Жамият | 16:13 / 06.10.2022
27686
5 дақиқада ўқилади

“Любой” ишни биттада битиради”ган участкавой фуқаронинг “Equinox”ини дабдала қилди. Унга чора кўрилмаётгани эса шунчаки абсурд

Паст Дарғом туманида профилактика инспектори ўзи фаолият юритадиган маҳаллада яшовчи фуқаронинг “Equinox” машинасини олиб қўйиб, кўнгилхушлик қилиб юрган. Ўзини хонлардай тутадиган инспектор йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бировнинг қимматбаҳо машинасида ЙТҲ ҳам содир этади. Унинг қўли шу қадар узун эканки, сувдан қуп-қуруқ чиқади. Ваҳоланки, барча қилғилиқлари “Equinox”нинг кузатув камераларига ёзилиб қолган эди.

Воқеани ўрганган органлар “участкавой”нинг танобини тортиб қўймагани ҳам Самарқандда қонунлар ишламаётганидан дарак бермоқда.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган видеотасвирда “Equinox”ни бошқарган ИИБ ходими сониялар ичида бир нечта қоидабузарликка йўл қўйгани кўриниб турибди. Бироқ, оқибатда иккинчи автомобил - “Ваз 2107” эгаси айбдор бўлиб чиққан. “Equinox”нинг ҳақиқий эгаси эса товон пулини инспектор тўлаб беришини талаб қиляпти.

 “Ваз 2107” ҳайдовчиси Ўрол Саидов биз билан суҳбатда ўзига нисбатан адолатсизлик бўлаётганини билдирди.

Саидовнинг айтишича, у жорий йилнинг 20 январ куни 9.30 ларда “Самарқанд-Жума” йўналишида келаётиб, машинасини чап томонга бурган. Ўша вақт кутилмаганда “Equinox” келиб унга урилган ва пастликка тушиб кетган. Саидов ўша вақт чамаси етмиш метр нарида бир нечта автомобил қизил чироқда кутиб турганини кўрган. “Equinox” эса қарама-қарши ҳаракатланиб, ўша машиналарни қувиб ўтгани ва катта тезликда келгани учун кўрмаганини айтмоқда.

ЙТҲ содир бўлганидан сўнг “Equinox”дан “формали йигит” (Паст Дарғом туманидаги Манғитобод маҳалласи профилактика инспектори Салоҳиддин Пардақулов) тушган ва айбига иқрор бўлган. Зарарни тўлаб беришини айтган.

Бироқ бир неча кун ўтиб воқеалар бутунлай тескари тус олган. Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судида Ўрол Саидовнинг айби билан ЙТҲ содир этилган, деган хулосага келинган. “Equinox”га етказилган 62,5 миллион сўм зарарни Саидов тўлаб бериши кўзда тутилган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Профилактика инспектори бу пайтга келиб ҳамма айбни Саидовнинг бўйнига ағдарган.

Саидов ИИБ ходими Пардақуловнинг бир кун аввал спиртли ичимлик истеъмол қилганини тасдиқловчи гувоҳлар, ЙТҲ содир этилгунга қадар ҳам бир нечта қоидабузарлик қилганини исботлаб турган тасвирлар суд жараёнларида инобатга олинмаётганидан норози бўлмоқда.

Воқеанинг ўзига хос томони шундаки, “Equinox”нинг асл эгаси бўлган Фозил Нормуродов суд қарорига кўра Ўрол Саидовдан зарарни ундириб олишни истамаяпти. У биз билан суҳбатда инспектор Пардақулов ЙТҲдан бир кун аввал унинг ўғли Мансурдан Самарқанд шаҳрига олиб боришни сўраганини айтмоқда. Шаҳарда улар биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилган ва инспектор унинг ўғлини қолдириб, машинани ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳайдаб кетган.

Машина видеорегистраторига тушиб қолган тасвирларда профилактика инспектори бир нечта жойда тўхтайди. Номаълум шахслар билан суҳбатлашиб, Паст Дарғом туманида ишлаш унга қулайлиги, ҳудудда таниш-билиши кўплиги, исталган ишни биттада битириши билан мақтанади.

Бир сутка давомида “Equinox” Пардақуловнинг хизмат уйида қолади. Эртаси куни, ЙТҲ содир бўлишидан олдин ҳам светофорлардан “қизил”да ўтади. Натижада, автомобиллар тўқнашувидан олдин ҳам қарама-қарши томонга ўтиб газни босади ва фалокатга сабабчи бўлади.

“Equinox”нинг эгаси Фозил Нормуродов ҳодиса жойига етиб борганида инспектор Пардақулов орган ходими бўлган танишларини чақираётганига гувоҳ бўлган. Ўша пайтдаям ундан спирт ҳиди келиб турганини айтмоқда. Нормуродов машинасини ҳужжатсиз бошқарган инспектордан ЙТҲ пайтида рулда ўтиргани бўйича тилхат талаб қилади. “Мен формадаги одамман, бундай қилолмайман. Камерага ҳам тушишим мумкин эмас”, — дея эътироз билдиради. Айб ўзидан эканлигини тан олиб, машина эгасига ҳам зарарни қоплаб беришни бўйнига олади.

Инспектор Пардақулов ўзининг хатти-ҳаракатлари автомобил видеокамерасига тушиб қолганини билмайди ёки бу нарса унинг хаёлига келмайди. Натижада фалокатдан сўнг Нормуродов видеоёзувларни машинасидан ечиб олади ва асл ҳолат яна ҳам ойдинлашади.

Фозил Нормуродов ушбу воқеага қадар “Ваз 2107” ҳайдовчиси Ўрол Саидовни ҳеч қачон кўрмагани, уни танимаслигини айтмоқда. “Бироқ асл ҳақиқатни кўра туриб, бир бечорага жабр қилишни истамайман. Давлат одами бу даражада қонундан устун бўлишига ҳам тоқат қилмайман. Менинг инспекторда ҳам эски адоватим йўқ, мард бўлиб зарарни қоплаб бериши керак”, деди у.

Икки томон ҳам энди Олий судга мурожаат қилиб, ҳақиқат қарор топишига умид билдираётганини айтиб ўтди.

Биз профилактика инспектори Салоҳиддин Пардақулов ҳозирги вақтда қаерда ишлаётгани билан қизиқдик. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, у ҳозир бошқа маҳаллага кўчирилган ва инспектор вазифасини давом эттирмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид