Жаҳон | 14:14 / 04.06.2025
1568
9 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда янги президент, ёрдам марказларига келганларни отаётган Исроил ва қурол арсеналини тўлдираётган АҚШ – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазода ҳуманитар ёрдам олаётган одамлар яна ўққа тутилди

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ёрдам тарқатиш пункти яқинида ўт очди. Ҳамас назоратидаги анклав соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил мудофаа армияси ҳарбийлар огоҳлантирувчи ўқларга жавоб бермаган шубҳали одамларга қарата ўқ узганини маълум қилган.

Ғазо сектори фуқаролик мудофааси хизмати вакили Маҳмуд Бассалнинг таъкидлашича, исроиллик ҳарбийлар гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга танк ва дронлардан ўқ узган. Якшанба куни Ҳамас назорати остидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги худди шу жойда Исроил зарбалари оқибатида 31 киши ҳалок бўлгани ва 200 га яқин киши жароҳатланганини маълум қилганди.

Ўшанда ЦАХАЛ ҳарбийлар фаластинликларга қарата ўқ узганини рад этиб, аскарлар уларга яқинлашиб келаётган одамлар томонидан таҳдидни сезганларида огоҳлантирувчи ўт очганини айтганди. Энди эса Исроил мудофаа кучлари ҳарбийлар ёрдам тарқатиш пунктидан тахминан ярим километр узоқликда «шубҳали шахслар» аниқлаганидан сўнг ўт очганини айтмоқда.

Sanad – фактларни текширувчи агентлик томонидан тасдиқланган видеода кўплаб ярадорларнинг шифохонага олиб келингани акс этган. Ғазо ҳукумати ахборот хизмати Исроилни «қўрқинчли, атайлаб такрорланаётган жиноят»да айблади. Исроил очликдан азоб чекаётган фаластинликларни ҳуманитар ёрдам марказларига чорлаб, кейин уларга ўқ узаётганини билдирди. Ушбу марказлар Исроилнинг 11 ҳафталик тўлиқ блокадасидан кейин очилган бўлиб, БМТ ва бошқа ҳуманитар ташкилотлардан ёрдам тарқатиш вазифасини деярли тўлиқ ўз зиммасига олган.

Уларнинг маълумотига кўра, сўнгги кунларда ёрдам тарқатиш нуқталарида ўлдирилганларнинг умумий сони 102 кишига, яраланганлар эса 490 кишига етган. БМТ 2 июнь куни Ғазода ёрдам излаб келганларга ўқ узилишлар бўйича мустақил тергов ўтказилишини талаб қилди.

«Одамларнинг озиқ-овқат учун ҳаётини хавф остига қўйиши — бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Мен бу воқеаларни зудлик билан мустақил тергов қилишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қиламан», — деди БМТ бош котиби Антонио Гутерриш.

Ҳолатга гувоҳ бўлган Al Jazeera мухбири сешанба кунги отишмалар ҳақида шундай деди:

«Гувоҳлар бу ерда тўлиқ тартибсизлик бўлганини айтишди. Исроил кучлари тасодифий равишда фаластинликларга ўқ узган, квадрокоптерлар ва жанговар ўқлар ишлатилган. Худди олдинги икки кун каби яна қон тўкилди, ёрдам марказлари атрофида доимий тартибсизлик ҳукм сурмоқда. Ҳеч қандай тизим йўқ. Озиқ-овқат олиш учун шунчаки биринчи бўлиб югуриш керак».

Трамп Путин ва Зеленский билан саммитга тайёр

АҚШ президенти Доналд Трамп Туркиядаги тўғридан тўғри музокараларнинг учинчи раунди доирасида Россия президенти Владимир Путин ва Украина етакчиси Володимир Зеленский билан учрашишга тайёр. Бу ҳақда Вашингтонда Оқ уй матбуот котиби маълум қилди.

Трамп «агар гап бу нарса (саммит) ҳақида кетса, бунга очиқ, бироқ (биринчи навбатда) у бу икки етакчи ва ҳар икки томоннинг музокаралар столига ўтиришини истайди», — деб таъкидлади у. Аввалроқ Ражаб Тоййиб Эрдўған – Путин, Зеленский ва Трампга июн ойи охирида Туркияда учрашишни таклиф қилганди.

Туркия вазирлар маҳкамаси йиғилишидан сўнг сўзлаган Эрдўған бундай учрашув унинг «энг катта орзуси» бўлишини айтди. «Ҳатто Трампни таклиф қилмоқчиман», — дея Туркия раҳбарининг сўзларини келтиради Anadolu. Туркия етакчисининг қўшимча қилишича, агар етакчилар Туркияда йиғилса, у «улар билан ҳам шу форматда учрашади», «Истанбулни дунёнинг марказига айлантира оламиз».

Жанубий Кореяда янги президент сайланди

Мухолиф «Тобуро» демократик партияси номзоди Ли Чжэ Мён Жанубий Кореянинг янги президентига айланади.

Yonhap агентлигининг хабар беришича, бюллетенларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, фуқароларнинг 49,4 фоизи Ли Чжэ Мёнга овоз берган. Консерватив партиядан унга рақиблик қилган номзод Ким Мун Су эса сайловчиларнинг 41,5 фоиз қўллаб-қувватловини тўплади.

Ким Мун — аллақачон «халқ танловини итоаткорлик билан қабул қилиши»ни айтиб, рақибини табриклади.

Ли халқ олдида илк нутқида Пхенян билан ҳамкорлик ва мулоқот орқали хавфсизлик, тинч-тотув яшашни таъминлаш, шунингдек Корея яриморолидаги қўшнисини ҳарбий жиҳатдан тийиб туришга ваъда берди.

Шунингдек, янги президентининг режалари қаторида меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилиш, пенсия ёшини ошириш ва ота-оналар учун ижтимоий солиқ чегирмалари бор.

Жанубий Кореяда президентлик сайловлари муддатидан олдин ўтказилди. У олдинги давлат раҳбари Юн Сок Ёл давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниб, мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилган ва парламент ваколатларини тўхтатиб қўйганди. Ўз навбатида парламент ҳарбий ҳолатни бекор қилди ва импичмент жараёнини бошлади.

Декабрда парламент Юн Сокни лавозимдан четлатди. 2025 йил 4 апрелда эса ушбу қарорнинг қонунийлиги Конституциявий суд томонидан тасдиқланди. Ҳозирда Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёл тергов остида.

АҚШ қурол арсеналларини мисли кўрилмаган даражада тўлдирмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон ўзининг қурол-яроғ арсеналини мисли кўрилмаган даражада тўлдираётганини таъкидлади.

«Ҳарбий етакчиларимиз билан ҳозиргина ажойиб суҳбат бўлди. Бу бизда мавжуд бўлган энг кучли армия, жумладан, қурол-яроғни мамлакатимиз ҳеч қачон кўрмаган даражада тўплаётганимизга алоқадор», деб ёзади АҚШ етакчиси ўз ижтимоий тармоғида. «Умид қиламанки, биз уларни ҳеч қачон ишлатишимиз шарт бўлмайди!» — дея қўшимча қилди у.

Май ойида Ню-Йоркдаги АҚШ ҳарбий академиясида чиқиш қилган Трамп – гипертовушли ракеталар ишлаб чиқилгани ва уларни «катта миқдорда» ишлаб чиқариш бошланганини айтганди. 2024 йил 12 декабрда эса Пентагон - АҚШ армияси ядровий зарядсиз гипертовушли ракета муваффақиятли учирилганини хабар қилган.

АҚШ Суриядаги 7 та ҳарбий базасини ёпади

Вашингтоннинг Анқарадаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Томас Баррак АҚШ Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартираётганини тасдиқлади. Америка ҳукумати мамлакатдаги саккизта ҳарбий базадан фақат биттасини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.

«Саккизта базадан бештага ўтдик, кейин эса учтага. Охир-оқибат биттага ўтамиз», — дейди Баррак. Сўнгги ҳафтада АҚШнинг 500 нафарга яқин аскари Суриядан олиб чиқилган. Fox News’нинг америкалик амалдорларга таяниб ёзишича, базаларнинг учтаси «Сурия демократик кучлари»га берилган ёки ёпилган.

Сурияда режим алмашиб ва Аҳмад аш-Шаръа ҳокимият тепасига келгач, АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Дамашқ билан муносабатларни яхшилаш ниятида эканини маълум қилди. У Сурияга «буюклик учун имконият» бериш мақсадида мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилишни буюрди. 29 май куни Дамашқда 13 йиллик танаффусдан кейин АҚШ элчисининг қароргоҳи яна иш бошлади.

ЕИ ва АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилди

Европа Комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен Берлинда америкалик сенатор Линдси Грэм билан Россияга қарши санкцияларни янада кучайтириш масаласини муҳокама қилди. Брюсселдаги идора раҳбари «тез орада» у «санкциялар ва бу масала бўйича АҚШ билан ҳамкорликда келишилган нарса» ҳақида хабар беришига умид қилмоқда.

Фон дер Ляйеннинг – ҳозирда Европа Иттифоқи тўрт йилдан бери Украинага қарши кенг кўламли уруш олиб бораётган Россияга қарши 18-санкциялар пакетини тайёрлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу «қаттиқ санкциялар, жумладан, Россия хом нефтининг максимал нархини пасайтириш»ни назарда тутади. Бундан ташқари, «Шимолий оқим» газ қувури инфратузилмаси ва Россия банк секторига оид чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда.

«Агар бу қадамлар АҚШ чоралари билан биргаликда амалга оширилса, бу бизнинг санкцияларимизнинг умумий таъсирини кескин оширади. Россияга босим ишлаяпти, чунки Кремл бошқа ҳеч нарсани тушунмайди», деб таъкидлади у. АҚШ сенатори Грэм келаси ҳафта янги санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини Сенатга тақдим этиш ниятида. ЕИнинг аввалги санкциялар пакети май ойида киритилган ва бошқа нарсалар қатори Россиянинг «соядаги» флотига қарши чораларни ҳам ўз ичига олган эди.

Мавзуга оид