватлар билан ўйинда дурангга эришган ва Англия билан тенгма-тенг ўйнашди, аммо Хорватия параллел учрашувда 3:1 ҳисобидаги ғалабага эришишди ва гуруҳни иккинчи ўринда якунлашди. Чехлар тўрт очко билан ҳам гуруҳдан чиқишади, аммо уларнинг рақиби ким бўлиши ҳали номаълум.

Ҳар ҳолда Англия Лондонда қолди, улар бу ерда ўлим гуруҳидан чиқиб келадиган рақибни кутишмоқда.

Мавзуга оид