Ўзбекистон | 19:37 / 16.10.2020
33127
8 дақиқада ўқилади

Баллар ошишига сабаблар, янги сертификат тизими ва имтиёзлар — ДТМ директори ўринбосари билан суҳбат

Бу йил кириш имтиҳонлари олдингиларидан фарқли тарзда ўтказилди, кўпроқ абитуриент ҳужжат топширди, саволлар осонлаштирилди. Тестлар осонроқ бўлгани ҳисобига максимал балл тўплаганлар, баллари тенг бўлиб қолганлар ҳам кўп учради.

Kun.uz мухбири Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов билан суҳбатда бўлиб, қабул жараёнига оид қатор саволларга жавоб олди.

Баллар ошишига сабаблар

– Бу йил тест синовлари олдингига қараганда бошқача шароитда ўтди. Ҳужжат топширган абитуриентлар сони ҳам кўпроқ бўлди. Тестлар ҳам соддалаштирилди, фанлар камайтирилди, биринчи қийинчилик даражасидаги саволлар кўпайтирилиб, тўртинчи қийинчилик даражасидаги саволлар олиб ташланди. Булар балл кўтарилишига, максимал балл олган абитуриентлар сони кўпайишига сабаб бўлди.

Бунга имтиҳонда фақат 2та мутахассислик фани қолдирилгани ҳам сабаб бўлди. Сабаби ўтган йилларда кўпчилик абитуриентлар учинчи фанни таваккал ишлар эди.

Нечта абитуриент максимал балл олди?

– Максимал балл олганлар кескин кўпайгани йўқ. Масалан, Тошкент давлат юридик университетида 400дан ортиқ максимал балл олганлар кузатилди, деган турли хабарлар тарқалди. Лекин бу ОТМда максимал олганлар 50та атрофида бўлган. Юридик университет азалдан ўзига ишонганлар ҳужжат топширадиган ва балл юқори бўладиган ОТМ ҳисобланади.

Максимал балл олган абитуриентлар сони билан боғлиқ статистикалар апелляция жараёнлари ҳам тўлиқ тугагач умумлаштирилади.

«Тенг балл тўплаган абитуриентнинг бири грантга, бири контрактга кирмаган»

– Тенг балл олган абитуриентлар масаласига келсак, уларнинг ҳеч бирининг ҳуқуқи чеклангани йўқ. Айтайлик, охирги грант ўрнига етадиган балл тўплаган абитуриент бир эмас, бир нечта бўлса, уларнинг ҳаммаси грант асосида қабул қилинди. Бир абитуриент грант асосида, қолганлар контракт асосида қабул қилингани йўқ. Контракт асосида талаба бўлганларнинг баллини ҳисоблашда ҳам худди шу тартиб қўлланилди.

Баллар юқори бўлишига саволлар такрорлангани сабаб эмасми?

– Йўқ, саволлар такрорлангани йўқ. Фақатгина бир сменадаги бир нечта абитуриентга бир хил савол тушган. Лекин ўтган сменадаги саволлар бошқа сменадаги абитуриентга қайта тушмаган.

Саволлар тарқалиши билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар кузатилди. Масалан, саволларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиш ҳолатлари кузатилди. Уларнинг ҳаммасига чора кўрилди, аксари имтиҳон жараёнининг ўзидаёқ тестдан четлатилган.

Тест саволларини тузиш, уларни вариантларга тақсимлаш, имтиҳондан қайтган саволлар билан ишловчи ходимлар Давлат тест марказининг алоҳида биносида ёпиқ режимда ишлайди. Улар одатий тартибда ишлайдиган вақтда ҳам махсус бинога ахборот ташувчи қурилмалар олиб киришга йўл қўйилмайди. Ходимларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам назорат қилади. Шунинг учун саволларнинг тарқалиб кетиши мумкин эмас.

Жавоб чиққан куни ДТМ сайти ишламай қолгани ҳақида

– Ўтган йилгига қараганда бу йил қўшимча серверлар сотиб олинган эди. 1,5 миллионга яқин абитуриентнинг ҳужжат топшириш жараёнида бир кун ҳам узилиш бўлгани йўқ. Ҳужжат топширишнинг дастлабки кунлари сониясига 15-16 минг одам сайтга кирган бўлса, бу юклама охирги кунларга 55 мингга етди.

Имтиҳон натижалари эълон қилинган кунда сониясига 600 мингдан ортиқ одам сайтга кирган. Серверлар ўтган йилгига қараганда такомиллаштирилган эди, лекин барибир юклама юқори бўлгани учун сайт уни кўтара олмади. Сайтнинг ишламай қолган вақт бир неча соатни ташкил қилди, кейин тизим ўзини тиклаб олди ва ишлаб кетди.

Яна бир тарафи – ДТМ сайтига ҳар доим ҳам 600 мингдан ортиқ мурожаат бўлмайди. Бундай юклама бир йилда нари борса, бир-бир ярим кунни ташкил қилади. Шундай қисқа муддат учун жуда кучли серверни тайёрлаб қўйиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Лекин шундай бўлса-да, келгуси йилларда бундай муаммо бўлмаслиги учун ҳозир тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

«Имтиёзларнинг асосий қисми квотадан ташқарида»

– Имтиёзларни бир нечта тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун белгиланган имтиёзлар: булар орасида «Зулфия», «Мард ўғлон» мукофоти ғолиблари, танлов совриндорлари бор.

Иккинчи турдаги имтиёзлар ҳарбий хизматчиларнинг давлат олдидаги хизматларини муносиб рағбатлантириш учун бериладиган имтиёзлар. Масалан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун бериладиган имтиёзлар.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, имконияти чекланганлар учун, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган имтиёзлар ҳам бор. Темурбеклар мактаби битирувчиларига ҳам имтиёз белгиланган бўлиб, битирувчиларга ўзлари тўплаган баллга маълум фоиздаги балл қўшиб берилади.

Бундан ташқари, алоҳида фанларга ажратиладиган имтиёзлар ҳам бор: масалан, чет тилидан B2 даражасидаги сертификатга эга абитуриентларга шу фандан имтиёз берилади.

Барча имтиёзлар тегишли вазирлик томонидан Давлат тест марказига тасдиқлаб берилади. Фақатгина бу йил марказ чет тили сертификатларини ўзи текширди.

Имтиёзларнинг деярли барчаси алоҳида квотада ҳисобланади. Масалан, имконияти чекланганлар учун, хотин-қизлар учун, олис ҳудудларда яшовчилар учун ажратиладиган имтиёзларга алоҳида квота ажратилади. Улар умумий квотада имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳуқуқини чекламайди.

Бир нечта: «Зулфия», «Мард ўғлон» мукофоти ғолиблари ва Ёшлар иттифоқи тавсияномасига эга бўлганлар учун бериладиган имтиёзлар умумий квота доирасида ҳисобланади ва улар имтиҳонсиз тўғридан тўғри грантга тавсия этилади.

Лекин имтиёзларнинг асосий қисми квотадан ташқари ҳисобланади.

«Апелляция учун ариза берган абитуриентларнинг бор-йўғи 25 фоизи апелляцияда қатнашди»

– Айни пайтда имтиҳон натижаларидан норози бўлганлар учун апелляция жараёнлари давом этмоқда. Абитуриентлар учун марказда алоҳида хона ажратилган.

Ҳозирга қадар 6 мингдан зиёд абитуриентнинг аризалари кўриб чиқилди, уларнинг бор–йўғи 25 фоизи апелляцияда қатнашди (суҳбат 14 октябрь куни ёзиб олинган – З.Ғ.). Аксар абитуриентлар имтиҳонда саволларни таваккал ишлайди ва қизиққонлик билан апелляцияга ариза ёзади, кейинроқ саволларни нотўғри ишлаганини тан олади ва апелляция куни келмайди.

Яна бир тоифа абитуриентлар эса бу жараённи нотўғри тушунади: улар ариза ёзса, қайта тест ишлашига имкон берилади деб тушунишади. Шунинг учун ҳам ариза ёзганларга қараганда апелляция куни келадиганлар сони анча кам бўлади.

Сертификатлаш тизимига ўтилади

– Келгуси йиллардан фанларни сертификатлаш тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Айни пайтда ҳар бир ҳудудда Давлат тест марказининг биносини қуриш чоралари кўрилмоқда. У ерда йил бўйи тестлар ўтказилади, турли фанлардан сертификатлар берилади. Ўша сертификатлар билан абитуриентлар кириш имтиҳонларида қатнашиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, мактаб битируви имтиҳони билан ОТМга кириш имтиҳонини унификация қилиш бўйича қарор лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Агар у ҳам амалга ошса, хоҳловчилар йил бўйи сертификат учун имтиҳон топшириб, унга эга бўлиши, битирувчилар эса якуний имтиҳондан керакли натижага эга бўлиб, шу натижа билан кириш имтиҳонларида қатнашишлари мумкин.

Булар амалга ошиши билан тест жараёнининг бир вақтга тўғри келмаслигига олиб келади. Тест синовларининг узоқ муддат давом этмаслигига ёрдам беради.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид