11:44 / 02.05.2024
7089

«Асакабанк» хусусийлаштирилади

Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент халқаро инвестиция форумида маълум қилишича, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди. Айни дақиқаларда ялпи сессияда президент нутқ сўзламоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари банк-молия соҳасига тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда мамлакатда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозорга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.

Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистонда халқаро молиялаштириш инструментларини ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. 

“Хорижий сармоялар оқими бир неча баробар ортиши, корпоратив бошқарув сифати ошиши, янги етакчи банк-молия институтлари кириб келишини кутиб қоламиз”, - деди президент.

Top