Болгарияда аҳолини эмлашдаги хатолар 10 минг кишининг ўлимига сабаб бўлгани айтилди
Болгарияда аҳолини коронавирусга қарши эмлашнинг нотўғри ташкиллаштирилгани 10 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда экспертлар берган маълумотларга таяниб, Болгария соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажараётган Стойчо Кацаров маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг бундаги энг катта хатоси эмлаш дастурида катта ёшлилар ва сурункали касалликларга эга кишиларга устуворлик берилмагани ҳисобланади.
“Мутахассисларнинг фикрича, бу пандемиянинг иккинчи тўлқини вақтида 10 мингга яқин ўлимга олиб келди. Бу ҳаётлар сақлаб қолиниши мумкин эди, чунки вирусдан вафот этганларнинг 80 фоизи кекса ёшлилар бўлган. Шу сабабли барча давлатларда, Болгариядан ташқари, эмлашда устуворлик кекса ёшли аҳолига берилмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Кацаров.
Вазир ҳукумат йўл қўйган иккинчи хато эмлаш учун танланган вакцина эканини айтган. У республикада Европа иттифоқида қўллаш учун рухсат берилган Pfizer, Moderna ва Janssen компаниялари вакциналари ўрнига AstraZeneca вакцинаси маъқул топилганини яна бир хато сифатида таъкидлаб ўтган. Ушбу вакцинани етказишдаги кечикишлар сабабли мамлакат феврал охиригача бор-йўғи 200 минг кишинигина эмлай олган.
Кацаровнинг таъкидлашича, учинчи хато эса вакцинани етказишда ёмон ташкиллаштирилган логистика ҳисобланади. У эмлаш дастуридаги хатоларни ҳаялламай тўғрилаш кераклигини айтган. “Болгария катта ёшли аҳолини қурбон келтирди. 5 ой давомида биз асосан ёшларни ва фаол одамларни эмладик. Аҳолининг энг заиф гуруҳларини ҳимоялаш жараёни эса тўлиқ тўхтаб қолди”, деб айтган вазир.
Болгарияда айни вақтда аҳолининг 16 фоизи эмланган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича Европа иттифоқида охирги ўринни эгалламоқда.
Мавзуга оид
12:50 / 28.10.2024
Болгария парламентига сайловларда ФБЕТ - ДКИ блоки етакчилик қиляпти
00:21 / 10.09.2024
Болгария ҳудудий сувларида 13 та давлат иштирокида ҳарбий ўқувлар ўтказилади
12:16 / 10.06.2024
Болгария парламентига сайловларда ғарбпараст блок ғалаба қозонди
12:10 / 02.03.2024