Жамият | 22:31 / 29.05.2018
81860
2 дақиқада ўқилади

“ВИА Мароқанд” гуруҳи солистларининг лицензияси тўхтатилди, Умиров ва “Уммон” огоҳлантирилди

Фото: Musictop.uz

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳоловчи  Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан  “ВИА Мароқанд” гуруҳининг “Турист” қўшиғига ишланган видеоклипида жузъий камчиликлар бўлганлиги боис клипни оммага тақдим этиш рад этилган эди. 

"Ўзбекконцерт" матбуот хизмати гуруҳ аъзолари бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, ушбу клип оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилганлиги сабабли,   “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан “ВИА Мароқанд” гуруҳи аъзолари Закирова Асалхон Бахтиёржон қизи ва Ташматов Абдурашид Хусановичларга берилган лицензиялар жорий йилнинг 29 май кунидан тўхтатилганлигини маълум қилинди.

Шунингдек, Кенгаш аъзолари томонидан “Уммон” гуруҳининг “Оқ гулим”  ва хонанда Жасур Умировнинг “Сайпи” деб номланган қўшиғи ҳамда унга ишланган клипларидаги мавжуд камчиликларни  тўғрилаб, оммага тақдим этиш вазифаси топширилган эди. Бироқ билдирилган камчиликлар тўлиқ бартараф қилинмасдан эфирга берилганлиги учун хонанда Жасур Умиров ва “Уммон” гуруҳи огоҳлантирилади.

Манбада агар ушбу ҳолат юқорида номлари келтирилган санъаткорларда қайта такрорланса, уларга берилган лицензиялар муддатидан  аввал тўхтатилиши қўшимча қилинган.

Мавзуга оид