Чемпионлар Лигасининг сўнгги финали олдидан ҳам, айнан ўйин пайтида машҳур телеканаллар студияларида ҳам негадир Жейдон Санчони кўп гапиришди. У нима қила олади, «Реал»га қарши ўзини кўрсата оладими? Танаффус пайтида – «биринчи бўлимда Санчо ўзини кўрсата олдими?»
Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Ахир «Боруссия»да бошқа футболчилар бор, уни қўйинг, ахир «Реал» яна бир марта Чемпионлар Лигаси остонасида турибди, Санчонинг собиқ жамоадоши Беллингҳэм эътиборга кўпроқ лойиқ эмасми? Нега шунақа?
Твиттерда бугун Англия ютади, деб ёзсам, кўпчилик, Англия чиқмасин, тузукроқ футбол кўрайлик финалда, деб эътироз билдиришди.
Менимча, айнан Англия – Испания финали ўзи мавжуд икки вариант ичида финалга мосроғи. Чунки, энг аввало, инглизлар таркиби футбол юлдузларига тўла, ҳар қандай ҳолатда ғолиблик учун бор имкониятини ишга соладиган, бундай тажрибадан кўп марта ўтган футболчилар – «Реал», «Манчестер Сити», «Ливерпул» каби жамоалар билан сўнгги йилларда Чемпионлар Лигасини ютишган ҳам. Захирадан тушиши мумкин бўлган Тоунидан тортиб, Палмергача бўлажак юлдуз деб башорат қилинаётган футболчилар саналади. Табиийки, улардан кутилмалар ҳам катта, босим ҳам айнан финалга яраша бўлади.
Футболни, айниқса финални қизитадиган асосий фактор нима, айтайми? Драматизм. Сюжет. Томошабин учун қандайдир оқибатнинг аҳамияти. Энг муҳими булар. Тўқсон дақиқа чиройли футбол, чиройли голлар, ҳужумлар – бундай футболни доим ҳам кўраверамиз, буни ЖЧ-2018 финалида Хорватия ҳам, яқинда «Боруссия» ҳам эплаб берди. Лекин юқорида айтилган талабларга мос бўладими шунақа финал?
Англия зериктиряпти, хўп. Аммо Евро-2024нинг энг драматик воқеаси қайси? Беллингҳэмнинг сўнгги дақиқадаги голи эмасми? Гап Словакия билан ўйин қай даражада чиройли ҳужумларга бой бўлганми, йўқми, унда эмас, сюжет шу эдики, наҳотки Англия ҳозир Словакияга ютқазса? Кейн, Беллингҳэм, Фоден, Сака ҳеч нарса қила олмай, Словакия чоракфиналга чиқса нима бўлади? Мана шу саволнинг катталиги, яъни, томошабин учун оқибатнинг аҳамияти ўйиннинг драматизмини оширади.
Бу худди кино сценарийсига ўхшайди. Турли воқеалар, уруш саҳналари, ажойиб эффектларга бой лавҳаларга тўла филм бўлса, агар қаҳрамонларнинг тақдирига бефарқ бўлсангиз, шу кинодан маза қиласизми? Аксинча, оддий, сокин бир филм бўлса-ю, эҳтимолий якунига сиз бефарқ бўлмасангиз, бош қаҳрамоннинг тақдири сизни қизиқтирса, этингиз жунжикиб, хавотирга тўла алфозда шу филмни якунламайсизми?
Энди савол, Туркия Нидерландияни ютаётган бир пайтда, наҳотки Нидерландия мусобақадан чиқиб кетади, деган хавотир сизга бир он бўлса-да, меҳмон бўлдими? Албатта, Туркия ҳам чиройли футбол кўрсатадиган жамоалардан, сиз уларга ёки балки Нидерландияга азалдан мухлис бўлишингиз мумкин. Мавзу бу ҳақида эмас.


















