Ўзбекистон | 12:41 / 21.09.2021
5052
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда виза масаласида муаммоларга дуч келаётган афғонистонлик тадбиркорлар вилоят ҳокимига мурожаат қилишди

Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик билан шуғулланаётган афғонистонлик тадбиркорлар виза масаласида муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳақда афғонистонлик инвесторлар вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашганда маълум қилишган.

Маълум қилинишича, Тўра Боболов Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган афғонистонлик инвесторлар билан учрашиб, уларнинг таклиф, ғоя ва муаммоларини тинглаган. Вилоят ҳокими афғонистонлик сармоядорларга қўшни давлатдаги вазият ҳақида атрофлича маълумот берган. Очиқ мулоқотда қўшни мамлакат сармоядорларининг 55 та масаласи тингланиб, ечимини топиш йўллари изланган.

Қайд этилишича, учрашувда 46 нафар афғонистонлик тадбиркор виза олишни, муддатини узайтиришни, бир нафари яшаш ҳуқуқини беришни сўраб мурожаат этган. Бир тадбиркор боғ учун сув муаммоси пайдо бўлгани учун, беш нафари зироат етиштириш учун ер олиш масаласида ёрдам сўраган. Ечими вақт талаб этадиган масалалар бўйича аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинган.

Вилоят ҳокими афғонистонлик тадбиркорларга Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатилгани, муваққат ҳукумат вакиллари билан учрашув ўтказилгани, Ўзбекистон янги ҳукумат билан иқтисодий-савдо, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори эканини тушунтирган. Шунингдек, у виза масаласидаги муаммолардан хабардор эканини, бу масаланинг сабаблари борлигини ва буни соҳа ходимлари батафсил тушунтириб беришини маълум қилган.

Бундан ташқари, Тўра Боболов афғонистонлик тадбиркорларнинг Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратиб берилгани ва бундан кейин ҳам уларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.

Таъкидланишича, афғонистонлик тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Отабек Чориев иштирок этган.

Маълумот учун, Сурхондарёда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида 340 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда

Мавзуга оид