Жаҳон | 00:21 / 10.09.2024
2460
2 дақиқада ўқилади

Болгария ҳудудий сувларида 13 та давлат иштирокида ҳарбий ўқувлар ўтказилади

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг олтита флотига қўмондонлик қилувчи вице-адмирал Томас Ишининг қўшимча қилишича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли Қора денгизда 105 та денгиз минаси топилган бўлиб, натижада камида бешта кемага шикаст етган.

Фото: Report.az

Болгария ҳудудий сувларида 13 давлат вакиллари иштирокида Sea Breeze халқаро ўқувлари бўлиб ўтади.

«Ўқувларнинг асосий мақсади — сузувчи ва сув тубидаги миналарга қарши курашиш бўйича тактик ҳаракатлар ҳамда усулларни синаб кўришдан иборатдир», — дейди Болгария Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони контр-адмирал Кирилл Михайлов. 

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг олтита флотига қўмондонлик қилувчи вице-адмирал Томас Ишининг қўшимча қилишича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли Қора денгизда 105 та денгиз минаси топилган бўлиб, натижада камида бешта кемага шикаст етган.

«Мақсадимиз мамлакатларнинг биргаликда ишлаш қобилиятини яхшилаш ва бундай ўқ-дориларни йўқ қилишда турли хил тактикаларни қўллашидан иборат. Давлатларнинг ҳар бири сузувчи миналарни топиш ва уларни зарарсизлантириш бўйича ўз усулларини намойиш этади. Айрим операциялар қирғоқда ўтказилади», — дейди Америка қўмондони.

Маълум қилинишича, сентябр охирида миналарга қарши гуруҳнинг навбатдаги 10 кунлик ўқувлари бошланади ва унда Туркия ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Шундан кейин ноябр ойида гуруҳ «Посейдон» ўқувларида қатнашади ва ўз фаоллигини Руминиянинг Констанца портида ўтказиладиган жараёнлардаги иштироки билан якунлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 11 январида Туркия, Руминия ва Болгария ўртасида Қора денгизда миналарга қарши ҳарбий-денгиз гуруҳини яратиш бўйича меморандум имзоланган эди.

Мавзуга оид