Ўзбекистон | 19:00 / 24.10.2024
2059
2 дақиқада ўқилади

Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнатга оид 283 та мурожаат келиб тушди

Мавсум давомида 350 нафардан ортиқ меҳнат инспектори мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан 22 мингта ташкилот, фермер хўжалиги ва далада мониторинг ўтказган.

Фото: Kun.uz

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Абдусамад Абдукаримов берган маълумотга кўра, ишонч телефони ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мажбурий меҳнат ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 283 та мурожаат келиб тушган.

Қайд қилинишича, шундан 26 таси мажбурий меҳнатга жалб қилинганлик, 27 таси муносиб меҳнат шароитлари яратилмагани, 219 таси терим пуллари ўз вақтида берилмаётгани ва 1 кг қўлда териладиган пахтанинг нархи тўғрисидаги мурожаатлардир.

Таъкидланишича, мавсум давомида 350 нафардан ортиқ меҳнат инспектори мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан 22 мингта ташкилот, фермер хўжалиги ва далада мониторинг ўтказган.

Ўрганишлар давомида 37 та мурожаат қаноатлантирилган, 200 га яқин мурожаат бўйича теримчилар ва иш берувчиларга тушунтириш берилган, 35 та мурожаат ўз тасдиғини топмаган.

Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, 13 та фермер хўжалиги раҳбарига ёзма кўрсатма, 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид