Ўзбекистон | 10:51 / 15.11.2022
21330
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 4 та автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Тошкент шаҳрида тўрт автомобил - Equinox, Mercedes-Benz, Lada Vesta ва Nexia иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса оқибатида Equinox автомобили ағдарилиб кетган, унинг ҳайдовчисига тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Йўл четида турган Nexia автомобилининг олд ва орқа қисми пачақ бўлиб кетган.

Фото: ЙҲХХ

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Юнусобод туманида «қимматбаҳо» автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Амир Темур кўчаси, ТАТУ университети қаршисида 4 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, 14 ноябр куни соат 21:10 ларда Тошкент шаҳар Амир Темур кўчаси ТАТУ университети қаршисида 2000 йилда туғилган ҳайдовчи А.К. бошқарувидаги Lada Vesta, 1993 йилда туғилган ҳайдовчи Л.М. бошқарувидаги Equinox, 1998 йилда туғилган ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги Mercedes-Benz, йўл четида тўхтаб турган Nexia (ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилмоқда) автомобиллари иштирокида тўқнашув содир бўлди», дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида Equinox автомобили ағдарилган. Автомобил ҳайдовчисига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Интернетда тарқалган видеода Nexia жиддий шикастланганини кўриш мумкин. Унинг ичида одам бўлмаган. Mercedes-Benz ҳам пачоқ бўлган.

ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид