Жамият | 19:04 / 30.12.2022
39677
5 дақиқада ўқилади
Реклама

MJ Developers: “Namangan square”нинг дастлабки харидорларига хонадон калитлари топширилди

Президентимиз раҳнамолигида республика ҳудудлари инфратузилмасини жаҳон стандартлари даражасида ривожлантириш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ўз натижаларини бермоқда.

Фото: MJ Developers

Янги йил байрами арафасида ташкил этилган “Namangan square” лойиҳасининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда вилоят сектор раҳбарлари иштирок этиб, янги қуриб битказилган замонавий хонадон эгаларини самимий табрикладилар.

Бирлашган Араб Амирликларининг “MJ Developers” компанияси Давлатобод туманида “Namangan Premium Invest” МЧЖ номи билан рўйхатдан ўтган. Компания туманнинг Ислом Каримов кўчасида, 18 гектар майдонда “Namangan square” кўп қаватли турар жой мажмуасини ўз ичига олган ақлли шаҳарчани қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бу лойиҳа 50,0 млн доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.

“Namangan square” ақлли шаҳарчасини 2026 йилда тўлиқ топшириш режалаштирилган. Лойиҳа Давлатобод туманининг энг қулай қисмида, Наманган халқаро аэропорти ва Президент мактаби яқинида жойлашган.

“Namangan square”да голф майдони ҳам қурилади. 325 минг квадрат метрдан зиёд ҳудудда 2та тижорат ва замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаси барпо этилади. Ақлли шаҳарча ҳудудида болалар боғчаси, бошланғич ва ўрта мактаб, бизнес марказ ва замонавий меҳмонхона ҳам қад ростлайди.

Ақлли шаҳарчанинг афзаллик томонларидан яна бири шуки, бу ерда газ, электр энергияси ва сув билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.

Шу билан бирга, мазкур лойиҳа Фарғона водийсида ягона ҳисобланади. Чунки ушбу мажмуанинг 40 фоиз ҳудуди яшил майдончалардан иборат бўлади.

2019 йил охирида лойиҳа тасдиқдан ўтиб, қурилиш ишлари бошланган бўлиб, 2020 йил баҳоридан 2021 йил куз фаслига қадар мамлакатимиз ва дунёнинг жуда кўп ҳудудларидаги каби кузатилган карантин давридан кейин компания ўз ишини яна давом эттирди ва ҳозирги кунга келиб компания 9 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур лойиҳани амалга ошириш билан бирга мамлакатимизнинг қурилиш саноатига жаҳон стандартларига мос замонавий технологиялар ҳам кириб келмоқда.

Янги йил байрамолди тадбиримиз Наманган вилояти ҳокимлиги, Давлатобод туман ҳокимлиги ҳамда Мурари Лал Жалан бошчилигидаги MJ Developers компаниясининг вилоятдаги бўлими аъзолари томонидан ташкиллаштирилди.

Асосий мақсадимиз – ҳаммамизнинг гувоҳлигимизда замонавий, шинам хонадонларни ўз эгаларига топширишгина бўлиб қолмай, уни ўз вақтида ва сифатли якунлашдан иборат.

- “Namangan square”лойиҳаси якунига етишига шубҳа пайдо бўлган эди. Биз ўтган ҳафтада инвесторлар – MJ Developers компанияси вакиллари билан гаплашиб олдик. Бугун лойиҳанинг биринчи қисмини фойдаланишга топшириш маросимидамиз”, – дейди Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Давлатобод туманидаги янги уй-жой мажмуаси очилиш маросимида. “Биз лойиҳани албатта инвесторлар билан охирига етказмасдан қўймаймиз. Келгусида қолган биноларимизни ҳам тезроқ битириб, мана инвесторимиз режаси бўйича кейинги йил март ойидан бошлаб жуда катта қурилиш ишларини бошлайман, деб ваъда берди. Бу яна бир имконият. Тезлатиб ишга туширишса, фуқароларимиз ҳам бундан рози бўлишади”.

Бинода ҳозир 49 та хонадон тайёр. Улардан 14 таси бўйича шартномалар тузилди. Тадбир доирасида 4 та хонадон эгаларига уй калитлари ва ҳужжатлари расман топширилди ҳамда уларга ҳокимият ва компания томонидан совғалар топширилди.

“Гувоҳи бўлаётганингиз, Ўзбекистонда бошланган жуда кўп бетакрор лойиҳаларимиздан бири холос”, – дейди MJ Developers компанияси раиси Мурари Лал Жалан. “Мақсадимиз – мавжуд барча лойиҳаларни Наманган, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида имкон қадар тез фурсатларда, ўз вақтида ва ҳатто муддатидан олдин якунлашдан иборатдир”.

“Бундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда ва унинг кўмаги билан маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилаш учун янада катта шижоат ва ғайрат билан ишлашга ваъда берамиз”.

 

“MJ Developers” компанияси матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид