«Милтон» тўфони секинлашди, аммо ўз ортидан жиддий вайронгарчиликлар қолдирмоқда
Флоридада 3 млн киши электрсиз қолган, дастлабки қурбонлар ҳақида маълум қилинган.
Тунда «Милтон» тўфони Флориданинг марказий қисми бўйлаб ўтди ва торнадо ҳодисаларини келтириб чиқариб, ўнлаб уйларни вайрон қилди. 3 миллиондан ортиқ хонадон ва корхоналар электр таъминотидан узилган.
«Милтон» бешинчи тоифали тўфон сифатида бошланганди, аммо қуруқликка етиб келганида метеорологлар унинг даражасини учинчигача туширди, ҳозирда эса у ҳамон жиддий хавф солаётган бўлса-да, энг кучсиз – биринчи тоифадаги тўфонга айланиб қолган.
АҚШ Тўфонларни ўрганиш миллий маркази маълумотига кўра, «Милтон» маҳаллий вақт билан чоршанба куни кечқурун соат 20:30 атрофида Флориданинг Сиеста-Ки оролига етиб келганида, шамол тезлиги 195 км/соатни ташкил этаётганди. Пайшанба куни тонгида шамол тезлиги соатига 150 километргача тушди.
«Милтон»нинг қуруқлик бўйлаб ҳаракати кучли ёмғирлар ва вайронкор бўронлар билан бирга кечди. Тўфон НАСА космодроми жойлашган Канаверал бурнидан тахминан 75 км жануби-ғарбдан ўтган.
Тампа кўрфази ҳудуди, жумладан, Тампа, Санкт-Петербург ва Клируотер шаҳарларида сув тошқинлари хавфи туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Чоршанба куни Санкт-Петербургда 16,6 422 мм ёғин тушиб бўлганди. Хабарларга кўра, шаҳарда ичимлик суви қолмаган.
«Милтон» Санкт-Петербургдаги 42 минг томошабинга мўлжалланган «Тропикана Филд» бейсбол стадионининг гумбаз шаклидаги томининг бир қисмини бузиб ташлаган. Маҳаллий нашрларга кўра, стадион қутқарувчилар учун бошпана сифатида фойдаланилаётганди, аммо улар орасида жабрланганлар йўқ.
NBC News нашри Сент-Люси округи шерифи Кит Пирсонга асосланиб хабар беришича, Флориданинг шарқий соҳил қисмидаги Форт-Пирс шаҳрида торнадо туфайли кексалар уйида камида икки киши ҳалок бўлган. Пирсоннинг маълумотига кўра, 17 марта торнадо ҳодисаси кузатилган округда 100 та уй вайрон бўлган.
Штатнинг Атлантика океани соҳили қисмидан ҳам жабрланганлар ҳақида хабарлар келган, аммо ҳозирча аниқ рақамлар йўқ. Палм-Бичда беш киши шифохонага ётқизилган, аммо маҳаллий расмийлар жабрланувчилар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Синоптиклар тўфон маркази уч миллион атрофида одам яшайдиган Тампа-Бэй мегаполисидан ўтишини кутишганди. Якунда эпимарказ Тампа-Бэйдан тахминан 100 км жанубда жойлашган, 5400 нафарга яқин аҳоли яшайдиган Сиеста-Ки шаҳридан ўтди.
Флорида губернатори Рон ДеСантис Тампа-Бэйда жиддий вайронгарчиликлардан қутулиб қолишига ва прогноз қилинган кучли тўлқинларнинг энг ёмон сценарийси рўй бермаслигига умид қилган, чунки тўфон сувдан олдин қуруқликка етиб келади. Синоптикларнинг прогнозларида денгиз суви сатҳи 4 метргача кўтарилиши мумкинлиги айтилганди.
ДеСантиснинг хабар қилишича, «Милтон» камида 19 та торнадони юзага келтирган, бунинг натижасида кўплаб округлар талафот кўриб, 125 га яқин уй вайрон бўлган, уларнинг аксари кўчма уйлар эди.
«Айни вақтда эвакуация жуда хавфли, шунинг учун сиз қаерда бўлсангиз, ўша ерда бошпана топишингиз ва шунчаки ётишингиз лозим», — деган ДеСантис.
Синоптикларнинг прогнозларига кўра, «Милтон» пайшанба куни Флоридани кесиб ўтиш чоғида тўфон кучини сақлаб қолади, аммо Атлантикага ўтганидан кейин, катта эҳтимол билан аста-секин кучсизлана бошлайди.
Икки ҳафта олдин «Ҳелен»дан жабрланган штатда икки миллионга яқин кишига эвакуация тўғрисида буйруқ юборилган, яна миллионлаб кишилар «Милтон» ўтадиган ҳудудларда яшайди.
Чоршанба куни давомида Флоридадаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг тўртдан бир қисмида ёнилғи қолмаганди.
Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлиги ҳудудга миллионлаб литр сув, миллионлаб порцияда егулик, шунингдек бошқа таъминот буюмлари ҳамда қўшимча ходимлар юборган. Чоршанба куни агентлик администратори Динн Крисвелл қўшимча ёрдам «Ҳелен» тўфони оқибатларини бартараф этиш учун ажратилган ресурслардан олинмаслигини айтганди.
ДеСантиснинг сўзларига кўра, «Милтон» уларни атрофга сочиб ташламаслиги учун фавқулодда хизматлар «Ҳелен»дан қолган чиқинди уюмларини олиб ташлаш мақсадида 24 соат узлуксиз ишлаган.
У Флориданинг 70 000 дан ортиқ аҳолиси давлат бошпаналарида бўлиб турганини айтган. «Милтон» тоифаси биринчи даражага қадар туширилганига қарамай, энди шамоллар соҳилга кучли тўлқинларни олиб келиши прогноз қилинмоқда.
«Шамол кучсизланмоқда, аммо таҳдид сусайгани йўқ, — деган у. — Ёмғир миқдори ортгани сайин сув тошқинлари хавфли ортади, сиз жойингизда қолишингиз лозим. Кўчага чиқманг, ўзингизни максимал даражада ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг».
Губернатор ДеСантис Флоридада қайта тиклаш ишларига ёрдам бериши учун Миллий гвардиянинг 9000 нафар ҳарбий хизматчиси олиб келинган, шунингдек электр таъминотидаги кенг миқёсли узилишларни бартараф этиш учун 50 минг электрик сафарбар қилинган.
Қидирув-қутқарув гуруҳлари бўрон тиниши билан йўлга чиқишга ва тунда ҳам ишлашга тайёр, деган губернатор.
Оқ уй АҚШ президенти Жо Байден фавқулодда хизматлар томонидан тўфоннинг дастлабки оқибатлари тўғрисида хабардор қилинганини маълум қилган. Аввалроқ Оқ уй матбуот хизмати тўфон туфайли президент тақвимидаги Германия ва Анголага сафарларнинг бекор қилинганини маълум қилганди.
Иқлим ўзгариши «Милтон» тўфонига қандай таъсир кўрсатган?
Марк Пойнтинг, Иқлим ва атроф-муҳит тадқиқотчиси, BBC
Чоршанба куни World Weather Attribution олимлар коалицияси эълон қилган тадқиқот кўрсатишича, икки ҳафта муқаддам АҚШга ёпирилган «Ҳелен» вайронкор тўфони иқлим ўзгариши туфайли 10 фоизга кўпроқ ёғингарчилик келтирган.
Шамолнинг ҳалокатли кучида сайёранинг аста-секин исиётганининг ҳам ўз ўрни бор. Агар инсон омили туфайли юзага келган глобал иқлим исиши бўлмаганида, «Ҳелен» Флорида соҳилларига етиб келганида ундаги шамол кучи тахминан 20 км/соатга пастроқ бўлган бўларди.
Аммо Мексика кўрфази сувининг юқори қатламидаги ҳарорат бу мавсум одатдагидан юқорироқ ва бу «Ҳелен»га шундай кучга эга бўлишга имкон берган.
Тадқиқотлар кўрсатишича, сўнгги ўн йилликларда глобал иқлим ўзгариши туфайли ушбу кенгликларда денгиз ҳарорати аномал кўтарилиши эҳтимоли юзлаб мартага ошган.
Мексика кўрфази ҳали ҳам йиллик ўртача кўрсаткичдан иссиқроқ ва «Милтон» тўфони тадқиқотга таъсир кўрсатмаган бўлса ҳам, унинг вайронкор салоҳияти — кучли довуллар илиқ денгизларда анча кўпроқ юзага келишининг яна бир далилидир.
Мавзуга оид
20:53 / 11.10.2024
“Орландо ва у ердаги ўзбеклар “Милтон” тўфонидан жабр кўрмади” — Соҳиб Аббосхон
12:05 / 11.10.2024
«Милтон» тўфони: 16 қурбон, Флоридани сув босди, 3 млн уй электрсиз қолди
08:48 / 11.10.2024
Флоридадаги тўфон бир миллиондан ортиқ уйни энергиясиз қолдирди
21:48 / 10.10.2024