Президент Шавкат Мирзиёев «Инно» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда 36 та олийгоҳ ректори қатнашди. Олийгоҳлар фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чеклангани, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалга ошмай қолиб кетаётгани қайд этилди. Олийгоҳ билан саноат ўртасида узилиш борлиги қайд этилди, ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмаётгани, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмаётгани, ҳоким ва вазирлар эса ўртада кўприк бўлиб, буни ташкиллаштирмаётгани ҳақида қатъий эътироз билдирилди.
Қайд қилинишича, техника олийгоҳларида йўналиш ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабларига мос эмас. Масалан, Давлат техника университетидаги 76 та бакалавр йўналишидан 45 таси, 73 та магистратура мутахассислигидан 51 таси бугунги кунда етакчи хорижий техника олийгоҳларида ўқитилмайди. Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишида ишламаяпти.
Бу йил муҳандислик олийгоҳларини «енгил саноат конструкцияси» йўналишида Бухорода – 86 нафар, Жиззахда – 117 нафар, Сурхондарёда – 56 нафар, Фарғонада – 126 нафар, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 153 нафар талаба битирмоқда. Ҳокимлар ўз ҳудудида аниқ мутахассисга шунча эҳтиёж бўла туриб, ректорлар билан ишламаётгани, олийгоҳларга буюртма бермаётгани танқид қилинди.

Бугунги кунда бутун дунёда саноатда таннархни камайтириш масаласи жуда долзарб. Хорижий олийгоҳларда “таннарх муҳандислиги” (кост инжиниринг) деган фан бор, ҳатто кадрлар тайёрланади. Ёки, “қиёслаш муҳандислиги” (бенчмаркинг) орқали энг яхши амалиёт ва ютуқлар таҳлил қилиниб, улардан андоза олиб, ишлаб чиқаришда жорий қилиш ўргатилади. “Қайта муҳандислик” (реверсив инжиниринг) тайёр маҳсулотни олиб, ишлаш механизмини бўлакларга бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда, ўхшаш маҳсулот яратишни ўргатади. Президент бирорта техника олийгоҳида буларга ўқитиш йўлга қўйилмаганини афсус билан қайд этди.
Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур.
Охирги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар, яъни 9 фоиздан 42 фоизга ошгани билан ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда пастлиги қайд этилди. 2023 йил сўровномасида атиги 8 фоиз мактаб битирувчиси шу соҳани танлаган.
















