Ўзбекистон | 18:20 / 02.11.2021
8299
3 дақиқада ўқилади

Йилига 80 мингтадан хонадон қуришимиз зарур – президент

Мамлакат аҳолиси келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилаётгани, турар жойга бўлган талаб қондирилиши зарурлиги қайд этилди.

2 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш ҳамда экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси муҳокама қилинди.

«Бу икки масала ҳам жуда муҳим. Икки соҳада ҳам кўп йиллар давомида муаммолар йиғилиб қолган. Партиямиз «Инсон қадри учун» учун шиори билан чиқди, сайлов олдидан кўп ваъдалар бердик. Одамлар сайловларга умид билан чиқишди, келгуси 5 йилда яхши, халқчил лойиҳалар кутишяпти.

Бугунги икки масаланинг барчаси жойлардаги раҳбарларга боғлиқ. Сабаби, зарур пуллар ажратилди, уйлар қурилиши билан ипотека дастури ҳам яратилди.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақам олдинги йилларга солиштирганда 10 мартадан ҳам кўп. Бу кўп албатта, лекин етарли бўлмаяпти.

Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилмоқда, аҳолимиз келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилмоқда. Мисол учун, сўнгги 30 йилда Наманган, Термиз ва Хонобод шаҳарлари аҳолиси 2 бараварга, Қарши, Жиззах, Марғилон, Нукус, Андижон, Зарафшон ва Қувасой аҳолиси 1,5 бараварга ўсган.

Самарқанд ва Наманган шаҳарлари аҳолиси 1 миллиондан ошади. Буларни инобатга олиб, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуришимиз зарур.

Айтиш жоизки, жойлардаги сайловолди учрашувларида ҳар бир ҳудудда барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш, бу орқали келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд хонадонлар қуришни режа қилганмиз.

Энг аввало, «Янги Ўзбекистон массивлари» комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилади. Бу нима дегани? Бунда ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид