Ўзбекистон | 22:43 / 30.10.2023
17969
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоят ССБ бошлиғи тиббиёт ходимларига ҳашарга чиқиш бўйича топшириқ берди 

Telegramʼда тарқалган аудиода Улуғбек Абдуғаниев вилоятда икки кунлик ҳашар эълон қилингани, шу муносабат билан ҳашарда барча тиббиёт ходимлари қатнашиши шартлигини айтади. У Kun.uz билан суҳбатда аудио ҳақиқийлигини тасдиқлади. 

“Тошкент вилоятида бугун, эртага ҳашар эълон қилинган ва вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасаси ҳудудида ходимлар билан ҳашар ташкил қилиб, барглар бўладими, “мусор” бўладими, нарсалардан тозалаб, ҳудудларингни тозалашларингни сўрайман.

Вилоят раҳбарлари худудларда айланиб, жойларда рейдлар ўтказмоқда. Уялтириб қўймаслик учун бугундан, мана, иш вақтидан кейин ва эрталаб умумҳашар”, – дейилади тарқалган аудиода.

Улуғбек Абдуғаниев

Улуғбек Абдуғаниевнинг ушбу топшириғи баъзи тиббиёт бўлими раҳбарларида эътироз уйғотган бўлиши мумкин. Жумладан ССБ бошлиғи ўзининг кейинги смс хабарида шундай эътирозларга қуйидагича жавоб беради:

Ассалому алайкум уртоклар дустлар! Гапим Ахмаджон ва унга ухшаб негатив фикр билдираётган дустларимга (агар сизларни дуст дейиш мумкин булса, вахолангки бунга лойик булмасангиз хам)! Канча вактдан бери кузатаман, куёш чикса хам негатив, мушук тугса хам негатив фикр берасиз! Озми-купми шу Давлат сизни одам килди, укитди, устингизга ок халат кийдирди, мана энди халол килиб оилангизга лукма ташийдиган булдингиз! Инсонда озгина ватанпарвалик, халкпарварлик хисси булиши керак, узи ишлаётган жойга мехри булиши керак, субботник иш жойида дейиляпти, тилим бор деб калтафахм гапларни гапираверишга хожат йук! Мансабда, узгарибди деган гапларни гапириш сизга эмас, сизга ёкмаса баъзи циркуляр мушакларингизни харакатга келтириб фикр билдирмасангиз хам сиздан хеч ким талаб килмайди! Ишхона хам оиладай гап, жамоа, мехр деган нарсалар бор, узингизга карашли территорияга чикиб битта дарахт экинг, тозаликка эътибор килиб куйинг, шунда куч тилингизга эмас кулингизга боради! Вакти келади бу ишларни килишга хожат колмайди, шугулланадиган инсонлар булади, лекин бугун биз коллектив билан булишимиз керак! Гапларим кимгадир ёкмаса узр сурайман!

Улуғбек Абдуғаниевга тегишлилиги айтилган аудио тармоқларда тарқаларкан, у фойдаланувчиларнинг эътирозлари ва “мажбурий меҳнат қайтяптими?” – мазмунидаги саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбири Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев билан боғланди ва ҳолат юзасидан изоҳ олди.

Абдуғаниев мухбир билан гаплашаркан, вилоят ва туманлардаги соғлиқни сақлаш ходимларини ҳашарга жалб қилишни мажбурий меҳнат деб ҳисобламаслигини маълум қилди.

“Ҳар бир ҳудудда куз-қишга тайёргарлик, шанбалик, ахлатдан тозалаш, кўчат экиш ва бошқа ишларни амалга оширсин, деб топшириқ берганман. Уни қандай талқин қилишаётганидан эса хабарим йўқ. Йўқ, бу мажбурий меҳнатга кирмайди. Муҳтарам президентимизнинг ўзлари айтдилар. Мактаб, шифохона ҳудудида тозалаш ишларини олиб бориш қандай қилиб мажбурий меҳнатга киради? Ҳеч ким уларга кўчага чиқиб ишла деяётгани йўқ-ку”, – деди Улуғбек Абдуғаниев.

ССБ бошлиғи шунингдек, мактаб ва тиббиёт бирлашмалари ҳудудини тозалаш ўқитувчи ва шифокорларнинг функционал вазифасига кирадими, дея берилган саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Бундай ишлар ҳамшира ва ўқитувчиларнинг касбий вазифасига кирмайди, аммо ходимларнинг жамоа шартномасида уларнинг жамоавий, оммавий тадбирларда қатнашиши кераклиги Касаба уюшмалари ва бошқалар томонидан кўрсатилади. Ходимлар кўча тозалашга жалб қилинаётгани йўқ-ку. Ҳар бир ташкилот ҳудудида бўлимлар ободонлаштирадиган, қараб турадиган ҳудудлари бор, ўша жойларга масъул қилиб белгилаб қўйилган”, – деди у.

Мавзуга оид