Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ расмийлари: Агар урушга қўшилсак, Эрон АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилишга тайёр

АҚШ разведка ҳисоботларини кўриб чиққан америкалик расмийларга кўра, Эрон АҚШ Исроилнинг урушига қўшилса, Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига зарба бериш учун ракеталар ва бошқа ҳарбий жиҳозларни тайёрлаган. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларига таяниб New York Times нашри хабар бермоқда.

АҚШ шу кунларда Европага тахминан 30 дан ортиқ ёнилғи қуйиш самолётларини юборган. Бу самолётлар АҚШ базаларини ҳимоя қилувчи қирувчи самолётларга хизмат қилиши ёки Эроннинг ядровий иншоотларига ҳужумда қатнашувчи бомбардимончи самолётлар парвоз масофасини кенгайтиришда ишлатилиши мумкин.

Исроил Эрон билан можаро фонида Оқ уйга расмийлар орасида уруш кенгайиши бўйича хавотирлар ортмоқда. Агар АҚШ Исроил ҳарбий кампаниясига қўшилиб, Эроннинг муҳим ядровий иншоотига зарба берса, Эрон билан иттифоқдаги ҳусийлар Қизил денгизда кемаларга ҳужумларни қайта бошлаши деярли аниқ. Бундан ташқари, Ироқ, Ливан ва Суриядаги Эроннинг прокси гуруҳлари АҚШ базаларига ҳужум қилишга уриниши мумкин. АҚШ Яқин Шарқдаги базаларда жойлашган ҳарбийларини юқори тайёргарлик ҳолатига келтирди, бу ҳудудда жами 40 мингдан ортиқ АҚШ аскарлари бор.

Бошқа расмийлар айтишича, ҳужум юз берса, Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий кемаларини ҳаракатсизлантириш мақсадида Ҳўрмуз бўғозини миналаши мумкин.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий душанба куни берган баёнотида: «Душманларимиз ҳарбий зарбалар орқали бизга таъсир ўтказа олмайди ва Эрон халқига ўз буйруқларини бера олмайди», – деганди. АҚШ расмийларига кўра, Эрон минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бериш учун узоқ тайёргарликка муҳтож эмас. Эрон ҳарбийлари Баҳрайн, Қатар ва БАА ҳудудларига осон етиб борадиган масофада ракета базаларига эга.

Агар АҚШ урушга қўшилса, энг эҳтимолий сценарий – АҚШнинг B-2 туридаги махфий бомбардимончи самолётлари томонидан, Фордо тоғ остидаги иншоотига кириб боришга мўлжалланган «MOP» («Massive Ordnance Penetrator») бомбаси ёрдамида ҳужум уюштирилишидир. Фордога уюштириладиган зарба Эроннинг ядровий салоҳиятига қанча зарар етказиши ёки қурол ишлаб чиқишини қанча муддатга кечиктириши ҳозирча номаълум. Эрон ҳозирда бойитилган уранни мамлакатдаги турли жойларда туннель ичида сақламоқда.

АҚШ томонидан ёки унинг ёрдамида Фордога уюштириладиган ҳар қандай зарба Эрон ва унинг иттифоқчиларига жавоб бериш учун баҳона бўлади. Эрон ва иттифоқчилари илгари ҳам АҚШга зарар етказа олган.